НОТТИНГҲЕМ ФОРЕСТ – АСТОН ВИЛЛА (14 декабр, 22:30)

Ҳозирча Англия чемпионатида «Ноттингҳем Форес» энг асосий кашфиётлардан бири бўлиб турибди – 15 турдан кейин Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берувчи ўринлардан бирини эгаллаб туриш айниқса АПЛда жуда қийин. Ўтган турда «Олд Траффорд»да ғалаба қозонган Нуну Эшпириту Санту шогирдлари бу ишни уддалашмоқда. Албатта, турнир жадвалидаги тиғизликни ҳам инобатга олиш керак, масалан, 10-ўриндаги «Фулҳэм» атиги 2 очко жамғарган холос. Бирминҳэмликлар ҳисобида эса, худди «ўрмончилар» каби 25 очко бор.

Албатта, Эмери жамоасидан яхшироқ натижа кутишга ҳақли эдик. Аммо худди ўтган йилги «Нюкасл» каби бир неча фронтда курашиш «Вилла»га ҳам қийинчилик туғдиряпти. Айниқса, охирги ой жамоа учун оғир келди – «Астон Вилла» барча мусобақаларда қаторасига саккиз ўйинда ғалаба нималигини билмади. Фақат сўнгги уч ўйиндаги ғалаба жамоанинг ҳам Англия чемпионати, ҳам Чемпионлар Лигаси жадвалидаги ҳолатини бироз бўлса-да яхшилаб берди. Эмери жамоаси айни пайтда Чемпионлар Лигаси умумий жадвалида 5-ўринда боришмоқда. Агар «Монако» ва «Селтик»ка қарши ўйинлардан бирини ўз фойдасига ҳал қилса, «Астон Вилла» кучли саккизликка кириши ва тўғридан тўғри нимчорак финалда иштирок этиш имкониятини қўлга киритиши мумкин. «Манчестер Сити», «Реал», «ПСЖ», «Арсенал» каби жамоалар айни пайтда саккизталикка кира олмаётган пайтда бирминҳэмликларнинг бу натижаси албатта таҳсинга лойиқ.

«Астон Вилла» бундан кейинги ўйинларни «Манчестер Сити», «Нюкасл» ва «Брайтон» каби жамоаларга қарши ўтказади. Табиийки, боксинг-дэй олдидан юқори ўринларда қолиш учун айниқса, бугунги ўйинни ғалаба билан якунлаши шарт. Ўз навбатида «Ноттингҳем»нинг ҳам тақвими осон эмас. Нуну шогирдлари кейинги ўйинни ўз майдонидаги ўйинларда деярли юз фоизлик натижа қайд этаётган «Брентфорд»га сафар қилишса, сўнг «Тоттенҳэм»ни қабул қилишади.

Жароҳатларга келсак, мезбонлар сафида Данило ва Сангаре шерикларига ёрдам бера олишмайди. «Астон Вилла» эса Леон Бэйли, ҳамда Рэмзининг ёрдамидан фойдалана олмайди. Ўтган мавсумда бўлиб ўтган ҳар икки ўйинда мезбон жамоанинг қўли баланд келган. 2018 йилнинг ноябрида эса бу икки жамоа Чемпионшипда бўлган ва ўша мавсумдаги учрашувда 5:5 ҳисоби қайд этилганди.

АТЛЕТИКО – ХЕТАФЕ (15 декабр, 18:00)

Агар турли тактик курашлар ёки дриблинглардан зерикиб, майдонда ҳақиқий кураш томоша қилмоқчи бўлсангиз, ушбу ўйинга «ташриф буюришингиз» керак бўлади. Пепе Бардалас қайсидир маънода Диего Симеоненинг издоши ҳисобланади ва унинг жамоаларини доим енгиш қийин. Агар кўпроқ югуриб, кўпроқ кураш таклиф этмасангиз, осонликча натижага эришиб бўлмайди. Бунинг устига ушбу ўйин Мадрид дербиси ҳисобланади. Айнан шу стадионда ўтган охирги 5 учрашувнинг иккитаси дуранг билан якунланиб, қолган уч ўйинда ҳам «Атлетико» фақат минимал ҳисобда ғалабага эришгани бу сафар ҳам бизни муросасиз баҳс кутиб турганига далолат қилади. Айниқса, икки йил аввалги дерби эсингизда бўлса керак, ўйин давомида ҳисобда орқада ҳам борган мезбонлар ғалаба голини сўнгги дақиқаларда уриб 4:3 ҳисобида устун келгандилар.