Ўзбекистон | 12:15 / 23.02.2026
9086
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада 62 нафар боғча тарбияланувчиси шифохонага ётқизилган

Беморларда тана ҳарорати кўтарилиши, қориндаги оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши, ич ўтиши белгилари қайд этилган.

Фото: Kun.uz

Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши юз бергани юзасидан тарқалган хабарлар бўйича маълумот берди.

Маълум қилинишича, 21 феврал куни Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига Фарғона шаҳри ҳудудида жойлашган 2-сонли, 58-сонли ва 61-сонли мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари олиб келинган.

Уларда тана ҳарорати кўтарилиши, қориндаги оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши, ич ўтиши белгилари қайд этилган.

«Аниқланишича, беморларда қорин соҳасида оғриқ, ич кетиши, ҳарорат кўтарилиши, кўнгил айниши каби салбий ҳолатлар кузатилган. Шифохонада даволовчи врачлар томонидан беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, «Ўткир диарея касаллиги, алиментар этиологияли» ташхиси билан диярея бўлимига ётқизилган», дейилади бошқарма хабарида.

Ҳозирда бўлимда 62 нафар бемор даволанмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари боғчаларнинг ошхоналарида ва овқат етказиб берувчи корхонада текширувлар ўтказиб, болалар истеъмол қилган таомлардан лаборатория намуналари олиб текшираётгани маълум қилинган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид