«Эл Менчо» номи билан танилган Немесио Осегуэра Сервантес – Мексиканинг энг қудратли жиноий гуруҳларидан бири «Халиско Янги Авлод Картели»нинг узоқ йиллик раҳбари ва энг зўравон жиноятчи шахслардан бири эди.

22 февраль куни Мексика хавфсизлик кучлари Халиско штатининг ғарбида, аҳолиси қарийб 20 минг бўлган Тапалпа шаҳрида операция ўтказди. Картел жойлашган ҳудудда ўтказилган тадбир вақтида у яраланган. Мексика мудофаа вазирлигига кўра, 59 ёшли «Эл Менчо» Мехико шаҳрига самолётда олиб кетилаётган пайтда, ҳибсда вафот этган. Операция натижасида гуруҳнинг яна уч аъзоси ўлдирилган.

New York Times нашри Эл Менчо, унинг ўлими ва картели ҳақида аҳамиятли маълумотларни жамлади.

«Халиско Янги Авлод Картели» қандай гуруҳ?

2009 йил атрофида Мексиканинг қудратли Синалоа картелидан ажралиб чиққан «Халиско Янги Авлод Картели» кейинчалик мамлакатдаги энг йирик наркотик савдоси ташкилотларидан бирига айланди. У Мексиканинг турли штатларида рақиблари билан кураш олиб боради ҳамда синтетик гиёҳванд моддалар — жумладан кокаин, метамфетамин ҳамда фентанилни бошқа мамлакатларга етказади.

Ўтган йил ҳолатида бу картель Миллий аксилтеррор қўлланмасига кўра, энг йирик Синалоа картелининг асосий рақиби бўлган.

Гуруҳга асос солган ва уни бошқарган Осегуэра ўз назоратидаги ҳудудларидан ташқарида кичик маҳаллий тўдалар билан келишув тузиш орқали картелнинг кенгайишини бошқарган.

“Халиско Янги Авлод Картели”нинг қуролланган жангарилари / Фото: The Times

АҚШ ҳукумати ҳисоб-китобларига кўра 15 мингдан 20 минггача аъзога эга бўлган бу гуруҳ ҳар йили миллиардлаб доллар даромад олади. Унинг жиноий фаолиятига наркотиклар савдоси, товламачилик, ёқилғи ўғрилиги, одам ўғирлаш, ноқонуний конларни қазиш ва дарахт кесиш, шу билан бирга мигрантларни АҚШга ноқонуний олиб ўтиш ҳам киради.