Ўзбекистон | 15:59 / 20.06.2024
2774
4 дақиқада ўқилади

“Менинг боғим” лойиҳасида ҳамма ҳудудлар ҳам ташаббус қолдира олмайди, чунки...

“Менинг боғим” лойиҳаси доирасида “Очиқ бюджет” порталида 20 июнга қадар фуқаролар ўз маҳаллаларида яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини ташкил қилиш юзасидан ташаббус қолдириши мумкин. Аммо бундай ташаббуслар ҳудуди чекланган. Kun.uz кузатувчилари айни шу масалада таҳририятга мурожаат қилди. Масъуллар нима сабабдан локациялар чекланганига изоҳ берди.

Президентнинг 199-сонли фармонига асосан “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини такомиллаштириш юзасидан фармони имзоланди. Бунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 156-сонли қарори тасдиқланди. Унга мувофиқ, “Яшил макон” ҳаракати доирасида давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг 50 фоизи айнан “Очиқ бюджет” портали орқали кенг жамоатчилик иштирокида сарфланиши белгилаб ўтилди. Шу лойиҳага жорий йилнинг 10 июнидан старт берилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи Ҳабибулло Ҳамидов Kun.uz’га берган интервюсида маълум қилишича, “Менинг боғим”да ташаббус қолдириш “Ташаббусли бюджет” жараёнларидан фарқ қилади. Чунки “Ташаббусли бюджет”да фуқаролар ташаббус мазмунини ўзлари киритган бўлса, “Менинг боғим”да Экология вазирлиги томонидан 1000 дан ошиқ ҳудудлар танланган. Фуқаролар фақатгина ўша ҳудудлар бўйича таклиф қолдира олади. Бу бирор фуқаро ёки юридик шахсга тегишли ерга оид таклифлар киритилмаслиги учун қилинган.

“Бу ерда фуқаролар яшил зоналарни ташкил этиш ва белгиланган манзилларга манзарали дарахтлар экиш таклифларини илгари суришлари мумкин. Тақдим этилган 1000 дан ортиқ локациялар порталга жойлаштирилган, бу берилган таклифлар модерация жараёнларида рад этилмаслигига ёрдам беради. Айрим фуқаролар томонидан маълум ҳудудларда яшил боғлар ташкил қилиш таклифлари билдирилганда бу айнан ўша манзил бошқа фуқарога тегишли ёки бошқа фуқаронинг томорқаси, ё бирор корхонага тегишли бўладиган бўлса, шу таклиф модерация жараёнида рад этилиши тайин. Шунинг учун белгиланган локациялар бўйича таклифлар киритилади”, - деди ИМВ масъули.

Экология вазирлиги масъули Ўлмас Собировга кўра, ҳар йили ҳар хил ҳудудлар танланади.

“Ҳар бир туман шаҳарда экологик муҳит яратиш учун яшил боғлар, яшил парклар ва жамоат боғлари бўлиши керак. Ер билан боғлиқ масалаларни маҳаллий ҳокимликлар ҳар йили декабр ойида ҳал қилади, яъни қаерда боғ қилинади, қаерда аҳоли пункти қурилади, аниқлаб чиқилади. Режалаштирилган лойиҳага кўра аҳолининг дам олиши, сайр қилиши учун шундай жойлар танланади. Ҳар бир туманда бир нечта жой танланиб, платформага киритилади. Бу узлуксиз жараён бўлади, бу йил танланган ер билан бу тўхтаб қолмайди, кейинги йил бошқа ҳудуд танланади”, - деди у.

Маълумот учун, “Менинг боғим” лойиҳасида таклиф қолдириш 20 июн куни якунланади. Модерация босқичи якунлангач, учинчи босқичда 10 кунлик овоз бериш жараёнлари ўтказилади. Энг юқори овоз олган таклифлар туман, шаҳар ғазначилик ҳисобварағи томонидан молиялаштириб берилади.

2024 йил “Яшил макон” учун давлат буджетидан 104 млрд сўм маблағ йўналтирилган. “Менинг боғим” лойиҳасига “Яшил макон”га ажратилган маблағларнинг ярми, яъни 52 млрд сўми йўналтирилади. Ҳар битта таклиф миқдори 250 млн сўмни ташкил қилади. Республикада 208 та туман ва шаҳарлар бўлса, ҳар биттасида биттадан лойиҳалар ғолиб бўлади ва уларда яшил зоналар ва яшил парклар ташкил қилиш учун йўналтирилади.

Мавзуга оид