“Менинг боғим”га қандай қилиб таклиф қолдирилади?

Ҳабибулло Ҳамидов, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўлим бошлиғи:

— Фуқароларимизни бюджет маблағларининг сарфланиши жараёнларида ўзларининг ижтимоий-иқтисодий таклифларини қондириш мақсадида “Менинг боғим” лойиҳаси жорий этилди. Президентнинг 199-сонли фармонига асосан “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини такомиллаштириш юзасидан фармони имзоланди. Бунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 156-сонли қарори тасдиқланди. Унга мувофиқ, “Яшил макон” ҳаракати доирасида давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг 50 фоизи айнан “Очиқ бюджет” портали орқали кенг жамоатчилик иштирокида сарфланиши белгилаб ўтилди. Шу лойиҳага жорий йилнинг 10 июнидан старт берилди.

Бу жараёнлар 3 босқичда ташкил этилади. “Менинг боғим” “Ташаббусли бюджет” жараёнлари билан бир хил ташкил қилинади. Дастлабки 10 кун, яъни 10 июндан 20 июнгача таклифлар қабул қилинади. Аммо билдирилаётган таклифлар бироз “Ташаббусли бюджет”дан фарқ қилади. “Ташаббусли бюджет”да фуқаролар ташаббус мазмунини ўзлари киритган бўлса, “Менинг боғим”да Экология вазирлиги томонидан 1000 дан ошиқ ҳудудлар танланган. Бу ерда фуқаролар яшил зоналарни ташкил этиш ва белгиланган манзилларга манзарали дарахтлар экиш таклифларини илгари суришлари мумкин. Тақдим этилган 1000 дан ортиқ локациялар порталга жойлаштирилган, бу берилган таклифлар модерация жараёнларида рад этилмаслигига ёрдам беради. Айрим фуқаролар томонидан маълум ҳудудларда яшил боғлар ташкил қилиш таклифлари билдирилганда бу айнан ўша манзил бошқа фуқарога тегишли ёки бошқа фуқаронинг томорқаси, ё бирор корхонага тегишли бўладиган бўлса, шу таклиф модерация жараёнида рад этилиши тайин. Шунинг учун белгиланган локациялар бўйича таклифлар киритилади.

Яшил парклар учун ҳудудлар қандай танланади?

Ўлмас Собиров. Экология, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъул ходими:

— Ҳар бир туман шаҳарда экологик муҳит яратиш учун яшил боғлар, яшил парклар ва жамоат боғлари бўлиши керак. Ер билан боғлиқ масалаларни маҳаллий ҳокимликлар ҳар йили декабр ойида ҳал қилади, яъни қаерда боғ қилинади, қаерда аҳоли пункти қурилади, аниқлаб чиқилади. Режалаштирилган лойиҳага кўра аҳолининг дам олиши, сайр қилиши учун шундай жойлар танланади. Ҳар бир туманда бир нечта жой танланиб, платформага киритилади. Бу узлуксиз жараён бўлади, бу йил танланган ер билан бу тўхтаб қолмайди, кейинги йил бошқа ҳудуд танланади.