Жамият | 17:13 / 27.08.2023
18986
2 дақиқада ўқилади

21 ёшга тўлмаганларга алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотиш тақиқланади

Бундан ташқари, бу маҳсулотларни етказиб бериш ва тарқатиш бўйича алоҳида талаблар киритилган.

26 августдан бошлаб Ўзбекистонда «Алкоголли ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ва истеъмолини чеклаш тўғрисида»ги қонун кучга кирди. 

Янги қонунга мувофиқ, кўчада сигарета сотувчиларнинг фаолияти, шунингдек, тамаки маҳсулотларини ёрлиқсиз ёки доналаб сотиш тақиқланади. 

Шунингдек, алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотувчиси 21 ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахси ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса сотишни рад этиши шартлиги белгиланган. 

Қуйидаги ваколатли органлар зиммасига кўчада сигареталар савдоси каби йирик муаммога эътибор қаратишлари ҳамда қонуннинг кучга кирган қоидаларини амалга оширилишини таъминлаш юклатилган: ИИВ, солиқ органлари, божхона органлари, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органи (МҚҚ), Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўйича Департаменти.

«Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 2021 йил ноябрида депутатлар томонидан маъқулланган, 2022 йил декабрида сенаторлар томонидан кўриб чиқилган ва маъқулланганди.

Ўзбекистонда бунга қадар алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотишнинг ёш чегараси 20 ёш бўлган.

Мавзуга оид