Ўзбекистон | 13:28 / 25.11.2019
21043
6 дақиқада ўқилади

Қишлоқ жойларда қуёшдан ток олувчи «термос» уйлар қурилмоқда: бундай уйларнинг афзаллиги нимада?

Қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи аҳолини яхшиланган, атроф-муҳитга зарари кам ва арзон уй-жойлар билан таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз аксини топган.

Фото: KUN.UZ

Сиз «яшил ипотека» воситасида энергия самарадор ва паст углеродли турар жойлар қурилиши ҳақида эшитганмисиз?

Республиканинг олти вилоятида 800та уйда ану шундай қурилиш ишларига синов тариқасида қўл урилган. Лойиҳа БМТ ривожланиш дастури ва Глобал экологик фонд (Global Environment Facility — GEF)нинг «Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш» дастури асосида амалга оширилмоқда.

Қайд этиб ўтиш жоизки, мазкур лойиҳа 2017-2023 йиллар мобайнида амалга оширилади ва унинг бюджети 136 миллион АҚШ долларидан ҳам зиёдроқ. Бунинг учун GEF 6 млн доллар, БМТ РД – 300 минг, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги 32,8 млн доллар ажратган бўлса, 97 млн доллардан зиёд ипотека кредитлари берилади.

Лойиҳадан кўзда тутилган мақсадлар — қишлоқ жойлардаги турар жойлар учун «яшил ипотека»ни жорий этиш, энергия самарадор ва паст углеродли қишлоқ уйларини лойиҳалаш учун моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, биринчи навбатда турар жойларга тегишли қурилиш меъёрлари ва қоидаларига оид норматив-қонунчилик базасини такомиллаштириш, энергия самарадор ва паст углеродли қишлоқ уйларининг фойдаси ва афзалликлари ҳақида маълумотларни кўпайтириш.

Ана шу 800та уйдан 121таси Бухоро вилоятида қурилиб фойдаланишга топширилмоқда. Уйларни мониторинг қилиш учун БМТ Ривожлантириш дастури Ўзбекистондаги доимий вакилининг ўринбосари Дойна Мунтяну ва бир қатор соҳа вакиллари Бухорода бўлишди.

Бухоро Муҳандислик-технология институтида Қурилиш вазирлиги ҳамда «INFORM RIA SERVIS» МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада замонавий ва инновацион энергия тежовчи қурилиш, пардозлаш, фасад, материаллар ва керамика маҳсулотлари, ламинацияланган пол усти қопламалари, поллар ва девор панеллари, қурилиш плиталари каби маҳсулотлар билан танишилди.

Шу ерда қурилиш корхоналари билан лойиҳадан кўзда тутилган мақсадлар юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Шундан сўнг Дойна Мунтяну ва Бухоро вилоят ҳокимининг саноат, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалигини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Нарзулло Ҳамдамов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув мобайнида энергия самарадор тизимни кўп қаватли уйларда ҳам синовдан ўтказиш масаласи муҳокама этилди.

Мониторинг гуруҳи Бухоро туманидаги «Деҳожи» массивида барпо этилган энергия самарадор намунавий уйларни бориб кўришди. Бу уйларнинг фасади, шифти ва поли иссиқлик сақловчи ашёлар билан қопланган. Уйлар қуёш панеллари билан жиҳозланган ва ёритиш учун электр энергиясини қуёш нуридан олади. Углеродли ёқилғиларни ишлатиш даражаси минимумга туширилган.

Амалга оширилаётган ишлар борасида Дойна Мунтяну Kun.uz мухбирига шундай деди:

— Биз бу ерга энергия самарадор ва паст углеродли турар жойлар қурилиши қандай жорий этилаётганини мониторинг қилиш учун келдик. Лойиҳамиз бўйича дастлабки уйлар қуриб фойдаланишга топширилганидан жуда хурсандмиз. Бу дастурнинг инновацияси ва янгилиги нимадан иборат? Биз «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида Қурилиш вазирлиги билан ҳамкорлик қилмоқдамиз.

Шу йил қишлоқ жойларда қурилаётган 15 мингта уйдан 800тасини лойиҳага жалб қилдик. Жумладан, Бухорода ҳам. Уларда муқобил энергия манбалари жалб этилмоқда. Албатта, бундай уйларнинг таннархи бироз баланд бўлади. Шунинг учун бизнинг лойиҳамиз субсидия лойиҳаси ҳисобланади. Бу ерда инновация нафақат энергия самарадорлигида, шунингдек, молиявий имкониятлар жиҳатидан ҳам инновация бор. Биз кўп қаватли турар жойларга ҳам бу лойиҳани жорий этмоқчимиз. Бироқ бундай уйларда энергия самарадорлигини қандай жорий этиш, қуёш панелларидан қандай фойдаланишга боғлиқ баъзи саволлар ўртага чиқади. Ўша масалани биргаликда ечишимиз керак.

Қишлоқ жойларда энергия самардор тураржойлар барпо этиш лойиҳасининг молия компоненти раҳбари Равшан Юнусов шундай деди:

— Бундай уйларнинг баҳоси изоляция ҳисобига ўрта ҳисобда 7 фоизга ошиқроқ бўлади. Лекин бу барибир ўзини оқлайди. Мана шундай мониторинглар натижасида қанча вақт ичида бу уйларга қилинган харажатлар ўзини оқлашини ҳисоблаймиз. Чунки бу уйларда электр токи ўрта ҳисобда 30 фоизга камроқ ишлатилади, ақл билан бу кўрсаткични 50 фоизгача олиб бориш мумкин. Ҳозир кўрган уйларимиз «термос»дек қилиб қурилган: бундай уйлар қишда иссиқликни сақлайди, ёзда салқинни. Қилинган қўшимча харажатлар 4-5 йил давомида ўзини қоплаб, фойдага ўтилади. Бу албатта, оиланинг ўз ҳамёнига ҳам, иқтисодиётга ҳам фойда, ҳам атроф-муҳит ифлосланиши бартараф этилади.

Республика олий бизнес ва бошқарув мактаби вакили Равшан Қаҳҳоров лойиҳа доирасида банк ходимларига тренинг ўтказмоқда. У лойиҳа борасидаги ўз фикрларини қуйидаги тарзда баён этди:

— Албатта, бундай уйлар глобал иқлим исиши бартараф этилишида муҳим омил бўла олади. Ҳозир барпо этилаётган муқобил энергияга асосланган энергия самарадор уйлар — бунақалари аллақачон Европа давлатларида кўплаб барпо этилмоқда — энергия пассив уйлар, дейилади. Яъни улар ташқаридан умуман электр энергияси олишмайди. Ўзбекистонда ҳам мақсад шундай уйларни оммалаштириш бўлмоқда. Албатта, бу янгилик бўлгани учун бундай уйлар ўз-ўзидан бироз қимматроқ бўлади. Бунда эса «яшил ипотека» ёрдамга келади. Бундай ипотекада гаровга олинган уйда турли рисклар кам бўлади. Уларда коммунал харажат кам бўлиши сабабли уларнинг эгаларида кредитни тўлаш учун маблағлар кўпроқ бўлади. Банк учун бу омил кредит хатарини камайтиради. Бу эса «яшил ипотека»ни имтиёзли шартларда тақдим этиш имкониятини яратади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz мухбири.
Фахриддин ҲОТАМОВ, фотомухбир.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид