15:06 / 03.07.2024
5978

Катта Фарғона каналига чўмилишга борган шахс чўкиб кетди

Унинг мурдаси орадан 3 кун ўтиб топилган.

Фото: archive.uz

Ижтимоий тармоқларда каналда инсон мурдаси оқиб келаётгани акс этган видео лавҳа тарқалди. Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 25 июн куни Бағдод тумани, Қатағон маҳалласида яшовчи фуқаро Ў.Т. Самандарак маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Катта Фарғона каналига чўмилишга борган. У чўмилиш жараёнида чўкиб кетган.

Олиб борилган қидирув ишлар давомида Ў.Т.нинг мурдаси 28 июн куни ташқи кўринишидан тан жароҳатларсиз каналнинг Ўзбекистон тумани, Зинаша маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтган қисмидан топилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Тошкентда Бўрижар каналига чўмилишга борган талаба чўкиб кетганди.

Top