Жаҳон | 23:00 / 24.02.2026
5864
2 дақиқада ўқилади

Мексикада наркокартел раҳбари ўлдирилгандан кейинги тартибсизликлар тўхтади

Шаҳарларда дўконлар ва умумий овқатланиш жойлари очилгани, такси ва етказиб бериш хизматлари йўлга қўйилгани, полиция тартибни тезда тиклагани таъкидланмоқда.

Фото: Getty images

Мексиканинг Гвадалахара шаҳри аҳолиси «Янги авлод Халиско» (CJNG) наркокартели раҳбари Немесио Осегер Сервантес (Эл Менчо номи билан танилган) ўлдирилиши туфайли бошланган тартибсизликлардан кейин шаҳардаги вазият ҳақида сўзлаб берди.

Николай исмли шахснинг айтишича, кечадан бошлаб шаҳарда дўконлар ва умумий овқатланиш жойлари очилган, такси ва етказиб бериш хизматлари йўлга қўйилган. Унинг қайд этишича, полиция тартибни тезда тиклаган.

Елена исмли яна бир маҳаллий фуқаро ҳозир шаҳарда вазият тинчлигини, дўконлар ва кафелар ишлаётганини, жамоат транспорти қатнаётганини тасдиқлади. Суҳбатдошнинг қўшимча қилишича, бир кун олдин расмийлар «қизил код» киритиб, шаҳар аҳолисидан уйдан чиқмасликни сўраган эди.

Гвадалахаралик Юлия ҳам расмийлар заруратсиз кўчага чиқмасликни тавсия қилганини айтди. Шу билан бирга, бугундан кўплаб одамлар ишга қайтди. Мактаб ва университетлар 25 февралдан иш бошлайди.

Вазият Мексиканинг бошқа бир шаҳри - Пуэрто-Валяртада ҳам барқарорлашди, деди Евгений. Бироқ маҳаллий ҳокимият аҳолига уйда қолишни тавсия қилмоқда.

Сервантес 22 февраль куни Мексиканинг Халиско штатида ўтказилган махсус операция чоғида ўлдирилди. Наркобароннинг ўлими картель аъзолари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлди, зўравонлик ҳаракатлари камида тўққизта штатда қайд этилди. Associates Press 14 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Тартибсизликлар фонида Пуэрто-Валярта ва Гвадалахара аэропортлари 129 та рейсни бекор қилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид