Жаҳон | 17:58 / 19.04.2026
14133
6 дақиқада ўқилади

Эрон бўғозни яна ёпиб қўйди. Бир неча кема ўққа тутилган

Эрон қуролли кучлари шанба куни Ҳўрмуз бўғози устидан «қатъий назорат» қайтадан тиклангани ҳақида маълум қилди. Бу эса стратегик муҳим сув йўлини очиш тўғрисида Вашингтон билан музокаралар доирасида қабул қилинган қарор бекор бўлганини англатади.

Фото: Reuters

Эрон Ҳўрмуз бўғози қайтадан ёпилганини маълум қилди. Ҳарбийларнинг давлат телевидениеси орқали эълон қилинган баёнотида Вашингтон ваъдасига хилоф тарзда Эрон портларига келаётган ва портлардан чиқаётган кемаларни блоклашда давом этгани қайд этилган.

АҚШ Эрондан чиқувчи ва Эронга кирувчи барча кемалар учун тўлиқ эркинликни тикламагунича «Ҳўрмуз бўғозидаги вазият қатъий назорат остида бўлиши» таъкидланган.

Кейинроқ Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ҳарбий-денгиз кучлари «бирорта кема Форс кўрфази ёки Ўмон кўрфазида лангар ташлаган жойларини тарк этмаслиги» лозимлигини маълум қилди.

«Ҳўрмуз бўғозига яқинлашиш душман билан ҳамкорлик сифатида баҳоланади ва уни бузган кема нишонга олинади», – дейилади корпус баёнотида.

Шунингдек, «Доналд Трампнинг Ҳўрмуз бўғози бўйича сўзлари ўз кучини йўқотгани» қайд этилган.

Bloomberg хабарига кўра, Эрон ҳукумати ўтиш навбатини кутиб турган кемаларнинг капитанларини бўғоз бўйлаб ҳаракат ёпилгани ҳақида хабардор қилган.

Шанба куни аввалида Доналд Трамп журналистлар билан мулоқот чоғида Эрон раҳбарияти яна Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўймоқчилиги, аммо «АҚШ ўзини шантаж қилишга йўл қўймаслиги»ни айтганди.

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар бу масалада қатъий позицияни эгаллаган.

У Эрон билан «жуда яхши музокаралар» олиб борилаётганини айтган, аммо Теҳрон ўзини «сўнгги 47 йил давомида бўлгани каби бироз айёрона тутаётгани»ни қайд этган.

У кейинроқ Эрон бўйича айрим маълумотлар пайдо бўлишини ваъда қилган, аммо можаро ҳақидаги тўғридан тўғри саволларга жавоб беришни истамаган.

Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги сулҳ муддати 22 апрел куни якунланади.

«Балки мен уни узайтирмасман, аммо блокада ўз кучида қолмоқда», – деганди Трамп аввалроқ Air Force One бортида сулҳ бўйича савол берган журналистларга.

АҚШ марказий қўмондонлигига (CENTCOM) кўра, 13 апрел куни бошланган блокада давомида 21 та кема ортига бурилиб, Эронга қайтишга мажбур бўлган.

MarineTraffic хизмати маълумотларига кўра, тижорат кемалари Ҳўрмуз бўғози орқали ўтишни бошлаганди, бироқ шанба куни ёпилгандан сўнг йўналишни ўзгартира бошлаган.

Ҳўрмуз бўғозидаги кемалар ўққа тутилди

Шанба куни бўғоз яна тўсиб қўйилганидан кейин бўғоз ҳудудида ҳаракатланган камида учта савдо кемаси Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан ўққа тутилган.

Биринчи ҳолат Ўмон соҳилларидан 20 миля (37 км атрофида) масофада рўй берган. Буюк Британиянинг Денгиз савдо ташувларини мувофиқлаштириш маркази (UKMTO) маълумотига кўра, кема ва экипаж хавфсизликда.

«Танкер капитани унга Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг иккита катери яқинлашгани, улар алоқага чиқмагани, кейин эса танкерга қарата ўт очилганини маълум қилди. Маълум қилинишича, танкер ва экипаж хавфсиз ҳолатда. Расмийлар тергов олиб бормоқда», – дейилади хабарда.

Кейинроқ UKMTO Ўмондан 25 миля шимоли-шарқда турган контейнеровозга ҳам «номаълум снаряд» келиб тушгани, шунингдек, Ўмон соҳиллари яқинидаги круиз лайнер атрофида ҳам сувга номаълум объект тушганини хабар қилди.

Бунинг ортидан Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги шанба куни ўққа тутилган кемалардан иккитаси ўз байроғи остида ҳаракатланганини маълум қилди. Вазирлик Эронни ҳинд кемаларини бўғоздан ўтказиш амалиётига қайтишга чақирган.

Axios ўз манбасига таяниб, учта савдо кемаси ҳужумга учрагани, шундан камида биттаси шикастланганини хабар қилди.

Келишув йўлидаги тўсиқлар

Шанба куни Покистон расмийлари армия бош қўмондони Осим Мунир Теҳронга уч кунлик ташрифини якунлагани ҳақида хабар берди – у бу ерда урушни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида Эрон раҳбарияти билан учрашган.

AFP иқтибос келтирган баёнотга кўра, фелдмаршал президент, ташқи ишлар вазири, парламент спикери ва ҳарбий қўмондонлик раҳбари билан учрашган.

«Ташриф Покистоннинг можарони музокаралар йўли билан ҳал қилишга ва тинчлик, барқарорлик ва фаровонликка ҳисса қўшишга қатъий интилишини намойиш этди», – дейилади ҳарбий идора баёнотида.

Ўтган ҳафта охирида АҚШ ва Эрон делегациялари Исломободда Покистон воситачилигида тинчлик музокараларини ўтказганди. Биринчи раунд муваффақиятсизликка учраган бўлса-да, урушни якунлаш учун дипломатик ҳаракатлар давом этди.

Томонлар тез орада Покистон пойтахтида яна учрашиши кутилмоқда, бироқ Эрон ҳукумати шанба куни учрашув санаси ҳали белгиланмаганини маълум қилди.

AFP маълумотларига кўра, АҚШ ва Эрон ўртасида жиддий келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда.

Трамп журналистларга Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган кемалардан «бож ундирмаслиги»ни айтди.

Бундан ташқари, Трамп Вашингтон ва Теҳрон тинчлик келишуви доирасида Эронда сақланаётган бойитилган уранни топширишни талаб қилган, бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги уран захиралари ҳеч қаерга олиб кетилмаслигини маълум қилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид