Жамият | 10:35 / 12.12.2017
12046
2 дақиқада ўқилади

Коллеж талабасини ўқишга тиклаш жараёни қандай амалга оширилади?   

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги 367-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ўқувчиларнинг ўқишини бир ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасидан бошқасига кўчириш, шунингдек, илгари ўқишдан четлаштирилган ўқувчиларни ўқишга қайта тиклаш, қоидага кўра, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги Ҳуқуқий ахборот каналида хабар берилган.

Ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.

Ўқувчиларни ўқишга қайта тиклаш учун ўқувчи вояга етмаган бўлса унинг ота-онасидан бири (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) четлаштириш сабабларини кўрсатган ҳолда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директори номига ариза бериши керак.

Ўқувчининг, ўқувчи вояга етмаган бўлса унинг ота-онасидан бирининг (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) ўқувчини ўқишга қайта тиклаш ҳақидаги аризаси ариза берилган кундан бошлаб 15 кун муддатда кўриб чиқилади.

Ўқувчини бошқа ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасига ўқишга қайта тиклашда у олдин ўқиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг розилиги талаб этилмайди.

Ўқувчи олдин ўқиган тайёрлов йўналиши тўхтатилган бўлса, унинг хоҳишига кўра турдош тайёрлов йўналишига ўқишни тиклаш мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид