Жаҳон | 09:10 / 05.10.2024
2524
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ суди толибларнинг аёлларга муносабатини таъқиб этиш сифатида баҳолади

Афғонистонлик аёлнинг бошпана сўраш бўйича аризасини кўриб чиқаётганда, Европа Иттифоқи давлатлари унинг ватанида таъқиб остида қолиш хавфи бор-йўқлигини аниқлашлари шарт эмас. Европа Иттифоқи суди қочқин мақоми аёл жинси ва афғон фуқаролигига қараб берилиши мумкинлигини аниқлади.

Фото: Paula Bronstein / Getty Images

Афғонистонда ҳукмрон толиблар томонидан аёлларга нисбатан муносабат таъқиб сифатида таснифланиши керак, бу эса ўз навбатида афғон аёлларига қочқин мақомини бериш учун асос бўлиши мумкин. Бундай қарор Люксембургдаги Европа Иттифоқи суди томонидан қабул қилинган. Афғонистонлик аёлларнинг бошпана сўраш даъволарини қондириш учун Европа Иттифоқи давлатлари фақат уларнинг жинси ва афғон фуқаролигини ҳисобга олиши керак, дейилади суд 4 октябр, жума куни чоп этган пресс-релизда. Бу ишга икки афғон аёли ҳукуматнинг уларни қочқин сифатида тан олишдан бош тортгани устидан шикоят қилган Австрия маъмурий судининг сўрови сабаб бўлди. Иккаласи ҳам суднинг пресс-релизида қочқин мақомини бериш аёлларнинг аҳволи билан асосланишини таъкидламоқда.

Европа суди Афғонистонда аёлларга нисбатан кўрилаётган баъзи чора-тадбирлар, масалан, мажбуран эрга бериш, гендер ва оиладаги зўравонликдан ҳимояланмасликнинг ўзи таъқиб деб ҳисобланиши кераклиги, Люксембургдаги судялар мажбурий никоҳни қуллик шаклига тенглаштиргани ҳақида жавоб берди.

Танани тўлиқ ёпувчи кийимни кийиш талаби, таълим, иш ва соғлиқни сақлашга киришни чеклаш, сиёсий ҳаётдан четлаштириш каби бошқа чоралар ҳам биргаликда таъқибни ташкил этади, дейилади матбуот баёнотида. Унда афғон аёллари ўз ватанларида инсон қадр-қиммати билан боғлиқ асосий ҳуқуқлардан қандай маҳрум бўлаётгани таъкидланган.

Шундай қилиб, афғон аёлининг бошпана сўраш даъвосини кўриб чиқаётганда, агар у ўз ватанига қайтса, ҳақиқатан ҳам таъқибга учрашини аниқлаштиришнинг ҳожати йўқ. Ижобий қарор қабул қилиш учун Европа Иттифоқи давлатлари Афғонистондан келган қочқиннинг жинси ва фуқаролигини ҳисобга олиши керак, дея қайд этади Европа суди.

Мавзуга оид