Иқтисодчилар фикрича, Трамп томонидан таклиф этилган йўллар Америкага бойликни ошириш, саноатни қайта тиклаш ва Хитойнинг иқтисодий экспансиясини тўхтатишда унчалик самарали бўлмаслиги мумкин.

Унинг жамоаси томонидан «илк кундаёқ» қатъий ўзгаришларни амалга ошириш қобилияти, Трампнинг таҳдидларига қарамай, таҳлилчиларда шубҳалар уйғотмоқда ва таклиф этилган ислоҳотлар кўп ҳолатларда бир-бирига зид келиши таъкидланмоқда.

Масалан, Трамп барча импортга тарифларни ошириш, солиқларни камайтириш, мигрантларни депортация қилиш ва нефт ҳамда газ қазиб олишни кўпайтиришни ваъда қилмоқда. Унинг мақсади – иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, инвестицияларни рағбатлантириш, янги иш ўринлари яратиш, савдо дефицитини қисқартириш, долларни заифлаштириш ва инфляцияни пасайтиришдир.

Бироқ, тарифларни ошириш ва депортация қилиш долларнинг заифлашувига қарши туриб, нархларни кўтаришга, шунингдек, кредит ставкалари ва валюталари курсини оширишга сабаб бўлади. Мигрантларни депортация қилиш эса иқтисодий ўсишни заифлаштиради ва бу вазиятда солиқларни камайтириш бюджет танқислиги, давлат қарзи ва унинг фоизлари бўйича сарфларни янада оширади.

Энергия ресурсларига нархлар паст бўлган шароитда нефт ва газ қазиб олишни ошириш нефт ва газ компанияларини банкротлик хавфига дучор қилади, бу эса қазиш ишлари, инвестициялар ва ишлаб чиқаришни қисқартиришга олиб келади.

Трампнинг сиёсати ва ана шундай мураккаб ва зиддиятли ташаббусларидан келиб чиқилса, унинг январ ойи охирида Оқ уйга кўчиб кириб, амалдаги ишларга ўтишидан кейингина АҚШ иқтисодиётининг бир-икки йиллик прогнозларини бериш мумкин бўлади. Бироқ, бу Трампнинг асосий эълон қилинган ислоҳотларини тўплаб, уларнинг Америка ва дунё учун эҳтимолий оқибатларини баҳолашга ҳозирданоқ халақит бермайди, деб ёзмоқда BBC.

Трамп божлар эвазига Америка саноатчиларини хитойлик рақобатчиларидан ҳимоя қилишни ваъда қилмоқда. Бу сурат сайловолди кампаниясида Детройтдаги автомобил эҳтиёт қисмлари заводида туширилган. Фото: AFP

«Мен паст солиқлар, юмшоқ тартибга солиш, арзон энергия, арзон кредитлар ва барча фуқароларнинг даромадлари тез ўсишини ваъда қиламан, — деганди Трамп сентябр ойида. — Менинг режам инфляцияни тезда енгишга, нархларни камайтиришга ва иқтисодий ўсишни портловчи суръатларда қайта тиклашга имкон беради».

Трамп сайловчиларни осонгина ишонтирди. Аммо мутахассисларни эмас.