Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон иккинчи турга рози бўлди, Вэнс Исломободга келмоқда
Эрон ҳозирча урушни тўхтатиш бўйича музокараларнинг навбатдаги босқичида иштирок этишини расман тасдиқламади, аммо ОАВ хабар беришича, ислом республикаси олий раҳбарининг бу борадаги розилиги олинган.
Фото: Chip Somodevilla/Getty Images
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Эрон билан урушни тўхтатиш бўйича музокараларни давом эттириш учун Покистон пойтахтига йўл олди, деб хабар берган Axios нашрининг америкалик манбалари.
Эрон ҳозирга қадар музокараларнинг иккинчи турида иштирок этишини расман тасдиқламаган. Axios нашри ёзишича, «Оқ уй душанба куни кун бўйи музокаралар гуруҳини Исломободга жўнатиш учун Теҳрондан сигнал кутган».
Нашр манбаси фикрича, эронликлар музокаралар жараёнини Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан кўрсатилаётган босим туфайли чўзишган – ҳарбийлар қатъий позицияда туриб, Американинг Ҳўрмуз бўғозидаги блокадаси бекор қилинмагунча, ҳеч қандай музокара ўтказмасликни талаб қилган.
«Эрон музокарачилари жамоаси олий раҳнамонинг [Мужтаба Хоминаий] рухсатини кутишган. Манбага кўра, бу рухсат душанба куни кечқурун берилган», – дея хабар беради Axios.
Reuters агентлигининг Эрондаги манбаси шу кунларда расмий баёнотларга қарамай, Эрон музокараларда қатнашиш имкониятини кўриб чиқаётганини, аммо қарор ҳали қабул қилинмаганини айтганди. Покистондаги манба эса агентликка ўт очишни тўхтатиш режими Вашингтон вақти билан сешанба куни 20:00 да якунланишини (Тошкент вақти билан чоршанбага ўтар кечаси соат 05:00) айтган.
«Трамп амалда бир кун қўшди. Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувда кўзда тутилган икки ҳафталик муддат сешанба куни тугаса-да, у душанба куни сўнгги муддат – чоршанба куни кечқурун бўлишини айтди», – дея ёзади пишет Axios.
Нашрнинг икки манбаси Вэнс Покистонга сешанба тонгида учиб кетишини айтган, учинчи манба хабарига кўра, у душанба куни кечқурун учган.
Олдинроқ Reuters манбаси Вэнс ҳамон Қўшма Штатларда бўлиб турганини хабар қилганди. Бошқа бир суҳбатдош эса аниқлик киритиб, Америка делегацияси ҳали парвозга чиқмагани, аммо тез орада Исломободга йўл олишини айтган.
CNN манбалари ҳам шу маълумотни тасдиқлаган. АҚШ ва Эрон делегациялари вакиллари музокараларнинг иккинчи босқичи, 22 апрел куни кечқурунга белгиланганини айтишган. Аммо CNN суҳбатдоши икки томоннинг кескин баёнотлари туфайли вазият беқарорлигича қолаётганини қайд этган.
Оқ уйдагилар CNN сўровига жавобан, муддат бўйича расмий маълумот ҳозирча йўқлигини билдиришган, аммо шундай қўшимча қилинган: «Биз делегация яқин вақтлар ичида йўлга чиқишини кутмоқдамиз, аммо бу айнан қачон бўлиши аниқ эмас».
АҚШ президенти Доналд Трамп New York Post учун берган интервюсида Вэнс музокараларда қатнашишини анонс қилганди. У музокараларнинг 11-12 апрел кунлари бўлиб ўтган биринчи босқичида ҳам Америка делегациясига раҳбарлик қилганди. Бундан ташқари, музокараларда Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Вэнс Покистонга келганида вақтинчалик сулҳ муддати тугаётган бўлади. Трамп 19 апрел куни агар якуний келишувга эришилмаса, Эрондаги кўприклар ва электр станцияларига зарба бериш билан таҳдид қилганди.
Бундай қисқа муддатда кенг кўламли келишув тузиш қийин бўлса-да, агар тараққиёт белгилари пайдо бўлса, Трамп ҳам муддатни узайтиришга рози бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқда Axios.
Покистон, Миср ва Туркиядаги воситачилар Эронни музокараларнинг иккинчи босқичида қатнашишга чақирган.
АҚШ якшанба куни Америка блокадасини бузиб, Ҳўрмуз бўғози орқали ўтмоқчи бўлган Эрон кемасини қўлга олганидан ва Теҳрон бунга жавоб қайтаришини айтганидан кейин сулҳ хавф остида қолганди.
Эрон ТИВ вакили Исмоил Бақоий душанба куни Вашингтон дипломатик жараённи давом эттиришга «жиддий ёндашмаётгани» ҳақида гапирди. У АҚШ «баъзи асоссиз ва нореал позицияларда туриб олиши»ни қайд этган. Эронлик юқори мартабали мулозим Reuters билан суҳбатда теҳроннинг «мудофаа имкониятлари», жумладан, унинг ракета дастури муҳокама қилинмаслигини айтган.
Покистон хавфсизлик хизматларидаги манбага кўра, музокаралардаги асосий воситачи – Покистон армияси штаби бошлиғи Осим Мунир – Трамп билан мулоқот чоғида Американинг Ҳўрмуз бўғозидаги блокадаси музокаралар учун жиддий тўсиқ бўлаётганини маълум қилган. Унинг маълумотига кўра, АҚШ президенти фелдмаршал Мунирнинг бу эътирозини ҳисобга олишга ваъда берган.
Якшанба куни Эрон билан вақтинчалик сулҳ муддати узайтирилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан шундай деди: «Мен билмайман. Бундай бўлмаслиги мумкин. Мен уни узайтирмаслигим мумкин. Аммо блокада сақланиб қолади». Душанба куни эса у Truth Social тармоғида бу фикрни такрорлади: «Биз келишув бўлмагунича бекор қилмаётган блокада Эронни тўлиқ яксон этади. Улар кунига 500 млн доллар йўқотмоқда».
Икки томонлама блокировка
Ҳўрмуз бўғози жаҳон иқтисодиёти учун жуда муҳим – жаҳон бўйлаб ташиладиган нефтнинг 20 фоизи шу сув йўлидан ўтади. 28 феврал куни АҚШ ва Исроил бошлаган ҳужумдан кейин Эрон бўғоздан ўтиш ҳеч қайси кема учун хавфсиз эмаслигини эълон қилди.
Эрон сув йўлини миналаштирганини маълум қилган, бундан ташқари, блокадани бузувчи кемалар ўққа тутилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Дастлабки кунларда бу таҳдид реаллиги маълум бўлди ва бўғозни кесиб ўтишга уринган бир неча танкерга дронлар ҳужум қилди. Натижада юзлаб танкерлар жойида қолди, нефт нархи эса кескин кўтарилди.
Эрон учун бу олдиндан ўйланган стратегия эди: жаҳон бозорида ёқилғи нархи кўтарилиши АҚШни урушни тўхтатишга мажбур қилиши кўзда тутилганди.
Шу билан бир вақтда, Эрон ўз танкерларини бўғоз орқали ҳаракатлантирмоқда – бу эса Америка ҳам Эронни нефтдан кўриладиган даромадлардан маҳрум этиш учун бўғозни блоклашга ундади. 12 апрел куни АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги ўз ҳарбий кемалари Ҳўрмуз бўғози орқали Эрон портларига бораётган ва Эрон портларидан чиқаётган кемалар йўлини тўсишини маълум қилди.
17 апрел куни Эрон бўғозни очганди, аммо бир кун ўтиб, Америка блокадаси бекор қилинмагани туфайли ўз блокадасини тиклади.