Спорт | 14:43
2602
15 дақиқада ўқилади

«Сити» «Вилла Парк»да меҳмон, «Ливерпул» Лондонга боради, «Барса» «Атлетико»га қарши. Ҳафта ўйинлари анонси

Фото: Getty Images

«Манчестер Сити»нинг инқирози бу ҳафта ҳам давом этармикин? Икки томондан келиб, оқибатда турнир жадвалида қўшни бўлиб қолган «Барселона» ва «Атлетико» баҳсида ғолиб ким бўлади? Бу ҳафта ҳам Европада қизиқарли тўқнашувлар етарли. Шунингдек, кучли бешликда тўп сураётган легионерларимизга алоҳида эътибор қаратишимизга тўғри келади. «Рома» сафидаги сўнгги чиқишини гол билан якунлаган Шомуродовга мураббий яна бир имконият беришидан умид қилсак, Ҳусановнинг Франция кубогида «ПСЖ»га қарши бу сафарги ўйини муваффақиятлироқ бўлишига ишонамиз.

АСТОН ВИЛЛА – МАНЧЕСТЕР СИТИ (21 декабр, 17:30)

Англия Премьер-Лигаси турнир жадвалининг ўрта қисми шу қадар зички, масалан, «Астон Вилла» ушбу ўйинда ғалаба қозонадиган бўлса, кучли тўртликка кириб олиши, ютқазиб қўйса, ҳатто 13-ўринга тушиб кетиши ҳам мумкин. 13-ўриндаги «Манчестер Юнайтед» бирминҳэмликлардан атиги уч очко кам жамғарган холос.

Аммо бу ўйиннинг бош қаҳрамони албатта, «Манчестер Сити» жамоасидир. «Шаҳарликлар» инқирози шу қадар узоқ муддат давом этмоқдаки, Пеп Гвардиола аллақачон Жозе Моуринио каби аввалги ютуқларини санашни ҳам, Эрик тен Ҳаг каби жароҳатларни баҳона қилишни ҳам бошлаб юборди. Тан олиш керак, жамоада албатта жароҳатлар таъсири жуда оғриқлик кечяпти. «Манчестер Сити» бир неча йил олдин жуда яхши йўлга қўйилган прессинг орқали ўйинларни назорат қилган бўлса, кейинчалик, таркибнинг бироз ёши ўтиб, тезлик пасайгач, шунингдек, Ҳоланд келиб, жамоа ўйини бироз соддалашгач, асосий оғирлик ҳимоячиларга туша бошлади. Пеп Канселу ёки Зинченко каби асосан олдинги чизиқда ҳаракат қиладиган фулбэклар эмас, қанотларда ҳам марказий ҳимоячилардан фойдаланиш орқали рақибларда қийинчилик туғдира бошлаганди. Тўрт марказий ҳимоячи ва Родри рақибнинг ҳар қандай қарши ҳужумини назорат қила олар, бу эса олдинги чизикдагиларга эркинлик берарди.

Ушбу мавсумда айнан Родрининг, шунингдек, марказий ҳимоячиларнинг жароҳатлари Пепнинг режаларига кучли зарба бермоқда. Тўғри, ҳимоячилар бирдагина сафдан чиқишмаяпти, аммо бири қайтгунча, иккинчиси жароҳат олиб, кераклича ротация қилиш имконини бермаяпти. Мисол учун бу ўйин олдидан Аканжининг машғулотларга қайтгани ҳақида хабарлар чиққанди, орқасидан Диашнинг бир неча ҳафтага сафдан чиққани маълум бўлмоқда. Гвардиола яна экспериментлар қилишга мажбур. Эдерсоннинг ҳам майдонга тушиш эҳтимоли кам.

«Астон Вилла»да эса йўқотишлар деярли йўқ. Леон Бэйли ва Рэмзиларсиз жамоа ўйнашни ўрганиб олган. Шу билан бирга Эмери жамоасининг бошқа фронтларда ҳам қатнашаётгани ҳар бир жароҳатнинг салбий таъсирини бадтар оширади. Сафдан чиққан футболчи етакчи бўлмаслиги, ҳатто асосий таркибда ўринга эга бўлмаслиги мумкин, аммо баъзи дақиқаларда асосий футболчиларнинг ўрнига тушадиган одам бўлмаса, муҳим футболчиларга юклама кўпроқ бўлади. Бу эса ўз навбатида уларнинг спорт формасига жиддий таъсир ўтказади.

Ўзаро ўйинларга келсак, охирги ўн уч йилда «Астон Вилла» атиги тўрт марта ғалаба қозониб, 20 марта мағлубиятга учраган. Аммо айнан Бирмингҳэмда бўлиб ўтган охирги ўйинни ҳамма эсласа керак. Ўшанда бутун ўйин давомида меҳмонлар атиги 2 марта зарба бера олган холос. Ўйин бутунлай «Астон Вилла»нинг устунлигида ўтиб 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Айни пайтда чуқур инқирозга тушиб, ўзига бўлган ишончи камайиб кетган «Манчестер Сити» Эмерининг навбатдаги ўлжаси бўладими ёки ниҳоят Пеп бир ҳафталик танаффусда керакли режани топа олдими?

БАРСЕЛОНА – АТЛЕТИКО (22 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

«Барселона» Ла Лига доирасидаги охирги 6 ўйинда атиги бир ғалаба қозониб, учта ўйинда мағлубият аламини тотди. Баъзи ўйинлардаги натижалар тушунарли, «Бетис» ва «Сосьедад» айниқса ўз майдонида жуда хавфли жамоа бўла олишади. Аммо айнан уй ўйинларидаги охирги икки мағлубиятни тушунтириш қийин. «Лас Палмас» билан учрашувда мезбонлар 27 маротаба, «Леганес»га қарши баҳсда эса 20 маротаба рақиб дарвозасига зарба бериб, атиги 1 гол уришди холос. Меҳмонлар эса яратилган жуда кам вазиятлардан ғалабани илиб кетишди. Бундай ўйинлар алоҳида олганда ҳар қандай пешқадам жамоада содир бўлиши мумкин, лекин бу сценарийлар мунтазам давом этиб борар экан, табиийки, қандайдир жиддий муаммодан дарак беради. Шу нарса аниқки, айни дамда «Барселона» ўша «Бавария» ва «Реал» дарвозасига осонгина тўрттадан гол урган жамоа эмас.

Кўриниб турган сабаблар сифатида ротация имкони бўлмаётганини келтириш мумкин. Флик «Осасуна»га қарши ўйинда баъзи футболчиларга дам бериб, оқибатда мағлубиятга учраганида, кўпчилик томонидан танқид остига олинганди. Аслида мураббий етакчи футболчилар дам олиши кераклигини яхши билар, бунинг учун имкон ахтарганди. Жамоа ҳар учрашувда ғалаба қозониб, ўйинда енгиллик бор пайтларда ротация қилиш айни муддао, аммо энди, натижалар ҳам ёмонлашиб, жамоа йўқотилган очколар бўйича 3-ўринга тушиб кетганида қийин масала. Бунинг устига Ламин Ямал ҳам жароҳат олиб бир неча ҳафтага сафдан чиқди. Майдон марказидаги футболчилар қайтган бўлса-да, Ямалнинг йўқлиги олдинги чизиқда етарлича муаммолар пайдо қилиши табиий.

«Атлетико» эса бутунлай тескари вазиятда турибди. Симеоне жамоасининг барча мусобақалардаги ғалабали серияси 11 учрашувга етди. Энг муҳими, айнан «Барселона»ни таъқиб қилаётган муаммолар «Атлетико»да йўқ. Мадридликлар сафида деярли бирорта ҳам жароҳат йўқ. Бунинг устига Симеоне йигирмага яқин тенг кучли футболчиларга эга бўлиб, захирадан тушиб ўйинни кучайтирадиган, камида сифатни тушириб юбормайдиган ижрочилар етарли. Футболда тактика ва маҳорат барибир устунми ёки жисмоний ҳолат, курашувчанлик тенг шаклда қарши қўйилиши мумкинми, бу саволнинг жавобини ушбу ўйинда билиб олишимиз мумкин.

Шу билан бирга, ўзаро ўйинларга қарасак, «Барселона»нинг устунлиги биз ўйлагандан ҳам кўпроқ эканини кўрамиз. Охирги 40 ўйинда «Атлетико» атиги 5 марта ғалаба қозонган холос. Бу ғалабаларнинг атиги иккитаси Ла Лига доирасидаги учрашувга тўғри келишини ҳам таъкидлаш керак. Хусусан жамоалар ўртасидаги охирги беш ўйинда фақат «Барселона»нинг қўли баланд келган. Шунинндек, Диего Симеоне Ла Лигада «Барселона» майдонида ҳеч қачон ғалаба қозона олмагани ҳам ушбу ўйин олдидан қўшимча интрига яратади. Вақти келгандир?

РЕАЛ МАДРИД – СЕВИЛЯ (22 декабр, 20:15)

«Реал»да асосий рақиблар ўзаро ўйинда майдонга тушаётган пайтда ғалабага эришиб, турнир жадвалида биринчи ўринга чиқиб олиш имконияти бор. Анчелотти шогирдларининг ҳафта ўртасида «Пачука»ни енгиб, клублар ўртасида жаҳон чемпионига айлангани қўшимча ижобий куч берса ҳам ажаб эмас. Зеро ўтган турда мадридликлар «Райо Вальекано» билан дуранг ўйнаб жуда муҳим очколарни бой берган эди. Энди расман дунёнинг энг кучли жамоаси сифатида ўз мухлислари кўз ўнгида ҳақиқий шоу намойиш қилиш имконияти бор.

Рақиб ҳам айнан мана шундай сценарий учун жуда мос. Устидан ғалаба қозониш қўшимча қониқиш ҳисси берадиган даражада номдор, шу билан бирга, кутилмаганда муаммо ярата олмайдиган даражада кучсиз. Ҳа, айни дамда «Севиля»да тажрибали футболчилар бор, алоҳида ўйинларда ҳар қандай рақибга муаммо туғдира олади, лекин байрам кайфиятидаги «Реал»га тўсиқ бўла олмаса керак. «Реал» сафида ниҳоят олдинги чизиқда оптимал таркиб майдонга тушди, ўз салоҳияти билан дунёнинг навбатдаги учлиги бўлиши кутилаётган футболчиларнинг ҳар бири ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди, уларнинг фонида Жуд Беллинҳэм ҳам йўқолиб қолмади. Албатта, бу нисбатан кучсиз даража бўлган «Пачука» билан ўйинда намоён бўлгани, ҳали юқорироқ даражадаги қаршиликда муаммолар кўзга ташланиши ҳам эҳтимол. Бундан ташқари, чемпионат ўйинларида кучли учликни кўришимиз бироз кечикади, зеро «Севиля»га қарши ўйинда дисквалификация туфайли Винисиус Жуниор майдонга туша олмайди. У аввалги турда навбатдаги сариқ карточкасини олганди.

Юқорида натижа бобида «Севиля» мавсумни ёмон ўтказаётганини айтган бўлсак-да, охирги ўйинларда ижобий томонга ўзгариш бор. Гарсия Пимента шогирдлари охирги беш ўйинда атиги бир маротаба мағлубиятга учрашди холос. У ҳам бўлса, айни пайтда жуда яхши ҳолатда бўлган «Атлетико»га қарши сафарда. Ўша ўйин давомида «Севилья» 3:1 ҳисобида олдинда ҳам эди ҳатто. Фақат ўйин охирларида «Атлетико» ғалабани илиб кетди. Ҳал қилувчи гол эса ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда киритилди.

Айнан «Реал»га қарши ўйинларга келсак, «Севиля» 11 учрашувдан бери ғалаба қозона олмаяпти. Аммо мана шу 11 ўйинда фақат икки марта мадридликлар 2 тўп фарқи билан юта олган холос. Яна икки ўйин дуранг, қолган 7 ўйинда «Реал» минимал ҳисобда устунлик қилган холос. Мадридда ўтган сўнгги ўйинда фақат Модричнинг 81-дақиқада урган голи мезбонларга ғалаба келтирган эди.

Йўқотишларга келсак, «Реал» сафида юқорида тилга олинган Винисиусдан ташқари, доимгидек ҳимоя чизиғида муаммолар давом этяпти. Алаба ва Менди машғулотларда қатнашишни бошлаган бўлишса-да, ушбу ўйинга тайёр бўлишлари савол остида қолмоқда. Анчелотти марказни яна Тчуаменига, чап қанотни эса Гарсияга ишонишга мажбур. Ўз навбатида «Севиля»да ҳам муаммолар етарли. Педроса, Эжуке, Соу ва Куяссилар турли даражадаги жароҳатлар туфайли шерикларига ёрдам бера олишмайди.

ТОТТЕНҲЭМ – ЛИВЕРПУЛ (22 декабр, 21:30)

Агар «Ливерпул» катта рақибларга қарши муаммоларга дуч келадиган бўлса, энг асосий номзод «Тоттенҳэм» бўлса керак. Зеро ўзининг ёввойи ва дадил тактикаси орқали Постекўғли бу ўйинни ҳам икки томонлама шедеврга айлантириб юборса ажаб эмас. Юқори чизиқли ҳимоя ва прессинг бир қараганда «Ливерпул» ва Салоҳнинг рейдлари учун айни муддао, аммо бу сценарийда «Тоттенҳэм»нинг ҳам кучли жиҳатлари намоён бўлади. Буни «Юнайтед»га қарши Лига кубоги чорак финали ҳам исботлади. Қачонки, «Тоттенҳэм» ҳисобни сақлаш учун ўйнашни бошлаганда муаммоларга дуч келади. Бу жамоа бир йилда шу қадар ўзгардики, бу «Тоттенҳэм» фақат ҳужум қилиш орқалигина натижага эришиши мумкин. Агар ҳимояланишни бошласа, гол ўтказиб юборади. Бунга фақат Постекўғлининг тактикаси эмас, ҳимоя чизиғидаги кадрлар муаммоси ҳам сабабдир. Айни пайтда дарвозабондан тортиб, қарийб барча асосий ҳимоячилар, хусусан Ромеро, ван дер Вейн ва Удожиларда жароҳат бор.

Шу билан бирга, айнан ўзи учун қулай темпда ўйнаш учун «Тоттенҳэм»да ресурслар етарли эмас. Юқорида ҳимоя чизиғидаги номлар саналди, шу билан бирга олдинги чизиқда ҳам деярли бир хил футболчилар қаторасига бир неча ўйинда майдонга тушиб келмоқда. Лига кубогида «Ливерпул» «Саутҳэмптон»га қарши ўйинда бир қатор етакчи футболчиларига дам бериш имкониятига эга бўлди. «Тоттенҳэм» эса аксинча, кучлироқ рақибга рўбару бўлгани учун барча етакчиларини ўйнатишга мажбур эди. Бунинг устига Анже бу мавсумда ниҳоят бирор соврин ютишга ваъда бериб қўйган. Дарвоқе, жамоалар ушбу мусобақа ярим финалида қарши ўйнайдиган бўлишди. Биз январ ойида ҳам «Тоттенҳэм» ва «Ливерпул» ўртасида яна иккита ажойиб баҳс гувоҳи бўламиз. Ҳа, бу рақиблар ўртасидаги ҳар бир учрашув томошабоп бўлишини нафақат жамоаларнинг бугунги ҳолати, балки статистика ҳам кўрсатиб турибди – охирги 7 ўзаро ўйинда ҳар икки жамоа ҳам майдонни голсиз тарк этмаган. Ўтган мавсум Лондондаги ўйин эса кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Сўнгги ўттиз дақиқада «Ливерпул» икки футболчи кам бўлиб ҳаракат қилган, шунда ҳам мезбонлар фақат ҳакам томонидан қўшиб берилган охирги дақиқадагина ғалаба голини уришга муваффақ бўлгандилар.

Таркибдаги йўқотишлар юқорида айтилганидек, мезбонларда кўпроқ. Номлари тилга олинган ҳимоячилардан ташқари, Бен Дэвис, Вернер, Одоберларда ҳам жароҳат бор. Родриго Бентанкур эса ижтимоий тармоқлардаги хазили учун дисквалификация ўташга давом этмоқда. «Ливерпул» сафида эса Ибраима Конате, ҳамда Конор Брэдлиларда жароҳат бор. Брэдли майли, аммо Конатенинг жароҳати «Ливерпул»га муаммолар туғдирмоқда. Худди «Ливерпул»нинг аввалги рақиблари сингари «Тоттенҳэм» ҳам айнан шу нуқтага урғу беришини кутиш мумкин. Мезбонларда бунинг учун ресурслар етарли.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

21 декабр. Ипсвич – НЮКАСЛ (20:00), Кристал Пэлас – АРСЕНАЛ (22:30), Женоа – НАПОЛИ (22:00), БАЙЕР – Фрайбург (22:30)

22 декабр. РОМА – Парма (16:30), Эвертон – ЧЕЛСИ (19:00), МЮ – Борнмут (19:00), Волфсбург – БОРУССИЯ Д (21:30), АТАЛАНТА – Эмполи (22:00), Монца – ЮВЕНТУС (23 декабрга ўтар кечаси, 00:45), Ланс – ПСЖ (23 декабрга ўтар кечаси, 01:00). 

Мавзуга оид