Жамият | 13:41 / 16.11.2025
4161
7 дақиқада ўқилади

Аёлларни энг кўп ўлимга етакловчи онкологик касалликлар: кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони

Ўзбекистонда ҳар йили хотин-қизлар орасида кўкрак бези саратони билан касалланиш бўйича 4 мингта янги ҳолат аниқланади. Бачадон бўйни саратони бўйича эса йилига 2 минг янги ташхис қўйилади. Мазкур касалликлар ҳақида кеч хабар топиш ва муолажаларни ўз вақтида олмаслик соғайиш имкониятини пасайтиради. “Sog‘lom hayot” подкастининг навбатдаги сонида cаратоннинг ушбу турларини эрта аниқлаш, уй шароитидаги профилактика ҳамда даволаниш учун давлат томонидан бериладиган имтиёзлар ҳақида сўз боради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ одам саратон касаллиги билан яшайди. Ҳар йили 20 мингдан ортиқ янги ҳолатлар аниқланади.

Халқаро саратон тадқиқот агентлиги (IARC) ҳисоботида қайд этилишича, мамлакатда ҳар йили ўртача 100 минг кишига 112,7 та янги саратон ҳолати тўғри келади. Бу дегани ҳар 100 минг аҳолининг 113 нафарига йил давомида саратон ташхиси қўйилади. Ўлим ҳолатлари бўйича эса бу кўрсаткич 71,5 тани ташкил этади, яъни 100 минг кишидан қарийб 72 нафари саратон касаллиги оқибатида вафот этади.

Аёллар орасида энг кўп учрайдиган онкологик касаллик тури кўкрак бези саратони ҳисобланади. Ҳар 100 минг аёлдан 27,8 нафари шу хасталикка чалинади, уларнинг 13 нафари эса ушбу касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмади.

Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги “Натижаларга эришишни бошқариш” гуруҳининг жамоат саломатлиги бўйича мутахассиси, гинеколог Дилфуза Аниёзованинг айтишича, сўнгги йилларда кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони каби касалликлар ёшлар орасида ҳам учраяпти ва кўпинча кеч босқичда аниқланяпти, бу эса ташвишли ҳолат.

Ўзбекистонда ҳар йили тахминан 4 мингта янги кўкрак бези саратони ва 2 мингта бачадон бўйни саратони ҳолати аниқланади. Уларнинг ярмидан кўпи оғир оқибат билан якунланади”, – дейди Дилфуза Аниёзова.

Кўкрак бези саратонининг дастлабки босқичлари кўпинча сезилмайди, лекин айрим белгилар пайдо бўлса, уларга эътибор бериш жуда муҳим. Масалан, кўкрак шаклининг ўзгариши ёки бир томони катталашиши, терида қизариш, буришиш ёки лимон пўстига ўхшаш ғадир-будир кўриниш ҳосил бўлиши, сўргичдан суюқлик, айниқса, қонли ажралма чиқиши хавф белгиси бўлиши мумкин. Шунингдек, қаттиқлик ёки шиш юзага келиши, оғриқ, сўргичнинг ичкарига тортилиши, қўлтиқ остидаги безларнинг катталашиш ҳолатлари ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.

Бундай ўзгаришлар кузатилганда вақтни чўзмасдан шифокорга мурожаат қилиш зарур. Аёллар ўзини ўзи текширишни одат қилиши, яъни ҳар ой ҳайз тугагач, кўкракларини ойна қаршисида ёки душда қўл билан текшириб чиқиши муҳимдир. Шифокор кўрсатмасига кўра, маммография ёки ултратовуш текшируви ёрдамида касаллик эрта аниқланганда, даволаш самарали бўлади”, – дейди гинеколог.

Унинг қўшимча қилишича, бачадон бўйни саратони ҳам бошида деярли ҳеч қандай белги бермайди. Айнан шунинг учун бу касалликни эрта аниқлаш учун мунтазам текширувлар жуда муҳим.

Касаллик ривожланиб, кейинги босқичларга ўтганда ҳайз давридан ташқари қон келиши, жинсий алоқа пайтида оғриқ ёки қон кетиши, йирингли ёки ёқимсиз ҳидли ажралмалар пайдо бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда чаноқ соғасида оғриқ, чарчоқ ёки вазн йўқотиш ҳам кузатилади. Бу белгиларга бефарқ қарамаслик керак, чунки улар хасталикнинг ривожланиб кетганини кўрсатади”, – дейди Дилфуза Аниёзова.

Мутахассиснинг маълум қилишича, инсон папиллома вируси (HPV) бачадон бўйни саратонининг асосий сабабчиси саналади. Бу вирус асосан жинсий йўл орқали юқади. Кўп ҳолларда организм вирусни ўзи енгиб ўтади, аммо баъзи аёлларда микроб узоқ йиллар давомида қолиб, бачадон бўйни ҳужайраларини аста-секин жароҳатлайди. Шу жараён саратон олди ўзгаришларга, кейин эса саратонга олиб келиши эҳтимоли мавжуд.

HPVʼга қарши эмлаш (вакцина) энг самарали профилактика усулларидан бири. Шунингдек, хавфни камайтириш учун ҳимояланган жинсий ҳаёт, мунтазам скрининглар (HPV тести ва PAP-тест) ҳам муҳим: агар дастлабки ўзгаришлар аниқланса, уларни эрта даволаш орқали саратон вужудга келиши олди олинади”, – дейди мутахассис.

Кўкрак бези саратони эса кўплаб омилларнинг таъсири остида юзага келади. Хавф омиллари сифатида генетик мойиллик (масалан, BRCA1 ёки BRCA2 генларидаги мутациялар), радиацияга дучор бўлиш, гормонал таъсирлар, ортиқча тана вазни ва жисмоний фаоллик камлиги қайд этилади. Бундан ташқари, менопаузадан кейин ортиқча вазн юзага келиши, тамаки чекиш ва меьёрдан кўп спиртли ичимлик истеъмоли, пестицидлар ҳамда кимёвий моддалар билан узоқ муддатли контакт ҳам хавфни ошириши мумкин.

Эслатиб ўтиш лозимки, агар огоҳлантирувчи белгилар (кўкракда қаттиқлик, тери ўзгариши, сўргичдан ажралма ёки ҳайздан ташқари вагинал қон кетиши ва ҳоказо) пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак, чунки эрта ташхис ва даволаш беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини сезиларли даражада оширади.

Умуман олганда, баъзи ҳолатларнинг бутунлай олдини олиш мумкин (масалан, HPV эмлаш орқали бачадон бўйи саратонининг кўп қисмини бартараф этиш имконияти мавжуд), бошқаларда эса хавфни камайтириш ва самарали назорат қилса бўлади. Шунинг учун профилактик чоралар, вакцина, мунтазам скрининг ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш бу касалликларга қарши энг кучли қуроллар саналади”, – дейди гинеколог.

Мутахассислар 45–65 ёшдаги аёлларнинг ҳар икки йилда маммография, 30–45 ёшдагиларнинг эса ултратовуш текширувидан ўтишини тавсия қилади.

Даволаниш масаласида давлат қулайликлар яратган. “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги PQ 5130-сон қарор (2021 йил 27 май)га кўра, онкологик хизматлар, дори-дармонлар, диагностика ва бошқа кўплаб чора-тадбирларга давлат томонидан ёрдам кўрсатилади. Хусусан, онкология марказлари беморларни химиятерапия, нур терапияси ва зарур дори воситалари билан таъминлайди. Шу билан бирга, PQ 402-сон қарорда (22.11.2024) онкологик касалликка чалинган беморларни скрининг орқали ташхислаш ва даволаш билан боғлиқ харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган. Мазкур қарор доирасида бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони билан оғриган беморларнинг даволаниш харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қопланиши белгиланган”, – дейди жамоат саломатлиги мутахассиси.

Интервюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’dagi саҳифасида томоша қилиш мумкин.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор Зияддин Мамматжонов,
Монтаж устаси Жаҳонгир Алибоев.

Диёрахон Набижонова
Муаллиф Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид