Жаҳон | 17:52 / 20.01.2026
6008
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев Қозоғистонда вице-президент лавозимини тиклашни таклиф қилди

Қозоғистон президенти бир палатали янги парламентни Қурултой деб номлашни ва вице-президент лавозимини тиклашни таклиф қилди. У, шунингдек, давлат маслаҳатчиси лавозими ҳам тугатилиши керак деб ҳисобламоқда.

Фото: akorda.kz

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ташкил этилиши режалаштирилаётган бир палатали парламентни Қурултой деб номлашни таклиф қилди. У Миллий қурултой йиғилишида шундай ташаббус билан чиқди - ҳозир йилига бир марта ўтказиладиган маслаҳат-кенгаш органи шундай аталади.

Тўқаев сўзларига кўра, қурултойнинг тарихий кўлами ва аҳамияти қозоғистонликларга «аниқ ва яқиндир».

«Умуман олганда, Қурултой номини мамлакатимиз сиёсий тизимидаги жуда муҳим давлат институти рамзи сифатида сақлаб қолишимиз керак, деб ҳисоблайман», деди Тўқаев.

Янги парламент беш йил муддатга сайланиши кўзда тутилган. Унда ҳозирги 148 та (Мажлисда 98 та ва Сенатда 50 та) ўрин ўрнига 145 та мандат бўлади. Парламентни шакллантиришда президентлик квотасидан, шунингдек, Қозоғистон халқи ассамблеяси квотасидан воз кечиш режалаштирилган.

«Янги парламентда ҳеч қандай эксклюзив тайинловлар бўлмаслиги керак, депутатлар барча учун ягона қоидалар асосида сайланиши керак», деб таъкидлади президент. Парламент раисининг кўпи билан уч нафар ўринбосари бўлади, қўмиталарнинг умумий сони эса саккизтадан ошмаслиги керак.

Шунингдек, Тўқаев мамлакатдаги бир қатор аппарат тузилмаларини, жумладан, давлат маслаҳатчиси лавозимини тугатишни таклиф қилди. «I’м very sorry» («Мен жуда афсусдаман») деди президент ўнг томонида ўтирган давлат маслаҳатчиси Ерлан Каринга инглиз тилида юзланиб.

Шунингдек, Тўқаев республикада вице-президент лавозимини жорий этишни таклиф қилди. Уни парламент розилиги билан (кўпчилик овоз билан) президент тайинлаши кўзда тутилган. Қозоғистон вице-президенти халқаро ва ички тадбирларда мамлакат номидан иштирок этади.

Қозоғистонда вице-президент лавозими аввалги давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев даврида, 1991-1996 йилларда бўлган. Бу лавозимни эгаллаган биринчи ва ягона шахс Эрик Магзумович Асанбаев эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид