Ўзбекистон | 17:55 / 04.01.2020
14353
4 дақиқада ўқилади

ССВ ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратиш учун режалаштирилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 2020 йилнинг илк матбуот анжмунини бошлаб берди. Унда «Ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор: ногиронликни белгилаш тартиблари ва яратилаётган имтиёзлар» мавзуси муҳокама қилинди.

«Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги уч йил ичида 64 минг нафар ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўз уйида тиббий-ижтимоий хизмат билан қамраб олинди. 74 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахсга тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари кўрсатилди. Ушбу йўналишда кадрлар тайёрлаш, илм-фанни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти негизида биринчи марта ижтимоий тиббиёт кафедраси ташкил этилди. Мамлакатимизда илк бор ногиронларнинг ҳақ - ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси тайёрланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди.

Бу ҳақда бугун  Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 2020 йилда илк бор  ташкил этилган “Ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор: ногиронликни белгилаш тартиблари ва яратилаётган имтиёзлар” мавзусидаги матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Унда қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами – ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий муҳофазалаш борасида замонавий тизим яратилган. Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2018 йил 20 июнда “Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари ишлаб чиқарилишини ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида кейинги йилларда бу йўналишдаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилиши бу йўналишда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларнинг изчиллиги ва манзиллилигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда агентлик тизимидаги реабилитация марказларининг моддий-техника базасини кучайтириш борасида мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Тадбирда, шунингдек, юртимизда фаолият юритаётган жами 107 та тиббий-меҳнат экспертиза комиссиялари фаолиятини замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштириш, ногиронликни белгилашда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, бунда замонавий услубларни жорий қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, улар учун қулай ва мақбул муҳитни таъминлаш, кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил этилди.

 

Хусусан, мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатларда 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар тўғрисида тиббий хулоса бериш тартибини такомиллаштириш, шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, коррупциявий омилларни кескин  бартараф этган ҳолда зарур тартиб-таомиллардан ўтиш муддатларини қисқартиш ва уни тартибини соддалаштириш, айрим тоифадаги ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий текширув ўтказмасдан ногиронликни белгилашни  жорий этилиши каби кўпгина масалалар кўзда тутилган. Айни пайтда ушбу вазифалардан келиб чиқиб, тизимдаги тиббий-маслаҳат комиссиялари ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолияти тубдан  қайта кўриб чиқилиб, ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, матбуот анжуманида ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида  ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратиш мақсадида  жамоат транспортида кўтаргичлар, бино ва иншоотларда пандуслар қўйилиши, бекат ва маршрутларни  эшиттирувчи мослама, электрон маълумотли таблолар билан жиҳозланиши, товуш чиқарувчи светофорлар ўрнатилиши каби қатор  вазифалар устида амалий ишлар бошланганлиги хусусида ҳам ахборот берилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид