Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазода бир кечада 40 киши, Ливанда эса 5 киши Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлди
Ғарб давлатлари Фаластинни тан олиш орқали Нетаняҳуга босим ўтказишга уринаётган вақтда IDF ҳужумларга куч бермоқда. Хусусан, Исроил армияси якшанба куни Ғазо шаҳридаги турар жой биноларига зарба бериб камида 40 кишини, Ливанга қилинган дрон ҳужумида эса бир оиланинг 4 аъзосини ўлдирди.
Фото: Reuters
21 сентябрь куни Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазода камида 40 киши, жумладан 19 нафар аёл ва болалар, шунингдек Ливанда 5 киши ҳалок бўлди.
The Guardian нашрининг маҳаллий соғлиқни сақлаш идораларига таяниб хабар беришича, Ғазо шаҳрининг жанубий қисмидаги турар жой биносига уюштирилган бир зарбада камида 14 киши ҳалок бўлган. Ал-Авда шифохонаси эса марказий Ғазодаги Бурейж қочқинлар лагерига қилинган ҳужумда камида 8 фаластинлик ўлдирилганини билдирди.
Исроил, шунингдек, Ливаннинг жанубидаги Бинт Жубайл шаҳрида дрон ҳужуми уюштириб, 5 кишини – уч бола ва уларнинг отасини ўлдирди. Ливан президенти Жозеф Аун бу зарбани қоралаб, уни Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги сулҳни бузиш деб атади.
Reutersʼнинг Ливан давлат ахборот агентлигига таяниб ёзишича, зарба мототцикл ва машинага қилинган, икки киши яраланган. Парламент спикери Набиҳ Берри ўз баёнотида ҳалок бўлганлар орасида ота ва уч фарзанди борлигини, онаси эса яраланганини айтди. Уларнинг АҚШ фуқаролиги борлиги ҳам маълум қилинди. АҚШ давлат департаменти эса «далиллар шуни кўрсатадики, ҳалок бўлган беш кишидан ҳеч бири АҚШ фуқароси эмас. Улардан бирининг илгари фойдаланилмаган иммиграция визаси аризаси бўлган», — деди.
Ўтган йил ноябрида сулҳ имзоланганига қарамай, Исроил Ливанга деярли ҳар куни зарба бериб келмоқда. Ливан армиясига кўра, бу зарбалар сони 4 500дан ошган. Ливан ҳукумати Исроилнинг бундай ҳаракатлари Ҳизбуллоҳни қуролсизлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни издан чиқармоқда, дея таъкидлади.
«Биз Нью-Йоркда тинчлик ва инсон ҳуқуқлари масалаларини муҳокама қилаётган бир пайтда, Исроил халқаро резолюцияларни мунтазам равишда бузишда давом этмоқда… Болаларимиз қонидан устун турадиган тинчлик бўлиши мумкин эмас», — деди Аун.
Исроил ҳужумларни кучайтирмоқда
Исроил бу ҳафта Ғазо шаҳрига ҳужумларини кучайтирди ва шаҳарни эгаллаш кампаниясининг бошланганини эълон қилди. Армия тинимсиз равишда баланд қаватли биноларни нишонга олмоқда. Ҳуманитар ходимларга фақат шифохоналарда ҳужум қилинмайди, деб маълум қилинди ва шаҳардаги 1 миллион аҳолига шаҳарни тарк этишни буюрди.
IDF’га кўра, август охиридан бери Ғазо шаҳридан ярим миллиондан ортиқ фаластинлик кўчирилган. Аммо, кўплаб фаластинликлар транспорт харажатини кўтара олмагани сабабли жанубдаги «ҳуманитар зона» деб эълон қилинган ҳудудга пиёда кетишга мажбур бўлган ёки шаҳарда қолган. Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, бундай мажбурий кўчириш Ғазодаги фалокатли шароитларни янада оғирлаштиради, аҳолининг катта қисми аллақачон очарчиликдан азият чекмоқда.
БМТнинг Ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармасининг маълум қилишича, Исроил очликдан азият чекаётган одамларга ёрдам кўрсатиш имкониятлари мунтазам равишда тўсиб қўймоқда. Ҳар ҳафта янги чекловлар жорий этилмоқда.
Якшанба куни Австралия, Канада, Буюк Британия ва Португалия Фаластин давлатини расман тан олди. Яқин орада яна бошқа давлатлар ҳам шундай қарор қабул қилиши кутилмоқда. Ғарб давлатлари ва халқаро ҳамжамиятнинг катта қисми Исроилдан Ғазода сулҳга эришишни ва Ғазо шаҳрига ҳужумларни тўхтатишни талаб қилди.
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу эса бунга ғазаб билан жавоб бериб, Ғарб давлатларини «Ҳамас учун бемаъни мукофот бераётганликда» айблади.
Исроил ҳужумлари охирги 23 ойда Ғазода 65 мингдан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлди ва ҳудуднинг катта қисмини вайрон қилди.
Мавзуга оид
09:24 / 23.12.2025
Исроил ҳукумати армия радиосини ёпишни маъқуллади
09:10 / 22.12.2025
Исроил Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида 19 та янги посёлкани маъқуллади
15:41 / 20.12.2025
Исроил сулҳга қарамай Ғазодаги бошпанага ҳужум уюштирди: камида 6 киши ҳалок бўлди
11:40 / 18.12.2025