Ўзбекистон | 16:22 / 06.03.2024
42581
7 дақиқада ўқилади

Машинанинг тезликни кўрсатувчи стрелкаси: нега у жиддий аварияларда сўнгги кўрсаткичда қотиб қолади?

Жиддий йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлганда аксарият ҳолларда машиналарнинг спидометрдаги тезлик кўрсатувчи стрелка қотиб қолади. Бу ҳолатга кўпчилик гувоҳ бўлган, лекин тезлик стрелкаси нега сўнгги кўрсаткичда қотиб қолиши ҳақида билишмайди. Хўш, нега бундай бўлади?

Фото: Kun.uz

2024 йил 29 феврал тонги нохуш хабар билан бошланди: Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирида соатига 197 километр тезликда ҳаракатланган Tracker машинаси автобус билан тўқнашди. Оқибатда, унинг 18 ёшли ҳайдовчиси вафот этди.

Хабар тарқалгач, кўпчиликда савол туғилди, ЙПХ ходимлари ва бошқа мутахассислар Tracker машинасининг соатига 197 километр тезликда ҳаракатланганини қаердан билишди?

Жавоб оддий эди: Tracker’нинг спидометридаги тезликни кўрсатувчи стрелка шу рақамда қотиб қолганди.

Бу мақолада нега аварияга учраган машинанинг спидометри қайсидир рақам устида қотиб қолади ва ўша рақам чиндан ҳам унинг охирги тезлигини кўрсатадими, деган саволга жавоб излаб кўрамиз.

Стрелка қотиб қоладими?

Ҳа, жиддий ва оғир оқибатларга олиб келган йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлганда аксарият ҳолларда машина спидометридаги тезлик кўрсаткичи қотиб қолади.

Хўш, нега у қотиб қолади? Бунга асосан ЙТҲ чоғида машинани электр токи билан таъминловчи симларнинг ишдан чиқиши ёки машина двигателининг кескин тўхтаб қолиши сабаб бўлади.

Масалан, машина ҳаракатланиб кетаётганда фавқулодда вазият содир бўлиб, электр таъминоти бирданига узилса спидометр ишлашдан тўхтайди ва стрелка қайси рақам тепасида бўлса, ўшанда қотиб қолади.

Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда машинанинг электр симларига зарар етмасаю, двигател кескин равишда ишлашдан тўхтаса бу ҳам тезлик кўрсаткичининг қотиб қолишига сабаб бўлади.

Шундай ҳолатларда ЙТҲни ўрганаётган орган ходимлари тезлик кўрсаткичи қотиб қолган рақамларга қараб «авария»дан аввал машина соатига неча километр тезликда ҳаракатланиб келганини, кўпгина ҳолларда авария сабабчисини шунга қараб аниқлашади.

«Авария»дан сўнг қотиб қолган тезлик кўрсаткичи кўрсатиб унинг кўрсаткичига ишонса бўладими? Мутахассисларнинг аксарияти ишонса бўлади, дейишади. Чунки тезлик кўрсаткичи соатига 2-3 километрга адашиши мумкин. Фарқ максимум соатига 5 километр бўлиши мумкин. Қотиб қолган тезлик кўрсаткичи кўрсатиб турган рақамлар ҳақиқатдан узоқ бўлмайди.

Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгач, томонлардан бири қотиб қолган тезлик кўрсаткичига ишонмаслигини даъво қилса спидометр экспертизадан ўтказилади. Лекин бундай ҳолат камдан кам бўлади.

Шунингдек, ҳозирда дунёнинг йирик автомобилсозлари томонидан ишлаб чиқарилаётган барча замонавий машина моделлари ҳайдовчининг хулқ-атвори, машина тезлиги, манёврлари ва бошқа маълумотларни тўплайдиган махсус қаттиқ диск — худди самолётларникидек «қора қути» билан жиҳозланган.

Одатда, тўқнашув юз берган пайтда машинанинг компютер тизими ўша заҳоти маълумот йиғишни тўхтатади. Сўнг охирги қайд этилган маълумотлар асосида «авария»нинг сабаби ва машинанинг тезлиги қандай бўлганини билиб олиш мумкин. Бу ЙТҲнинг сабабларини ўрганаётган орган ходимларига ишончли ва муҳим маълумотларни олишга имкон беради.

ЙТҲ ҳодисасини ўрганиш чоғида орган ходимлари ҳар бир омилни ҳисобга олишади ва шу сабабли аксарият ҳолларда вазиятни синчиклаб ўрганишади. Бу кўпроқ низоли вазият юзага келганда иш беради.

Стрелкани ортга ёки олдинга суриб қўйиш мумкинми?

Баъзи пайтларда тўқнашув жуда қаттиқ бўлганда ҳатто спидометр устидаги ойна ёки пластмасса синиб кетиши ва унинг усти очилиб қолиши мумкин.

Шунда кимдир жавобгарликдан қочиш ёки бошқа ғаразли мақсадларда тезлик кўрсаткичини қўл билан ортга ёки олдинга суриб қўйиши мумкинми?

Мутахассислар бунинг иложи йўқ дейишади. Чунки аксарият машиналарда тўқнашув чоғида тезлик кўрсаткичи тўхтаб қолар экан, у қаттиқ ўрнашиб қолади ва уни қўл билан суришнинг иложи бўлмайди.

Мабодо тезлик кўрсаткичи озгина суриб қўйилганда ҳам барибир унинг остидаги мурватлар орқали у қайси рақамлар устида тўхтаб қолганини аниқлаш мумкин. Шу сабабли тезлик кўрсаткичини суриб қўйиб, маълумотни сохталаштиришнинг имкони йўқ.

Эски ва замонавий машиналарнинг барчасида шундай. Сўнгги йилларда ишлаб чиқарилаётган электрон таблоли спидометрларда эса тезлик кўрсаткичини ўзгартиришнинг мутлақо иложи йўқ.

Юқорида сўнгги русумдаги барча автомобилларда «қора қути»лар ўрнатилаётгани ҳақида ёздик, махсус электрон блок барча кўрсаткичларни ёзиб олади.

Бундай машиналарда қора қутидаги маълумотлар текширилиб, машина ва ҳайдовчининг тўқнашувдан олдинги ҳолатига аниқ «ташхис» қўйилади.

Масалан, машинанинг тезлиги ва бошқа параметрлари, шунингдек, ҳайдовчининг тормоз босиш жараёни, рул чамбараги қайси томонга бурилгани ва шу каби маълумотлар сақланиб қолади.

ЙТҲдан кейин спидометрга ишониш мумкинми?

Ҳа, ишониш мумкин. Мутахассисларга кўра, спидометр доимо ҳақиқий тезликдан бироз юқори кўрсатади. Хавфсизликни ҳисобга олган ҳолда, яъни асосан ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузмаслиги учун шундай қилинади.

Лекин фарқ жуда катта эмас. Тахминан соатига 3-5 километр фарқ қилиши мумкин. Барча автомобилсозлик компаниялари шундай қилади, деб бўлмайди, албатта. Айримларида ҳақиқий тезлик ва спидометрдаги кўрсаткич фарқ қилмайди.

Шу сабабли ҳам тезлик кўрсаткичи масалан соатига 120 километр тезликда қотиб қолган бўлса ҳайдовчи қарийб шу тезликда бўлган.

Тезлик кўрсаткичлари кўрсатган рақамлар оғир оқибатли ЙТҲлар содир бўлгандан сўнг ўтказиладиган текширувларда ва ундан кейинги суд жараёнлари учун жуда муҳим ҳисобланади.

Чунки ЙТҲ инсон(лар) ўлими билан якунланган бўлса қўзғатиладиган жиноят иши айнан тезлик кўрсаткичидаги натижага қараб малакаланди.

Масалан, айбдор ҳайдовчи тўқнашувдан қочишга уриниб барча чораларни кўрган ёки аксинча кўрмаган бўлиши мумкин. Ёки унда ЙТҲнинг олдини олишга умуман имконият қолмаган бўлиши мумкин.

Буларнинг ҳаммасини қисман спидометрдаги кўрсаткич ёки замонавий машиналарга ўрнатилган «қора қути» орқали аниқлаштирилади. Кейинчалик, бу масалада эксперт чиқарган хулоса суд жараёнида инобатга олинади ва шунга қараб айбдор ҳайдовчига ҳукм чиқарилади.

Кўп нарса автомобил моделига боғлиқ бўлса-да, ҳайдовчилар эксплуатация масаласига масъулият билан ёндашишлари керак, тезлик режимини оширмасдан ҳаракатланиш йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари, шунингдек, ўзларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид