Коронавирус аниқланган шахсларнинг 16 нафари битта бемор билан алоқада бўлган – Ички ишлар вазири
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг айтишича, 15 мартидан 22 март кунига қадар коронавирус аниқланган 42 кишининг 16 нафари битта бемор билан алоқда бўлган.
«Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 27 февралидан 22 мартига қадар мамлакатимизга чегара орқали кириб келган жами 837 минг нафар фуқаро чегара хизмати ва тиббиёт ходимлари билан биргаликда кўрикдан ўтказилган. Тиббий кўрик давомида эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан келган 19479 нафар шахс аниқланиб, яшаш манзили бўйича 14 кунлик тиббий кузатувга юборилган.
Бугунги кунда 14 кунлик карантинга олинганларнинг 6748 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хулосаси асосида тиббий кузатувдан чиқарилган бўлиб, 12731 нафари тиббий кузатувда қолмоқда.
Тиббий кузатувдаги шахслардан 7416 нафари шифохоналарда, 5315 нафари уй шароитида сақланмоқда. Уй шароитида карантин ўтаётган фуқаролар, белгиланган қоидаларга риоя қилишлари, карантин тартибларини бузиб ташқарига чиқишларини олдини олиш ва аҳолининг хотиржамлигини таъминлаш мақсадида, жами 9564 нафар, яъни ҳар бир уйга бир нафардан профилактика инспектори, маҳалла раиси ва тиббиёт ходими бириктирилган.
15 мартдан 22 мартгача юртимизда ушбу касаллик 42 нафар шахсда аниқланган бўлса, бу ҳолатларнинг 16таси 1 бемор билан контактда бўлганлар билан боғлиқ. Ушбу рақамлар ҳозирги вазиятда ўзаро мулоқотни камайтириш, касаллик юқишининг олдини олиш борасидаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиш зарурлигини кўрсатмоқда», дея Пўлат Бобожоновнинг сўзлари келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Вазирнинг таъкидлашича, уй шароитида «оилавий карантин»да сақланаётган барча фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ва Жиноят кодексининг 2571-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан таништирилиб, расмий огоҳлантирилган.
Пўлат Бобожоновнинг сўзларига кўра, ИИВ томонидан ҳам COVID-19 коронавирусининг республикамиз ҳудудида янада тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ва аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, карантин режими даврида хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан ўзаро ахборот алмашиш ва ишларни мувофиқлаштириш мақсадида вазирлик ва ҳудудий ички ишлар органларида тезкор штаблар ташкил этилган.
«Махсус ажратилган даволаш ва бошқа муассасаларда «умумий карантин»да сақланаётган, тиббий кузатувдаги шахсларнинг белгиланган қоидаларга риоя қилишлари, карантин тартибларини бузиб ташқарига чиқишларини олдини олиш, бир сўз билан айтганда, санитария чекловларини таъминлаш мақсадида, ушбу масканлар Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳамда Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари томонидан қўриқловга олинган.
Чет элларда бўлган юртдошларимизни мамлакатимизга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида, бугунги кунга келиб, 8та авиа ва 11та темир йўл рейслари орқали хорижий мамлакатларда бўлган 4173 нафар фуқаро мамлакатимизга эвакуация қилиниб, 22та тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди.
Юқоридаги ҳаракатларнинг барчаси республикамиз ҳудудида ушбу хавфли инфекциянинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, ҳар бир юртдошимиз саломатлигини қатъий муҳофаза қилишга қаратилган», дейди вазир.
- Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга чалинишнинг илк ҳолати 15 март куни қайд этилди. Франциядан келган бу бемор ўндан ортиқ қариндошлари ва яқинларига вирус юқтирган.
Мавзуга оид
11:16 / 06.02.2024
Пўлат Бобожоновга янги ўринбосар тайинланди
12:12 / 05.01.2024
«112» тезкор рақами ўз муддатида ишга тушмади
10:26 / 03.12.2023
Ўзбекистон ва БАА ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олишга келишди
10:03 / 15.09.2023