Жамият | 23:59 / 05.01.2021
40037
5 дақиқада ўқилади

Ёзёвонда 16 яшар бола Катта Фарғона каналига тушиб, қайтиб чиқмади. Қидирув жараёнидан репортаж

Қидирув ишлари 2 ҳафтадан буён давом этмоқда. Бола номаълум сабабга кўра қиш бўлишига қарамай совуқ сувга тушган. Айни шу куни унинг Россияда муҳожирликда бўлган отаси уйга қайтиб, фожиадан хабар топган.

Фарғоналик Абдуҳошим Эргашев рўзғор тебратиш, ишлаб пул топиш илинжида икки йил аввал Россияга кетган эди. Пандемия шароитида, қийинчиликлар билан меҳнат қилиб қайтган ота уйга кириб келган кун ўғли сувга тушиб, изсиз йўқолди.

Ота остона ҳатлашидан бир неча соат аввал 16 яшар бола Катта Фарғона каналига тушиб, қайтиб чиқмади.

22 декабр куни соат 19:00ларда Ёзёвон тумани ИИБ навбатчилик қисмига берилган хабарга кўра, 2004 йилда туғилган А.А. Катта Фарғона магистрал каналининг Тараққиёт маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмида ўзини ташлаб, оқиб кетган ва сувдан қайтиб чиқмаган.

Болани қидириш шундан буён ҳозир ҳам давом этмоқда. «Тараққиёт» МФЙга кираверишда маҳалла аҳли чайлалар қуриб олишган. Маҳалладошлар бола сувдан бехос чиқиб қолишини пойлаб, чайла атрофида гулхан ёқиб исиниб ўтиришибди.

Ўзини боланинг қариндоши деб таништирган Абдуваҳоб Абдулазизов биз билан суҳбатда масъуллар сув сатҳини пасайтириб беришгани, ғаввослар ҳам жасаднинг топилишида қўлидан келганича ҳаракат қилишаётгани, бола дўстлари билан гаров ўйнаб сувга тушгани ва ундан қайтиб чиқмагани, энг ачинарлиси эса ўша куни 2 йил деганда Россиядан қайтган дадаси Абдуҳошим ака ўғлининг дийдорига тўя олмай бўзлаб қолгани ҳақида сўзлаб берди.

Маҳалла фаоли Ҳусанбой Қўчқоров ҳам Бўтқачи қишлоғи аҳли жабрдийда оилага мадад бўлаётгани ҳақида айтиб ўтди.

«Интернетда кезиб юрган лавҳани кўриб, очиғи ўзимни тўхтата олмадим. Кейин билсам, ҳамқишлоғимиз бошига мусибат тушган экан. Ота ўғлини сув остидан қидириб топа олмай адойи тамом бўлди», – дейди Ҳусанбой ака.

Йўлда давом этарканмиз, бола чўккан жойгача бўлган оралиқда яна шундай 3 та чайла тикилганига гувоҳ бўлдик. Канал ёқалаб анча одам йиғилган, кимдир ўтин ёрган, кимдир қайиқда сузиб юрган қутқарувчиларни арқонда тортган, яна кимлардир эса кийимини алиштириб қайиққа чиққан.

Асосий қутқарувчилар енг шимариб ишлаётган жойда Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчибой Бойигитов, туман прокурори Илҳом Хўжаев, туман ИИБ бошлиғи Ҳожиакбар Тошматовни учратдик.

Бевосита отанинг ўзи билан ҳам суҳбатда бўлдик.

«Қўлларидан келганича ёрдам беришяпти, раҳмат. Лекин барибир сув кўп. ФВБ ходимлари сув кўплигидан қийналишяпти. Масъулларга мурожаат қилганимиз ортидан сув камида 2 метрга пасайтирилиб, ёрдам қилишди. Лекин барибир сувнинг ҳозирги чуқурлиги ҳам кўплик қиляпти.

Ўзбекистонга келиб тушиб, уйга «мен келдим» деб қўнғироқ қилсам, машъум хабарни етказишди. Тақдир экан. Бу хабарни эшитиб, карахт бўлдим. Ҳеч бир отанинг бошига тушмасин экан.

Самолётимиз Ўш шаҳрига қўнган эди. Қирғизистондан чиқиб, Ўзбекистонга ўтиб, уйга такси гаплашиб, таксичи телефонидан уйга қўнғироқ қилгандим...

Ҳокимиятдан ҳеч нарса сўрамайман, фақат менга сувни пасайтириб беришсин. Ўғлимнинг жасадини бир марта бўлса ҳам бағримга босай, амалларини қилиб тупроққа қўяй. Яратгандан биргина ўтинчим шу.

Сув пастлаган ҳолатда туриши учун менга бир ярим кун муҳлат беришяпти. Агар шу фурсат оралиғида ўғлим топилмаса, мен бошимни қайга ураман?» – дея сўзларини охирига етказа олмади Абдуҳошим Эргашев.

Ҳамюртимизга сабр тилаб, масъулларга қулоқ тутдик.

«ФВБга 22 декабр куни фуқаро каналга тушиб кетгани ҳақида хабар келди. 23 декабрдан бошлаб ҳудуддан ўтган Катта Фарғона каналидан қидирув-қутқарув ишлари амалга ошириб келинмоқда. ФВБ минтақавий қутқарув отрядидан ғаввослар жалб этилган. Ҳамкор ташкилотлар шу ерда. Ғаввослар қиш пайтида ҳам алмашиб астойдил ҳаракат қилмоқда», – деди вилоят ФВБ матбуот хизмати раҳбари, лейтенант Аҳлиддин Алижонов.

Қутқарув ишларида қатнашаётган ғаввослар сув ичида 1 соатдан кўпроқ вақт бўлиб, навбат алмашиб, чиқиб оловда исинишмоқда. Қутқарув отряди ғаввоси Зафарбек Каттабеков сув тубидаги чиқинди ва хашаклар ишлашга халал бераётгани, 13 кундан буён тинимсиз ҳаракат қилаётганликлари, сув сатҳи пасайтирилгани ишлашга қулай бўлаётганини таъкидлади.

Бола қишнинг совуқ кунида сувга тушишига асл сабаб нима бўлгани бизга қоронғи. Биз ҳам у тезроқ топилиши, отанинг, яқинларининг кўнгли бироз бўлса-да таскин топишини тилаб қоламиз.

Сарвар Зияев,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид