Жаҳон | 13:29
667
3 дақиқада ўқилади

Эронда қурбонлар сони ўсмоқда: ЕИ ва Британия санкцияларни кучайтиришга тайёрланяпти

Эронда намойишчилар орасида ҳалок бўлганлар сони ортиб бораётган бир пайтда, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия 13 январ, сешанба куни Теҳронга нисбатан янги санкциялар тайёрланаётганини маълум қилди.

Фото: AP

Эронда намойишчилар орасида қурбонлар сони ўсиши фонида Европа Иттифоқи ва Буюк Британия раҳбарлари 13 январ, сешанба куни Теҳронга қарши янги санкциялар тайёрланаётганини маълум қилди.

“Эронда қурбонлар сони ортиб бораётгани даҳшатга солади. Мен кучдан ҳаддан ташқари фойдаланиш ва эркинликларнинг давомли чекланишини қатъий қоралайман”, — деб ёзди Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен X микроблогида. У, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)га нисбатан инсон ҳуқуқлари бузилгани муносабати билан ЕИ санкциялари аллақачон амал қилаётганини эслатди.

“Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас билан яқин ҳамкорликда репрессиялар учун жавобгар шахсларга нисбатан қўшимча санкциялар таклиф қилинади”, — деб эълон қилди ЕК раҳбари. “Биз ўз эркинлиги учун жасорат билан курашаётган Эрон халқи билан бирдаммиз”, — деб таъкидлади фон дер Ляйен.

13 январ куни, шунингдек, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Иветт Купер ҳам Британия қонун чиқарувчилари Теҳронга нисбатан қўшимча санкциялар ва соҳавий чекловлар тайёрлаётганини маълум қилди. Қайд этилишича, янги чоралар молия, энергетика, транспорт “ва бошқа муҳим саноат тармоқлари”га тааллуқли бўлади.

“Дунё Эронни кузатмоқда, ва Буюк Британия режимнинг ёлғонига қарши туришда, унинг репрессияларини қоралашда ҳамда қироллик манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришда давом этади”, — деди Купер Британия парламенти Қуйи палатасида чиқиш қилар экан.

Шу куни у Лондондаги Эрон элчисини ТИВга чақирган. Худди шундай қадамни Германия, Франция ва Италия ташқи ишлар вазирлари ҳам ўз мамлакатларида ташлаган: Йоханн Вадефул, Жан-Ноэл Барро ва Антонио Таяни.

АҚШда жойлашган HRANA ахборот агентлиги маълумотига кўра, 13 январ ҳолатига келиб, ҳуқуқ ҳимоячилари Эрондаги намойишлар даврида 2003 кишининг ҳалок бўлганини тасдиқлай олган. Улар орасида: 1850 нафар намойишчи, ҳукумат билан боғлиқ 135 нафар шахс, 18 ёшдан кичик 9 нафар инсон, шунингдек, намойишларда иштирок этмаган 9 нафар фуқаро бор.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид