Фойдали | 18:09 / 10.11.2025
26620
12 дақиқада ўқилади

“Парковка”даги машинангизга шикаст етган бўлса нима қилиш керак?

Автомобилингизни савдо маркази, масжид, дорихона ёки бошқа ўзингизга қулай жойга қўйиб кетдингиз. Ҳаммаси қоида бўйича — ҳеч кимга халал бермагансиз. Лекин қайтиб келиб қарасангиз, машинага шикаст етган. На камера, на айбдор бор — фақат шилинган кузовни кўриб турибсиз.

Фото: iStock

Шундай ҳол менинг ҳам бошимдан ўтган. Мен, Бахтинур Муҳаммедов ўшанда товон пулини тўлиқ олишга эришдим. Сиз ҳам шундай вазиятда нима қилиш кераклигини билиб олишингиз учун нима қилиш кераклигини босқичма-босқич айтиб ўтаман.

Шикаст етганини кўрганда нима қилиш керак

Машинага шикаст етганини кўришингиз билан 102 рақамига қўнғироқ қилинг. Ходимлар келгунига қадар машинага тегманг ва атрофдаги буюмларни жойидан қўзғатманг. Бу суриштирув ўтказишга халал бериши мумкин. Авария чироқларини ёқинг ва ИИБ ходими келишини кутинг.

Ҳужжат расмийлаштирилмагунича кетиб қолмаслик керак. Бу ЙТҲ жойидан қочиш деб ҳисобланади ва БҲМнинг 30 баравари 11,25 млн сўм жарима солинишига сабаб бўлади. Шикаст етган жой арзимаган бўлса ҳам кетиб қолманг – акс ҳолда сиз айбдор деб топилишингиз мумкин.

ИИБ ходимини кутиш чоғида

1. Атрофни кўздан кечиринг.

Яқин-атрофда айбдор ёки гувоҳлар бор-йўқлигини аниқланг. Агар яқинингизда тўқнашув асорати мавжуд автомобил турган бўлса, унинг рақамини ёзиб олинг. Қоровул ёки ўткинчилар билан гаплашинг: эҳтимол, ҳодисани кимдир кўргандир ёки қаерда камера борлигини билиши мумкин.

2. Барча нарсани қайд қилинг.

Фото ва видеога олинг: машина турган жойнинг умумий кўриниши, машина ҳолати, шикаст етган жойни. Агарда ерда синган бўлаклар, бўёқ ёки бошқа машина изи бўлса – уларни ҳам суратга олинг. Агар регистраторингиз бўлса, ундаги ёзувни сақлаб қўйинг.

3. Маълумот йиғинг.

Гувоҳларнинг исмлари ва телефон рақамларини ёзиб олинг. Суғурта полисингиз амал қилиш муддатини ва унинг тури ОСАГО ёки КАСКО эканлигини текширинг.

ИИБ ходими келганидан сўнг

Ходимлар ҳодиса баённомаси, ЙТҲ схемасини ва шикастланиш тўғрисидаги маълумотномани тузадилар. Ҳужжатларда барча зарарлар ва ҳолатлар кўрсатилганига эътибор беринг. Агар баённомадаги ёзувларга қўшилмасангиз, уни имзоламанг, аввал инспектoр билан муҳокама қилинг.

Агар айбдор шахс ҳодиса жойидан қочиб кетган бўлса, бу ҳақда хабар беринг. Ички ишлар бўлими уни таъриф, камера ёзувлари ёки гувоҳлар кўрсатмалари орқали топишга ҳаракат қилади. Баённомада албатта айбдор шахс аниқланмагани қайд этилган бўлиши шарт — бу суғурта тўловини олишда муҳим.

Суғурта компаниясига мурожаат қилинг

Буёғи суғурта турига боғлиқ. Ўзбекистонда суғуртанинг иккита асосий тури бор:

1. Кўнгилли автосуғурта (КАСКО)

Агар КАСКО расмийлаштирилган бўлса, таъмирлаш ёки зарар учун тўлов муаммо бўлмайди. Полис нафақат ЙТҲ, балки ўғирлик, ёнғин, табиий офатлар, вандализм ва бошқа хатарларни ҳам қоплайди. Баъзан шартнома шартларига кўра автомобилни алмаштириш ҳам мумкин бўлади — барчаси суғурта дастури ва мукофот миқдорига боғлиқ.

КАСКО — ҳодисада ким айбдор бўлишидан қатъи назар, айнан сизнинг автомобилингизни ҳимоя қиладиган кўнгилли суғурта. ОСАГОдан фарқли равишда, КАСКО айбдор топилмаган вазиятда ҳам машинангизга етган зарарни қоплаб беради.

Машинага шикаст етган бўлса нима қилиш керак

  1. Суғурта компаниясига қўнғироқ қилинг. Компания рақами полисда кўрсатилган бўлади.
  2. Йўриқномага риоя қилинг. Суғурта ходими ҳужжатларни расмийлаштириш учун комиссар ёки консултант юборади.
  3. Маълумотнома олинг. Аксарият ҳолларда ЙҲХХ ёки ИИБдан ЙТҲ ёки вандализм ҳолати тўғрисида маълумотнома керак бўлади.
  4. Ҳужжат тайёрланг. Одатда баённома ёки қарор нусхаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, техпаспорт ва КАСКО полиси талаб қилинади.
  5. Текширувни кутинг. Суғурта компанияси машинани устахонага юборади ёки таъмирлаш харажатини тўлайди.

Агар сизда бир вақтнинг ўзида ҳам КАСКО, ҳам ОСАГО бўлса, аввал айбдорнинг ОСАГОси бўйича суғурта пули олинади, етмаган суммани эса КАСКО қоплайди. Масалан, зарар 20 млн сўм бўлса, ОСАГО бўйича 14 млн сўм берилади, қолган 6 млн сўмни эса КАСКО тўлайди.

КАСКО қанча туради

КАСКО нархи автомобилнинг бозор баҳоси, танланган хатарлар ва қўшимча хизматларга боғлиқ. Одатда мукофот машина қийматининг 1-3%игача миқдорни ташкил этади. Агар эвакуатор, техник ёрдам, такси ёки шиналарни алмаштириш кабилар қўшилса, нарх ошади.

КАСКОнинг LITE, SMART ва DELUXE пакетлари. Нархлар ва хизматлар қандай пакет танланишига боғлиқ.

2. Мажбурий автосуғурта (ОСАГО)

Аксарият ҳайдовчилардаги каби менда ҳам фақат мажбурий суғурта бор эди ва бахтга қарши, унинг амал қилиш муддати аллақачон тугаганди.

Тўлиқ номи — «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш».

ОСАГО сиз бошқаларга — инсон, машина ёки мулкка етказган зарарни қоплайди. Содда қилиб айтганда, бу суғурта сизнинг машинангизни эмас, балки сиз сабабли жабрланганларни ҳимоя қилади.

ОСАГО ёрдам беради

Айбдор номаълум бўлса ҳам тўлиқ компенсация олиш мумкин. Асосийси - ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш ва суғурта компаниясини хабардор қилиш. Ҳаттоки КАСКО йўқ бўлиб, зарар кўрган бўлсангиз ҳам ОСАГО бўйича суғурта компаниянгизга ЙТҲ ҳақида дарҳол хабар беринг.

Бу иккита сабаб туфайли муҳим:

— суғурта қоидалари шуни талаб қилади;

— буёғига қандай ҳаракат қилишни суғурта компанияси айтади.

Тўғридан тўғри мувофиқлаштириш

Қонун бўйича ҳайдовчи ҳар қандай ҳолатда суғурта компаниясини ЙТҲ ҳақида хабардор қилиши шарт. Агар иккала иштирокчи ҳам суғурталанган бўлса, тўғридан тўғри мувофиқлаштириш механизми амал қилади:

сиз ўз суғурта компаниянгиздан тўлов оласиз, у эса айбдорнинг компанияси билан келишиб олади.

Тўлов қанча вақтни олади

Ариза берилганидан кейин ҳужжатлар йиғилади, зарар баҳоланади ва қарор қабул қилинади.

Қонунга кўра, аризани кўриб чиқишга 15 календар кун, тўлов учун яна 5 иш куни ажратилган.

Агар ҳужжатлар жойида бўлса, компенсацияни бир ойга қолмасдан олиш мумкин.

ЙҲХББда ҳужжатлар қандай расмийлаштирилади

Мурожаатдан сўнг ЙҲХХ ходими автомобилни кўздан кечиради, баённома тузади, машина эса вақтинча жарима майдонига жойлаштирилади.

Автомобилнинг жарима майдонига жойлаштирилгани тўғрисидаги далолатнома. Ҳужжат машина ЙТҲдан сўнг жойлаштирилганини тасдиқлайди.

Сўнгра иш ЙҲХББ қидирув бўлимига берилади. Бу бўлим:

  • агар айбдор номаълум бўлса, жиноят иши очади;
  • баҳолаш компанияси ҳисоботини сўрайди;
  • машинани Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳ.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказига экспертиза қилиш учун жўнатади.
ЙҲХББнинг ишни ёпиш тўғрисидаги қарори: ЙТҲ қатнашчиларини аниқлаш имкони бўлмади, жабрланувчилар йўқ.

Агар айбдор топилса, у қуйидагиларга мажбур:

  • зарарни тўлиқ қоплаш;
  • суд харажатларини тўлаш;
  • воқеа жойидан қочишга урингани учун қўшимча жарима тўлаш .

ЙТҲ жойидан кетиб қолиш жиддий қоидабузарлик бўлиб, айбдорни жарима ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлиш кутади (зарар миқдорига қараб).

Агар айбдор топилмаса, иш Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармасига топширилади.

Зарарни мустақил баҳолаш: нима учун керак ва қандай ўтказилади

Тўлов миқдорида адашмаслик учун мустақил баҳолаш хизматидан фойдаланинг. Айбдор томоннинг суғурта компанияси экспертизани ўзи белгилайди, аммо сиз ҳам ўз баҳоловчингизни чақириш ҳуқуқига эгасиз. Агар зарар кам баҳоланган деб ҳисобласангиз, ўз экспертиза хулосангизни суғурта компанияси ёки судга тақдим этинг. Одатда бундай баҳолаш харажатлари суғурта тўловига киритилади.

Шикастланиш билан боғлиқ барча харажатларни қайд этиб боринг: эвакуатор хизмати, автомобилни сақлаш, экспертиза. Бу сарф-харажатларни тўлов талабномасига қўшишингиз мумкин. Агар иш судгача етиб борса, чеклар ва эксперт хулосалари зарар миқдорини исботловчи далил бўлади.

Компенсация жамғармаси: агар айбдор топилмаса

Жамғарма аризани бир ой муддатда кўриб чиқади. Агар қарор ижобий бўлса, сизга қуйидагилар тўлаб берилади:

  • баҳолаш ҳисоботида кўрсатилган зарар миқдори;
  • баҳолаш компанияси хизмати учун тўлов;
  • жарима майдони учун тўлов.

Ҳаттоки полис муддати ўтган ёки автомобил ҳали суғурта қилинмаган бўлса ҳам компенсация тўланади (O'RQ-155, 26-м., 2-б.).

ЙТҲдан сўнг компенсация олиш учун Мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармасига ариза намунаси

Айбдор топилмаса ҳам компенсация олишингиз мумкин — Мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси орқали. У айнан мана шундай: ҳайдовчи жабрланган, лекин айбдор топилмаган ҳолатлар учун ташкил этилган.

Жамғармага маблағлар суғурта компанияларидан келиб тушади — жабрланганларга зарарни қоплаб бериш учун суғурта мукофотининг бир қисми шу ерга ўтказилади.

Қанча пул олиш мумкин

Компенсация миқдори қонун билан чекланган — 40 млн сўмгача:

  • 14 млн сўмгача — мулкка етказилган зарар учун (масалан, автомобилга);
  • 26 млн сўмгача — соғлиққа етказилган зарар учун.

Тўлов қандай олинади

  1. Ҳужжат тўпланг.
  2. ЙТҲ тўғрисидаги маълумотлар, текширув акти, зарарни баҳолаш ва ИИБдан маълумотнома керак бўлади.
  3. Жамғармага ариза беринг.
  4. Айрим ҳолларда, агар зарар миқдори баҳсли ёки айбдор зарарни қўплашни истамаса, суд қарори керак бўлади.
  5. Жавобни кутинг.
  6. Ҳужжатлар кўриб чиқилганидан сўнг Жамғарма бир ой ичида маблағни ўтказиб беради. Сўнгра агар айбдор топилса, у ушбу маблағни Фондга қайтариши шарт бўлади.

Агар сизда ОСАГО полиси бўлмаса

Алоҳида ҳолатни кўриб чиқамиз: машинангиз шикастланган, лекин сиздаги ОСАГО полиси муддати ўтган ёки умуман расмийлаштирилмаган. Бу компенсация олишга халақит бермайди — чунки тўловни ё айбдор томоннинг суғуртаси ёки сизнинг КАСКОингиз ёхуд юқорида айтилган Жамғарма амалга оширади.

Аммо мажбурий автосуғурта йўқлиги учун жаримага тайёр туринг. Ўзбекистонда ОСАГО суғуртасисиз машина ҳайдаш — маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Ҳужжатлар текширилганда (ЙҲХХ ходимлари буни йўл-транспорт ҳодисаси жойида албатта текширади) сизга 375 минг сўм миқдорида жарима солинади.

Бундан ташқари, агарда йўл-транспорт ҳодисасига сиз айбдор бўлиб, суғурта полисингиз бўлмаса, жабрланувчилар тўловни шахсан сиздан талаб қилишади. Суғурта бўлмаса — зарарни ўз чўнтагингиздан ёки суд орқали тўлашингизга тўғри келади. Жамғарма эса бошида сиз учун тўлов қилиши, аммо кейин сиздан ушбу маблағни қайтариб олиши мумкин.

Изоҳ: агар машина шунчаки турган ва уни бошқармаган бўлсангиз ҳам ОСАГОнинг йўқлиги қоидабузарлик деб ҳисобланади (машина сотиб олинганидан сўнг 10 кун ўтгач уни суғурта қилиш талаб этилади). Минилмай шунчаки турган машина учун ҳам суғуртаси бўлмаса жарима ёзилади.

Якун

Ҳаттоки машинангизга тураргоҳда шикаст етган бўлса ва айбдор топилмаса ҳам ҳужжатларни тўғри расмийлаштирсангиз, тўлиқ компенсация олишингиз мумкин.

Асосийси, тартибли ҳаракат:

  1. Машинага тегманг.
  2. 102 рақамига қўнғироқ қилинг.
  3. Суғурта компаниясига хабар беринг.
  4. Барча ҳужжатларни тўғри расмийлаштиринг ва сабр қилинг.

Ёдда тутинг:

Суғурта — бу хотиржамлигингизга киритилган инвестиция. Ўз вақтида тўланган кичик сумма келажакда сизни катта муаммолардан сақлаб қолиши мумкин.

Бахтинур Муҳамедов
Тайёрлаган Бахтинур Муҳамедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид