Иқтисодиёт | 18:08 / 25.04.2024
10998
3 дақиқада ўқилади

Мамаризо Нурмуродов: Бюджет харажатларининг юқори даражада ошиши инфляцияга ҳам таъсир қилади

Марказий банк раиси давлат харажатларининг кескин кўпайиши инфляцияни оширишини таъкидлаб, бу борадаги хавотирлар ўринли эканини айтди. Шу билан бирга, у Марказий банкда бюджет дефицитини камайтириш бўйича ҳеч қандай инструмент йўқлигини қайд этди.

Фото: Марказий банк

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов давлат бюджети тақчиллиги ошиб бораётганига муносабат билдирди.

Аввалроқ хабар берилганидек, давлат бюджети дефицити 2024 йилнинг I чорагида салкам 20 трлн сўмга етган.

Мамаризо Нурмуродов 25 апрел кунги матбуот анжуманида журналистларнинг бу йил ҳам тақчиллик белгиланган 4 фоизлик чегарадан ошиб кетса, Марказий банкнинг қандай инструментлари борлиги ҳақидаги саволига жавоб берди.

Нурмуродовнинг сўзларига кўра, бюджет харажатларининг юқори даражада ошиши монетар кўрсаткичларга, макроиқтисодий барқарорлик ва инфляцияга ҳам сезиларли таъсир кўрсатади.

“Бир нарсани тўғри тушунишимиз керак, инфляцияни пасайтириш – ҳамма иқтисодий идораларнинг олдидаги биринчи вазифа. Ўз-ўзидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томондан ҳамма ҳаракатлар қилиняпти. Ҳар ҳафтада камида бир марта бу масалаларни муҳокама қиламиз. Хавотирлар ўринли. Биринчи чоракда шаклланган дефицит яна давом этиши мумкинми? Биринчи чоракда асосан даромадлар тушиши ва харажатлар ошиши бироз юқори бўлади. Бу йил ҳам шу тарзда шаклланди. Ҳукуматнинг ҳамма ҳаракати дефицитни бу йил 4 фоиз даражада ушлаб қолишга қаратилган.

Марказий банкда дефицитни ва маълум харажатларни камайтириш бўйича ҳеч қандай инструмент йўқ”, – деди Мамаризо Нурмуродов.

Унинг қўшимча қилишича, Марказий банк бу масала юзасидан хавотирларини ҳукуматга киритиб боради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати охирги 4 йилдан буён йил бошида рухсат берилганидан кўра кўпроқ харажат қиляпти.

Хусусан, ўтган йили консолидациялашган бюджет харажатлари даромадлардан 59 трлн сўм ёки 5 млрд доллардан кўпроққа ошиб кетди. Давлат харажатларининг кескин ошиши ва даромадларнинг мутаносиб тарзда ўсмагани оқибатида бюджет тақчиллиги режадагидан салкам 2 баробарга ошиб кетиб, ЯИМга нисбатан 5,5 фоизни ташкил этди.

2024 йил учун давлат бюджети ҳақидаги қонун билан, жорий йилда консолидациялашган бюджет дефицити 52,6 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 4 фоиз даражасида чегараланган.

Осиё тараққиёт банки экспертларига кўра, Ўзбекистонда 2024 йилга режа қилинган таркибий ислоҳотлар ва ижтимоий харажатларнинг кўпайиши фискал консолидация ва бюджет тақчиллигини камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни чеклаши мумкин.

Мавзуга оид