Ўзбекистон | 17:56 / 31.05.2024
8500
9 дақиқада ўқилади

Эски ва Янги Тошкент қурилишлар қуршовида: нималар ўзгаради?

Пойтахтдаги вазирлик ва идоралар Янги Тошкентга кўчирилади. Кенг кўламдаги қурилишлар даврида ҳавонинг ифлосланиши ортиши, дарахтлар камайиши ҳамда йўлларда йирик тирбандликлар юзага келиши мумкин. Kun.uz билан суҳбатда мутахассислар қурилиш норма ва қоидаларига қатъий амал қилиниши ҳамда кучли назорат бўлиши кераклигини таъкидлашди.

Маълумот учун, Янги Тошкент ҳозирги шаҳарнинг шарқий қисмида, 20 минг гектарлик ҳудудда барпо қилиниши кутиляпти. Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида жойлашадиган шаҳар концепцияcи тақдимоти февралнинг охирида бўлиб ўтди.

Янги шаҳарга республика даражасидаги ижро органлари кўчирилади, уларнинг ҳозирги бинолари сотилиб, тушган маблағлар Янги Тошкентда маъмурий бинолар қуришга сарфланади. Шаҳарда бир қатор ижтимоий объектлар қурилиши бошланган.

– Дастлаб учалангизга ҳам бир хил савол билан юзланмоқчиман. Ўзи янги шаҳарлар нима учун қурилади? Янги Тошкент қурилишига эҳтиёж бормиди, бўлса, улар нималардан иборат?

Саидазим Шарипов: Аҳолимиз ўсиб боряпти. Марказий Осиёда аҳолиси тез ўсиб бораётган ва зич жойлашган давлатлардан бири ҳисобланамиз. Тошкентда йилига 100 минг нафар аҳоли қўшилиб боряпти. Марказий нуқта, яъни магнит сифатида кўрилаётган давлат бўлгани сабаб нафақат мамлакат, балки атрофдаги бошқа давлатлар фуқароларини ҳам ўзига жалб қилади. [Шунингдек] бизнес ва ривожланишни жалб қилади деган мақсадда Тошкент кенгаймоқда.

Темур Аҳмедов: Бу асосий сабаблари бўлади, чунки шаҳарлар барибир ривожланади. Аҳоли кўпайганидан кейин шаҳарлар кенгаяди. Бизда Самарқанд, Бухоро ҳам кенгаймоқда. Тошкент минтақавий марказ бўлгани учун кўчада юрганингизда ҳам ҳар хил давлатлардан одамлар келаётганини кўрасиз. Чунки тадбиркорлик ўсяпти, қандайдир халқаро лойиҳалар кўпайяпти, одамлар келиб ишлайди. Нафақат меҳмонхонада, уй олиб бир неча йил яшайдиганлар ҳам бор. [Шунинг учун] шаҳар кенгаймаслигининг иложи йўқ.

Искандар Солиев: Шаҳарларнинг кенгайиши дунё миқёсида олиб қаралса, ҳамма ерда кузатилади. Бу – одатий ҳол. Лекин қандай ҳолатларда кенгаяди, масалан, шаҳарнинг кенгайиши инфратузилмавий ёки бошқа томондан қарайдиган бўлсак, бошқа иложи йўқ, яъни ривожланишга бошқа ҳудудлар кўринмаётган ҳолатларда шаҳарлар кенгайиши ёки йўлдош шаҳарларга уланиб, кенгайиши мумкин.

Энди Тошкентни оладиган бўлсак, бу ерда ҳали [кенгайиш учун] ҳудудлар бор, бу ҳолатда Тошкентнинг кўп қисмини 1 қаватли уйлар эгаллаган. Шу жойларни ҳам оптималлаштирган ҳолда зичликни ошириш мумкин бўлган вазиятдамиз. Аҳоли кўпаймоқда, Ўзбекистонда 2050 йилгача бу ўсиш давом этади. Бу жараёнда яна бир эътиборли жиҳати, мастер режа тузишда бошқа шаҳарларга ҳам бир вақтнинг ўзида аҳамият бериб кетиш керак, деган фикрдаман. Ўшанда Тошкентнинг аҳоли сони ҳозирги ҳолатдагидан секинроқ ўсса керак.

Темур Аҳмедов: Яна бир нарса қўшмоқчи эдим, сиз айтганингиздек бизда урбанизация бўляпти, қишлоқ аҳолиси шаҳарга кўчяпти. Бу қисман янги имкониятлар: ўқиш, ишлаш билан боғлиқ. [Лекин] технология ривожланяпти, қишлоқ хўжалиги ҳам автоматлаштирила бошланса, камроқ одамлар ишлашни бошлайди. Бизда ҳозир қишлоқ хўжалиги секторида кўп одам ишлайди, масалан, АҚШда аҳолининг атиги 3 фоизи қишлоқ хўжалигида ишлайди. Бизда 40 фоизлар атрофида, яъни автоматлаштирилиб, янги технологиянинг таъсири кузатилса, одамлар бўшашни бошлайди. Кейин эса улар қаергадир бориши керак бўлади, бу вазиятда эса асосан шаҳарларга боришни бошлашади. Бу жараёнда нафақат Тошкентга, балки умуман катта ёки кичик шаҳар бўладими – ҳаммасига таъсир бўлади. Кейинги 10-15 йилда кўп аҳоли қишлоқдан шаҳарларга ўтади.

– Саидазим ака, сиз берган маълумотларга кўра, айни вақт 20 минг гектардан 6 минг гектар майдоннинг биринчи босқич бош режаси ишлаб чиқилган. Шуни қисқача тушунтирсангиз, маълум ҳудудга бош режа ишлаб чиқилиши нимани англатади, ундан кейин қандай ишлар қилинади? Умумий режада янги Тошкентни қанча йилда қуриб битказиш режа қилинган, қисқача босқичларига ҳам тўхталсангиз.

Саидазим Шарипов: Янги Тошкентнинг умумий майдони 20 минг гектарни ташкил қилади. Бу мавжуд Тошкентнинг шарқий қисмида жойлашган. 20 минг гектарни бир авлодда ўзлаштириш, бир авлодда шаҳар қуриш имконсиз. Чунки жуда катта ҳудуд, ҳозирги Тошкентнинг ярми дегани. Шунинг учун бош режа концепцияси деганмиз, яъни ўша ҳудуд қандай стратегияда ривожланади. Шу ҳудуд стратегияси белгиланганидан кейин, бу стратегияда, албатта, босқичлари ҳам ёзилган. Биринчи босқичимиз 6 минг гектар ҳудудни ўз ичига олган, бизнинг авлод биринчи босқични битира олади. Қолган босқичлар кейинги авлодларга. Биринчи босқич учун 10 йилни режа қиляпмиз, чунки бу ерда асосий ғояси – административ марказ бўлиши.

Яъни Тошкент шаҳридаги административ бинолар кўчириб ўтказилади, шунинг ҳисобида 10 йилларда шаҳар сифатида ривожланишини тахмин қиляпмиз. Ва, албатта, нафақат административ туман, балки биринчи босқичимизда шаҳар сифатида ривожланиши мумкин бўлган барча шароитлар бўлади. Монофункция эмас, кўп функцияли шаҳар сифатида лойиҳаладик.

Биринчи босқичимизнинг бош режаси, бу дегани қурилиш бошланадими? Ҳа, бошланади. Яъни қандай кўрсаткичлар, қандай функция, умуман инфратузилма тармоқлари қандай ташкил қилиниши, ҳар бир ҳудуднинг бу тармоқларга бераётган босими – шуларнинг ҳаммасини ҳисоб-китоб қилганмиз. Аслида бош режанинг маъноси ҳам шу, шаҳар тўлақонли режалангани каби, рисоладагидек ўз фаолиятини давом эттириши учун қилинади. Агар шу бош режа бўйича шаҳар қурилса, ҳаммаси ҳисоб-китоб қилинган бўлади. Шунда шаҳарда кўзда тутилмаган, кутилмаган муаммоларнинг чиқиши минимум даражага тушади.

– Административ ҳудуд барпо қилинади дейиляпти. Яъни бунинг учун мавжуд бинолар сотилиб, сотилишидан тушган маблағлар эвазига янги бинолар қурилади. Жараён бошланганми?

Саидазим Шарипов: Биринчи босқичда қуриладиган объектларимиз аниқ, белгиланган. Буларга Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхона, Низомий университети ва бошқа бир қатор ижтимоий объектлардан бошланган. Бунга апрел ойида давлат раҳбари томонидан старт берилди. Яъни ҳозир биринчи босқич бош режасига асосан ишлар бошланган.

– Қурилишлар ҳозирги Тошкентда ҳам давом этишини тахмин қилиш мумкин. Кўплаб ҳудудларда йирик қурилишларнинг бир вақтда бўлиши нималарга таъсир қилиши мумкин?

Темур Аҳмедов: Катта қурилишларни кўряпмиз, бу экологияга ҳам таъсир қилади, масалан. Бундай қурилишларнинг халқаро стандартлари ва ўзимизнинг ҳам талабларимиз бор. Мисол учун, бино қурилаётганда чангни қандай назорат қилиш керак, бинолар бузилаётганда қурилиш материаллари қаерга кетади, уларни қайта ишлатса бўладими ёки қандайдир саралаб, қайта ишлашга юборса бўладими – буларнинг ҳаммаси стандартларда ёзилган. Агар ўша бўйича қилинса, салбий таъсирларни камайтирса бўлади. Энг асосийси – одамларнинг кунлик доимий ҳаётига нисбатан бўладиган салбий таъсирларни камайтириш. Кўп қурилиш бўлганида катта транспортлар юради, уларнинг шовқинли овози бор – буларнинг ҳаммасини назорат қилиш керак.

Искандар Солиев: Қурилиш барча шаҳарларда бўлади, бу – одатий ҳол. Бунга одатий ҳолдек қараш керак. Агар ҳозирги ёзилган қоидаларга амал қилиниб, қуриладиган бўлса, чанг кўтарилиши ёки йўлларга лой чиқиб, аҳолига ортиқча шовқин берилишининг олдини олса бўлади. Кўп шаҳарларда деярли бутун-бутун туманлар янгитдан қурилади ёки реконструкция, реновация қилинади. Лекин нормаларга амал қилинган ҳолда қурилгани учун одамлар шовқин, чангдан деярли холи бўлади. Яъни бу нарсанинг қоидаларига амал қилишса, эпласа бўлади.

Энди фақат ижтимоий объектларнинг битта административ жойга кўчирилиши бироз ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, одамлар мавжуд Тошкентдан янги Тошкентга қадар бир вақтда боришга интилишади ёки бир вақтга қайтишади. Ҳозирда инфратузилма ерлари қурилиши айтиляпти, лекин бизда ҳозирча Янги Ўзбекистон йўли бор ва қолганлари яқин ўртада қурилса ҳам, ҳозирча қандайдир йўлларимизга босим тушади.

Бундан ташқари, шаҳарнинг концепциясига ҳам қўшимчам бор. Бизда шаҳарни мастер режасини қилганимизда қаерда нима ҳисобга олиниши ёки олинмаслиги қайд этилади. Бу сабаб ҳисобга олинмаган жиҳатлар минималлашади. Лекин бу ерда қилинаётган бир хато бор, бизнинг неча йиллик аэропортимиз Тошкентдан ташқарида жойлашган бўлса, ҳозир қурилиши кутилаётган янги аэропорт ҳам 2 та Тошкентнинг орасида Тошкентнинг ичига кириб кетяпти. Шундан келиб чиқсак, қанчадир йиллардан сўнг янги аэропорт қуриш керак бўлади, менимча.

  • Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.  

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид