БЕТИС – БАРСЕЛОНА (7 декабр, 20:15)
«Барселона» ниҳоят уч ўйиндан иборат муваффақиятсиз сериясини тўхтата олди. Мальоркадаги йирик ғалаба, шунингдек, «Реал»нинг мағлубияти туфайли, Флик шогирдлари яна йўқотилган очколар бўйича ҳам пешқадамга айланиб олишди. Айни дамда каталонияликлар «Реал»дан 4 очко олдинда боришмоқда, лекин «Реал»да бир ўйин захира бор. Энди эса «Барселона»ни яна бир қийин сафар кутиб турибди.
Қийинлиги шундаки, «Бетис» Испания чемпионати турнир жадвалида ўртамиёна бўлса-да, айнан ўз майдонидаги ўйинларда кучли ўйин намойиш этишмоқда. Андалусияда бўлиб ўтган 7 ўйиндан атиги биттасида мезбонлар мағлубиятга учраган холос. Ҳатто «Атлетико» ҳам ушбу стадиондан очко олиб кета олмагани ҳам ушбу ўйиндан муросасиз баҳс кутишга умид беради. Шу билан бирга, «Барселона» сўнгги йилларда «Бетис» майдонида анча муваффақиятли тўп сура олаётганини ҳам таъкидлаш лозим. «Бетис» ўз майдонида «Барселона» устидан охирги марта 2011 йилда ғалаба қозона олган экан. Ушбу жамоаларнинг ўтган мавсумда кечган сўнгги ўйини эса анча драматик кечганини хотирласангиз керак. Аввалига Иско уч дақиқада икки гол уриб, 0:2 ҳисобини 2:2 га айлантира олган, аммо ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Феран Торрес ва Фелишнинг голлари меҳмонларга уч очко олиб келганди. Умуман охирги олти ўзаро ўйинда «Барселона» «Бетис» устидан ғалаба қозониб келмоқда.
Жароҳатларга келсак, «Бетис»дан йўқотишлар кўпроқ ва асосан муҳим футболчилар сафдан чиққан. Форналс, Бальерин, Кардосо ва Рока каби исмларнинг барчаси асосий таркиб футболчилари эканини эътироф этиш керак. Вильям Карвалбю эса энг яхши эҳтимолда баҳорда майдонга қайтади. «Барселона» муаммолари асосан ҳимоя чизиғида. Араухо ҳали тиклангани йўқ, Кристиансен машғулотларга қайтган бўлса-да, ушбу ўйинда майдонга тушишга тайёр бўлмаслиги мумкин.
ЖИРОНА – РЕАЛ (8 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
Ўтган мавсумнинг барча мусобақаларида ҳаммаси бўлиб атиги 2 марта мағлубиятга учраган «Реал» сўнгги ўн бир ўйинда бешта ўйинда ютқазиб улгурди. Нисбатан олганда яққол пасайишни кузатишимиз мумкин. Албатта, фожеа эмас, мадридликлар Ла Лигада пешқадамга жуда яқин турибди, Чемпионлар Лигасидаги йўқотишларнинг ўрнини тўлдириш ҳам Анчелотти шогирдларининг ўз қўлида, аммо жамоа ўйинидаги мувозанатни топиш, Мбаппени жамоа ўйинига тезроқ интеграция қилиш мураббийлар учун ҳали ҳам муаммолигича қолмоқда ва мавсумнинг муҳим палласи олдидан ҳал қилиниши лозим бўлган асосий масалалар ҳам шу.
Табиийки, бошқа сабаблар ҳам йўқ эмас. Худди ўтган мавсумдагидек айниқса, ҳимоя чизиғида жароҳатлар кўпайиб кетди. Билбаодаги ўйинда ҳимояда Васкес, Асенсио, Рюдигер ва Гарсия ўйнади – шубҳасиз, бу мавсум бошида режалаштирилган тўртлик эмас. Ўтган мавсумда гоҳ Тчуамени, гоҳ Камавинга ҳимоядаги бўшлиқларни тўлдирган бўлишса, айни пайтда улар яримҳимояни ҳам ҳал қилишлари керак, зеро Кросснинг кетиши у ерда ҳам очиқ вазифалар қолдирган. Мбаппенинг реализациясидаги муаммолар, французга ўрнини беришга мажбур бўлган Родригонинг спорт формасидаги пасайиш, Винисиуснинг жароҳати муаммоларни ҳал қилиб бўлмас даражага олиб чиқмоқда. «Реал» аутсайдерларга қарши ўйинларда классдаги фарқ ҳисобига чиройли ғалабага эришаётган бўлса-да, тўғри ташкил қилинган жамоаларга қарши қийинчиликка дуч келмоқда. «Милан»дан тортиб, «Лилл» бўладими, «Атлетик»ми, анча дадил футбол кўрсатиб, нафақат ҳисобда, балки ўйин томонлама ҳам «Реал»дан устунлик қилишди.











