Ўзбекистон | 07:17 / 24.05.2022
16388
2 дақиқада ўқилади

Бекободда содир бўлган ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди, уч киши жароҳат олди

Бекободда «ВАЗ-2104» ва Cobalt автомашиналари тўқнашиши оқибатида икки киши (улардан бири 2022 йилда туғилган) вафот этди, уч киши шифохонага ётқизилди.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Бекобод шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан маълумот тарқалди. ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат бўйича расмий хабар берди.

2022 йил 22 май куни соат 12:40 ларда, Тошкент вилояти, Бекобод шаҳар, “Маданият” МФЙ ҳудудидан ўтган 4P-26 "Сирдарё-Деҳқонобод-Бекобод" автомобиль йўлининг 99-километрида ЙТҲ содир бўлган.

Ҳайдовчи, 1985 йилда туғилган Ж.Г. бошқарувидаги "Ваз-2104" русумли автомобилда ўзидан олдинда бўлган транспортни қувиб ўтиш мақсадида қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонга чиққан вақтида, рўпарасидан келаётган ҳайдовчи, 1986 йилда туғилган О.И. бошқарувида бўлган "Кобальт" русумли автомобиль билан тўқнашган.

ЙТҲ натижасида "Ваз-2104" русумли автомобиль ҳайдовчиси Ж.Г. ва "Кобальт" русумли автомобилда бўлган йўловчи, 2022 йилда туғилган С.А. оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, "Кобальт" русумли автомобиль ҳайдовчиси О.И. ва ушбу автомобиль йўловчиси, 1961 йилда туғилган Н.И. ҳамда "Ваз-2104" русумли автомобиль йўловчиси, 2013 йилда туғилган А.С. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Бекобод шаҳар ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид