Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Интернетга чиқди дегани муаммо ҳал бўлади деганимас» — Бухоро вилояти прокурори билан суҳбат
Ҳудудлар секторларга бўлиниб бошқарилаётганига ҳам маълум бир вақт бўлиб қолди. Бошқарувнинг янги усули кўпчиликда турли саволлар пайдо қилаётгани ҳам ҳақиқат. Kun.uz жамоаси Бухоро вилоятига сафари давомида вилоятнинг янги прокурори ҳамда прокуратура масъул бўлган иккинчи сектор фаолияти билан ҳам танишди.
Бухоро вилояти прокурори Маҳмуд Шуҳратович Истамов бу лавозимга тайинланганига кўп бўлмади. Қизиғи — у илгари умуман прокуратура соҳасида ишламаган.

1979 йилда туғилган, Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос бўлган Маҳмуд Истамов меҳнат фаолиятини 2000 йилда Адлия вазирлигида катта маслаҳатчиси лавозимида бошлаган.
2006-2014 йилларда Ўзбекистон президенти девони инспектори, етакчи инспектор, 2014-2019 йилларда Ўзбекистон президенти девони Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш хизмати Сиёсий партиялар билан ҳамкорлик қилиш шуъбаси мудири, Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик шуъбаси мудири, адлия вазири ўринбосари, адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган.
У 2019 йил 23 июлда Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари лавозимига сайланган.
— Маҳмуд Шуҳратович, сиз умуман бошқа тизимдан, Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари лавозимидан Бухоро вилоят прокурори этиб тайинландингиз. Бу тайинлов кўпчилик учун, балки ўзингиз учун ҳам кутилмаган бўлди. Лавозимга тайинланганингиз қандай бўлган? Қандай қабул қилдингиз бу тайинловни?
— Ҳақиқатан ҳам, бу тайинлов ўзим учун кутилмаганда бўлди. Таклиф бўлди, авваламбор, ўйланиб қолдим, юрист бўлганим билан, шу ҳуқуқ-тартибот соҳасида, бошқа идораларда ишлаганим билан бу янги соҳани эплармикинман, деган фикр ҳам хаёлдан ўтди.
Лекин давлатимга қайси соҳада керак бўлсам, халққа қаерда кўпроқ фойдам, ёрдамим тегадиган бўлса, ўша соҳада ишлашга розилик билдирдим. Президент ишонч билдирганидан кейин бошқа йўл ҳам йўқ, фақат фидойилик билан, садоқат билан ҳалол-пок ишлаб, халқнинг ишончига сазовор бўлиш, бу йўлда яратганнинг ўзи қўллаб-қувватласин. Ўзи тўғри йўлдан адаштирмасин, деган ниятда иш бошладим.
— Прокуратура тизимида одатда ўзи туғилиб ўсган вилоятга прокурор этиб тайинланиши камдан-кам учрайдиган ҳолат. Сиз Бухоро фарзандисиз. Ўз юртингизда вилоят прокурори лавозимида ишлаш қийинчилик туғдирмайдими? Бухородаги энг асосий миссиянгизни нимада кўряпсиз?
— Энди қийинчилик туғдиради демайман-ку, кўпроқ менимча, масъулият юклайди. Чунки шу юрт фарзанди бўлгач, яқинлар шу юртда яшаётганидан сўнг, ҳар бир қадамингизни ўйлаб босасиз, қабул қилаётган қарорингизни адолат нуқтайи назаридан тўғри бўляптими йўқми деб, етти ўлчаб бир кесасиз, албатта.

Ўзи бугунги кунда бир қарайдиган бўлсак, мана шу халқ орасида прокуратура деганда, ҳар доим яхши фикр шаклланмаган. Ёмон стереотиплар сақланиб қолган.
Бошқа тизимдан келган бўлсам ҳам, айтишим мумкинки, тизимда жуда кўп фидойи ва содиқ инсонлар ишлайди. Қонунийлик нуқтайи назаридан садоқат билан ишлайдиган инсонлар бор ва уларнинг ишини кўрсатиш, юқорида таъкидлаганимдек, ёмон стереотипларни йўқотиб, прокуратуранинг обрўйини ошириб, халқ ишончига кўпроқ сазовор бўлишни асосий миссия, деб ҳисоблайман.
Қанчалик бўлса ҳам халқнинг розилигини оладиган бўлсак, одамларнинг прокуратура идораларига нисбатан ишончини орттирадиган бўлсак, бу вазифа бажарилган, деб ҳисоблайман. Бунинг учун биз бутун жамоа билан катта иш бошлаганмиз.
— Уч ойга яқин вақт давомида вилоят прокурори лавозимида ишлаяпсиз. Вилоятдаги қонунийлик аҳволига ташхис қўйишга улгурдингизми? Қонунийликни таъминлашдаги энг катта хавф, энг коррупциоген соҳалар қайсилар? Қандай турдаги жиноятлар ўсиб боряпти? Коррупция, жиноятчиликка қарши кураш масаласида энг катта чақирув бугунги кунда нима?
— Авваламбор, тайинлангандан кейин вазиятни ўнглаш учун биринчи галда фуқаролар қабули билан шуғулландим. Сайёр қабуллар бўлди. Асосий мақсад фуқаролардан билиш, қайси соҳада қандай муаммолар борлигини ўрганиш ва уларнинг ечими бўйича манзилли ишлаш масаласи кўндаланг бўлди. Ҳозиргача, мана, 400дан ортиқ фуқарони бевосита қабул қилган бўлсам, Бухоро вилоятидаги энг катта муаммолар ер ажратиш, қурилиш соҳаси, кредит ажратиш ва иш билан таъминлаш билан боғлиқ муаммолар.

Умуман олганда, бугунги кунда вилоят прокуратураси билан, жамоа билан биргаликда коррупцияга қарши кураш масаласини биринчи навбатдаги вазифа қилиб қўйдик. Мана шу уч ойлик давр ҳисобига 39та ҳар хил тадбирда 18та коррупцион жиноятни очиш ва бартараф қилишни йўлга қўйдик. Бу ўтган йилги давр билан солиштирилганда 50 фоизга кўп ва бу масалада, албатта, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳам жуда яхши алоқа йўлга қўйилган. Энг асосийси — бош прокурор ҳам биздан шу нарсаларни талаб қиляпти ва Бухоро вилояти ҳокими Ботир Комилович Зарипов менга вилоятни коррупциядан тозалаб бергин, деган масалани қўйяпти. Биз бу йўналишда коррупцияга қарши катта уруш эълон қилганмиз.
Жиноятчилик масаласини таҳлил қиладиган бўлсак, бугунги кунда мени энг ташвишлантирадиган нарса — фирибгарлик жиноятининг кескин ошиб бораётгани. Чунки 2019 йил билан 2020 йилни солиштирадиган бўлсак, бундай жиноятлар кўрсаткичи 90 фоизга ошган. 2020 йилнинг биринчи чораги билан 2021 йилнинг дастлабки чорагини солиштирадиган бўлсак ҳам ўсиш қарийб 100 фоиз.
Энг асосий йўналишлар — бу уй олди-сотдиси, қарз олди олди-бердиси, ишга жойлаштириш, чет элга ўқишга юбориш, машина олиб бериш каби фирибгарлик жиноятларини санаш мумкин. Бу эса кишида шундай тасаввур уйғотади, гўёки шариф шаҳримизни бутун бир фирибгарлар макон қилиб олгандай. Масаланинг маънавий томони ҳам бор, лафз, ҳаром луқма деган тушунчалар бор. Майли, бу томонига диний уламолар баҳо беради. Лекин қайсидир, одамда кимнидир алдаб пулини олиб фирибгарлик қиламан, деса биз бунга қатъийлик билан курашамиз. Кимдадир жазосиз қолиш фикри бўлса, у адашяпти. Биз бу масалага қонун доирасида қаттиқ курашамиз.
— Ижтимоий тармоқларда тергов, суд фаолиятидан норози бўлганларнинг чиқишлари кўпайиб кетгандек. Одамлар ўз муаммосини ечишда шу инструментдан кўпроқ фойдаланаётмоқда. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Бундай чиқишлар бўйича вилоят прокуратурасида қандайдир алоҳида чоралар кўриладими?
— Энди, бундай ҳоллар учун алоҳида чора кўрилмайди, оддий мурожаат қандай бўладиган бўлса, интернетдаги ижтимоий тармоқлардаги мурожаатни ҳам шундай тартибда кўриб чиқамиз. Фақат қўшимча қиладиган ишимиз — лозим деб топсак, ҳар бир чиқишга расмий муносабат билдиришимиз мумкин.

«Масала интернетга, ижтимоий тармоқда чиқибди», дегани — бу масала узил-кесил ҳал бўлади дегани эмас, бундай қараш жуда нотўғри. Чунки, яқинда қабулимга келган фуқаро «Мен Youtube тармоғига чиқариш учун блогерга 5 миллион сўм бердим. Энди бу муаммони ҳал қилиб бермайсизларми?» деди. «Ўша пулни блогерга эмас, адвокатга берганингизда балки тўғри иш қилган бўлар эдингиз», дедим.
Тўғри, блогер ўз блогида чиқаради. Лекин қонун йўл қўйсагина бу муаммо ҳал бўлиши мумкин. Агар қонун йўл қўймаса, юзлаб марта чиқиш қилса ҳам, у ҳал бўлмайди. Шунинг учун биз ҳар қандай мурожаатга бўлгани каби, интернетдаги чиқишларга ҳам шундай муносабат қиламиз.
Бу бугунги куннинг воқеълиги. Буни тўғри қабул қилишимиз керак. Бу сўз ва фикр эркинлиги намунаси. Ҳар ким ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиши учун қонун тақиқламаган ҳар хил инструментдан фойдаланиши мумкин. Бундай фуқаролар ҳам фойдаланяпти, нормал ҳолат. Лекин барибир қандай ўрганилишидан қатъи назар, қонун асос қилиб олинади.
Албатта, вақт ўтади ва биз мана шу босқичдан ҳам ўтамиз. Жамиятимизнинг ўзи бунинг сарагини саракка, пучагини пучакка чиқаради.
Блогерларнинг иши қонунийми, деган саволга жавоб берадиган бўлсак, блогер унга масалани ҳал қилиш ваъдасини бермаяпти. У ўз блогида мурожаатни эълон қилиб, бунинг учун қандайдир ҳақ, моддий маблағ оляпти. Бу ерда қонунбузилиш ҳолати йўқ. Лекин одамларимиз бир нарсани тушуниши керакки, блогер-журналистларга эмас, балки уларга кўпроқ ишонч бўлаётгандир, лекин кўпроқ адвокатларга мурожаат қилса, масаласи имкон қадар қонуний ечим топади. Мана шуни одамларга етказиш лозим, деб биламан.
Айрим ҳолларда одамлар ўзини ноҳақлигини билиб туриб «мен интернетга чиқсам, ижтимоий тармоққа чиқсам — масалам фойдамга ечим топади, деган фикрда бўлиши мумкин. Шу мақсадда блогерларнинг хизматидан фойдаланиши мумкин. Бу — унинг ҳуқуқи. Лекин бу мутлақо тўғри ечим эмас. Тўғри ечим — адвокат ёллаб, судда масалани ҳал қилиш.
Вилоят прокурори ҳар бир нарсага прагматик йўл излаш тарафдори эканлиги аён бўлди. Бироқ, фуқароларнинг юридик йўл билан эмас, ижтимоий тармоқ орқали резонанс ҳосил қилиб қилаётган чиқишлари иш бераётгани ҳам ҳақиқат. Биз ана шундай мурожаатчилардан бири — Бухоро шаҳрининг собиқ прокурори Жасур Фозиловнинг ижтимоий тармоқлар орқали қилган чиқиши ва унинг кейинги тақдири ҳақида ҳам савол бердик.
— Энди ҳақиқадан ҳам шунақа: Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов ўтган йили декабр ойида ижтимоий тармоқларда Бош прокуратуранинг ички хавфсизлик инспекцияси ҳаракатларидан норози бўлиб, прокуратура раҳбариятига нисбаттан турли айбловлар билан чиқиб, республика комиссияси тузишни талаб қилди ва унинг талаби бажарилди.
Президент Администрацияси, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Сенат ва бошқа ташкилотлар иштирокида республика коммисияси тузилди, ҳолатни ўрганди. Комиссия барча ҳолатни адолатли ўрганиб, хулоса қилди.
Натижада, Бош прокурор буйруғи билан Жасур Фозилов жиноятга алоқаси бўлмаган шахсларни терговга жалб қилгани учун унга нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланди. Мен вилоятга прокурор этиб тайинланганимдан сўнг, у ўз хоҳиши билан шаҳар прокурори лавозимидан озод этиш ҳақида ариза ёзди. Унинг аризаси қониқтирилди. Ҳозирда Жасур Фозилов ишдан бўшатилмаган, кадрлар бўлими ихтиёрига берилган. Унинг масаласи кун тартибидан тушгани йўқ, кўриб чиқилмоқда.
Биз Бухоро шаҳридаги 2-сектор штабига келдик. Бу ерда турли ташкилотларнинг вакиллари ҳам фуқаролар билан ишлашда ёрдам беришар экан. Прокурор қисқача штабнинг ишини тушунтириб ўтди.



— Прокуратура идораларига сектор вазифалари ҳам юкланган. Секторга юклатилган вазифалар билан прокурорлик вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашуви юзага келмайдими?
— Йўқ, бу ерда мен манфаатлар тўқнашувини кўрмаяпман. Ўзи секторлар бошқарувига нега ўтилган, қандай ўтилган. Энг аввало йиллар давомида тўпланган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш учун 2017 йилда янгича бошқарувга ўтилган. Биз айрим пайт тўрт йил олдин қандай ҳолатда эдик, болаларни боғчага қўйишимиз мумкинмиди, мактаблар, йўлларнинг авҳоли қанақа эди, деган нарсаларни эсдан чиқарамиз.
Шунинг учун бугунги кунда секторларда боғчаларнинг қамрови бўйича, мактаблар, кўчаларнинг ободонлиги бўйича кўплаб ишлар қилинди. Бу ерда ҳеч қандай манфаатлар тўқнашуви йўқ, ҳар қандай муаммонинг ечими сифатида қонунни қўллаш керак бўлади. Халқимизни қийнаётган муаммо мана шу ерда қонунийлик нуқтайи назаридан ўрганилиб, масалага ҳуқуқий ечим топилади ва айнан қонуний ечимни топишда прокуратура ходимлари ўз ваколатидан фойдаланиб, жонбозлик кўрсатади.
Прокуратура тизимида ишлайдиган ходимларнинг штати бошқа идоралар билан солиштирилганда унча катта эмас. Шунинг учун секторларда ишни масъул идоралар ходимларини жалб қилган ҳолда ташкил қилганмиз. Кўп масалалар айнан шу штабда ваколатли идоралар иштирокида ечиладиган бўлди.
Штабда нафақат масъул идоралар, балки психологлар ҳам бор. Улар ҳар қандай никоҳ ажрими масаласида судга бориладиган бўлса, оилаларни яраштириш мақсадида психологик суҳбатлар олиб борилади. Имкон бўлса улар яраштирилади. Имкони бўлмаса ўз хулосасини судга ёки ФҲДЁ идораларига беради. Шу нуқтайи назардан қараладиган бўлса, секторлар иши жуда кенг қамровли бўлади.
Шундан сўнг вилоят прокурори бизни «Обод маҳалла» дастурлари ижроси бўйича прокуратура ишчи гуруҳи штабига олиб борди. Бухоронинг қадимий Баҳоуддин Нақшбандий кўчасида амалга оширилаётган ободончилик ишлари билан танишдик. Маҳаллада кенг қамровдаги ободончилик ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик. Кўчаларга қадимий услубда плиткалар ётқизилмоқда. Асфальт қилинмоқда.




Шу ерда вилоят прокурори ижтимоий тармоқларда аҳоли томонидан Бухоро шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, хусусан, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид қурилаётган кўп қаватли уйлар борасида чиқиб турган кунора мурожаатлар юзасидан фикр билдирди.
— Бу соҳада, назоратни кучайтириш йўналишида нима қилиш керак?
— Энди бу саволга оддий ёндашиб жавоб бериш қийин. Бу қурилиш соҳаси масаласи комплекс ёндашувни талаб қилади. Чиндан ҳам кунора мурожаатлар чиқади. Аҳоли қайсидир қурилишдан ёки ер ажратишдан норози бўлади.
Бу борада сўнгги йилларда нафақат Бухорода, республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам кўплаб тизимли муаммолар йиғилиб қолган. Биргина Бухорони оладиган бўлсак, охирги 3-4 йилда 400дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилди. Бундан ташқари, юзлаб давлат объектлари, ижтимоий соҳа объектлари қуриляпти.
Давлат назоратини олиб борадиган ташкилотда архитектура назоратини олиб борадиган бор-йўғи 18 нафар инспектор фаолият олиб боради. 18 ходим бунча объектни қамраб ололадими-йўқми?
Бундан ташқари, бир қанча назорат тушунчалари бор. Буюртмачи назорати ёки лойиҳа ташкилотининг муаллифлик назорати бор. Бу тизимлар ҳам исталгандек ишламаяпти.
Сўнгги йилларда бизда улушдорлик асосида кўп қаватли уйларни қуриш соҳаси ривожланиб кетди. Аслида амалиёт ҳаёт қонунидан сал илгарилаб кетди. Бизда уй-жой кодекси бор. Бу ҳужжат ҳам 90-йилларда қабул қилинган. Яъни илгариги совет кодекси намунаси асосида тайёрланган. Кодексда бу масалалар тартибга солинмаган. Бу масала президент қарори билан тартибга солиняпти.
Бу борада улушдорлар, яъни уй сотиб олувчиларининг ҳуқуқий манфаатини ҳимоя қилиш масаласи турибди. Агар ўша қурувчи алдайдиган бўлса, қандай кафолат бор, деган масалалар очиқ турибди. Бу масалаларни биз ҳуқуқий тартибга солишимиз керак.
Аҳоли жуда тўғри эътироз билдиради. Яшаш массивида қандайдир объект қурилишига эътироз билдиради. Албатта яшаш учун муҳит деган нарса бўлиши керак. Бу — элементар нарса. Боғ бўлиши керак, автотураргоҳ, сайр қилиш учун жой, болалар майдончалари бўлиши керак. Биз ҳам қатъийлик билан шаҳар ҳокимлигининг бу борадаги қарорларини кўтаряпмиз. Аҳоли манфаатлари йўналишига мослаштириш мақсадида, бу қарорларни бекор қилиш мақсадида протестлар киритяпмиз.
Лекин турар жой массивидан ер ажратиб берилишининг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Бизда «Бухоро Сити» мажмуси ва бошқа кўплаб объектлар қурилди. Шу сабабли бир қанча бинолар снос бўлди. Албатта, у ерда объектнинг эгаси бўлган тадбиркорнинг ҳам манфаатлари бор. Бир бино бузилдими давлат ўша қийматга мос бошқа жойдан ер бериши керак. Ер эгаси эса айнан ўзи яшаш жойидан жой берилишини талаб қилади. Ҳудуддаги аҳоли эса норози бўлади. Бу ўртадаги мувозанатни сақлаб, сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган қилиб муросага келтириш — давлат амалдорларини иши ҳисобланади. Бу масалада энг тўғри йўл, менинг ўйлашимча, бу жамоатчилик назорати. Сабаби, ҳали айтганимиздай, инспекторларни кўпайтириш бу масаланинг ечими эмас.
Яқинда бўлиб ўтган селекторда президентимиз «Халқпарвар комиссия» кенгаши тузиш таклифини бердилар. Шундан келиб чиқиб, биз янги портал яратиш ташаббуси билан чиқдик. Ушбу порталнинг ҳам ҳуқуқий замирини яратиб, кенг жамоатчиликка эълон қиламиз.
Порталнинг мақсади — ҳамма объектлар ҳақида фуқаролар кириб тўлиқ маълумот олиши мумкин. Яъни ер ажратиш қарори қачон чиққан, ким томонидан чиқарилган, қурилиш лойиҳаси қандай, экпертизадан ўтганми, хулосаси қандай, АРТ берилганми, техник назоратлари борми, ким билан шартнома қилган, шаҳарсозлик экспертизаси қандай хулоса берган, қурилиш материаллари сифати қандай, тендер жараёнлари каби саволларга очиқ ойдин жавоб олишлари мумкин. Агар бу портални жорий қилсак, республика миқёсида оммалаштириладиган тажриба бўлиши мумкин.
— Сизни кўпчилик Марказий сайлов комиссиясидаги фаолиятингиз орқали ҳам танийди. Марказий сайлов комиссиясида ҳам аъзоликни сақлаб қолгансиз. Бу йилги президентлик сайловларга тайёргарлик қандай кечяпти? Сайловдан нималарни кутишимиз керак?
— Бу йилги сайловларга марказий сайлов комиссияси жуда катта тайёргарлик ишларини олиб боряпти. Бутун норматив ҳуқуқий базамиз қайта кўриб чиқилди. Ҳозир сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни танлаб, уларни ўқитиш бўйича катта ишлар қилиняпти. Ўқув услубий қўлланмалар ишлаб чиқиляпти.
Умуман олганда, тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1994-95-йиллардан кейин бизда сайлов қонунчилиги кескин ўзгарди. Демократик стандартларга анча яқинлашди. Биз сайлов қонунчилигини анча такомиллаштирдик. Кўп янгиликлар киритдик.

Албатта, айрим тавсиялар қабул қилинмайди. Чунки экспертлар билан маслаҳатлашилганда улар ҳам баъзи тавсияларни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслигини айтишди.
Масалан, конституциямизга кўра, президентликка номзодлар охирги йилларда Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаши керак. Кузатувчилар бу банд ортиқча, чекловларни олиб ташлаш керак, дейишди. Кечирасиз-ку, Ўзбекистонда яшамаган одам бу ердаги одамларни ўрганмаган шахс қандай қилиб депутат бўлиши мумкин, президент бўлиши мумкин? Шундай тавсияларини биз қабул қилмадик.

Умуман олганда, бизда сайлов қонунчилиги бутунлай ўзгарди. Бугунги очиқлик ошкоралик даврида фуқаролар ўз фикрини очиқ ошкора билдираётган даврда мен аминманки, сайловлар демократик стандартлар асосида ўтади.
— Оммавий ахборот воситалари, блогерларга қандай тилакларингиз, тавсияларингиз бор?
— Оммавий ахборот воситалари ҳақида гап кетганда бир иборани ишлатишни яхши кўраман. Ахборот — бу олов. Қўлида олов бўлган ҳар қандай одам ёнғин хавфсизлигига риоя қилиши шарт.
Шунинг учун бугунги ОАВ ходимларида, блогерларда жуда катта маънавий масъулият бор. Жамиятда ижтимоий фикрни шакллантирадиган асосий институтларидан бири сизлар. Халқимизга тўғри ахборотни холис етказишда, авваламбор виждонларингиз олдида тўғри бўлишни тилаб қоламан.
Беҳзод Адизов суҳбатлашди,
Тасвирчи: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
17:30 / 06.04.2026
“Рус, инглиз ва немис тилини телефон ва интернетдан ўргандик” — бухоролик 12 ёшли эгизаклар ҳикояси
16:55 / 27.02.2026
«Чириган жасад изидан» – Ўзбекистонда ўлдирилган Туркия фуқаросининг қотиллари қандай топилди?
12:51 / 26.02.2026
Бухорода 13 яшар қиз она бўлди. Гумонланувчи қамоққа олинган
12:07 / 25.02.2026