Жамият | 08:36
1126
2 дақиқада ўқилади

Наманганда икки “Дамас” тўқнашди: 1 киши ҳалок бўлди

Наманган вилояти Норин туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки “Дамас” тўқнашди. Оқибатда 1 нафар йўловчи вафот этди, яна 4 нафар фуқаро турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.

Фото: Видеодан кадр

Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, 2026 йил 18 феврал куни соат 10:00 атрофида Норин тумани "Хўжақўрғонча" МФЙ ҳудудидан ўтган Д-115 автомобил йўлининг 10-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Маълум қилинишича, “Дамас” русумли транспорт воситасини бошқариб кетаётган ҳайдовчи Норин–Чўжа йўналишида ҳаракатланиш вақтида белгиланган тезликни ошириб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган бошқа бир “Дамас” русумли автомобил билан тўқнашган.

Ҳодиса оқибатида тўқнашувга сабаб бўлган “Дамас” автомашинасининг олд ўриндиғида бўлган 1 нафар йўловчи оғир тан жароҳати билан шифохонада вафот этган. Ҳар икки ҳайдовчи ҳамда яна 2 нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига етказилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Норин туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ЙҲХБ барча ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишни, ҳаракат вақтида тезликни оширмасликни ҳамда ўзлари ва ўзгалар ҳаётини хатарга қўймасликни сўрамоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид