Аёллар дунёси | 13:38 / 15.12.2025
3170
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аёллар орасида саратон кўпаймоқда: кўкрак ва бачадон бўйни саратони етакчи ўринда

Халқаро статистикага кўра, 2022 йилда мамлакатда аниқланган янги саратон ҳолатларининг 55 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келган. Мутахассислар бу касалликлар сўнгги йилларда ёшлар орасида ҳам учраётгани ва кўп ҳолларда кеч босқичда аниқланаётганидан огоҳлантирмоқда.

Фото: Getty Imagеs

Айни пайтда Ўзбекистонда 100 мингга яқин саратонга чалинган беморлар бор. GLOBOCAN маълумотларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон аҳолиси орасида 35 900 та янги саратон хасталари аниқланган бўлиб, шундан 19 865 таси (55% улуши) аёлларда қайд этилган. Бу кўрсаткич хасталикнинг аёлларда кўп учрашини англатади. Аёлларда энг кўп учрайдиган саратон турлари бўйича кўкрак саратони тахминан 5022 та ҳолатда, бачадон бўйни саратони 2654 ҳолатда қайд этилган. Маълумот учун: 2019 йилда бачадон бўйни хасталигига чалинган аёллар сони 1660 нафарни ташкил этган. Бу хасталик тарқалишига кўра дунёда аёллардаги саратон касалликлари орасида 4-ўринда туради. Кўкрак бези саратони эса 1-ўринда.

Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича ҳам туғиш ёшидаги аёллар (15-44 ёш) орасида кўкрак бези ва бачадон бўйни хасталиклари кўп учрайди.

Аёллар орасида сарaтон (асосан кўкрак ва бачадон бўйни сарaтони) хавфи баъзи ёш гуруҳларида юқори кузатилади: 50–80 ёш – кўкрак сарaтони ва бошқа кўп учраган онкология турлари учун хавф асосан юқори бўлган ёш гуруҳи ҳисобланади. 30–39 ёшда ҳам кўкрак сарaтони ҳолатлари сезиларли даражада кўпайгани қайд этилган. 15–44 ёш – бачадон бўйни сарaтони ушбу репродуктив ёшда ҳам кенг тарқалган ва ўлим кўрсаткичи бўйича муҳим аҳамиятга эга.

Гинеколог Дилфуза Аниёзовага кўра, сўнгги йилларда кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони каби касалликлар ёшлар орасида ҳам учраяпти ва кўпинча кеч босқичда аниқланяпти.

Бачадон бўйни саратонига кўпинча инсон папиллома вируси (HPV) сабаб бўлади. Жинсий йўл билан юқадиган касаллик узоқ йиллар давомида ўз таъсирини ўтказади. Кўкрак бези саратонининг дастлабки босқичлари кўпинча сезилмайди, лекин айрим белгилар пайдо бўлса, уларга эътибор бериш жуда муҳим. Масалан, кўкрак шаклининг ўзгариши ёки бир томони катталашиши, терида қизариш, буришиш ёки лимон пўстига ўхшаш ғадир-будир кўриниш ҳосил бўлиши, сўргичдан суюқлик, айниқса, қонли ажралма чиқиши хавф белгиси бўлиши мумкин. Шунингдек, қаттиқлик ёки шиш юзага келиши, оғриқ, сўргичнинг ичкарига тортилиши, қўлтиқ остидаги безларнинг катталашиш ҳолатлари ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.

“Хавф омиллари: радиациядан узоқ бўлиш, пестицидлардан узоқ бўлиш керак. Масалан далада ишлайдиган аёллар пахта теришади, далада ишлашади. Агар далада ишлашни чегаралай олишмаса қўлига қўлқоп кийиши, танани ёпадиган кийим кийиши, ниқоб тақиши керак. Болани эмизиш кўкрак саратони хавфини камайтиради. Гормонал таблеткаларни ўринсиз, ўзбошимчалик билан ичмаслик, шифокор билан маслаҳатлашиш тавсия қилинади. Бу ҳам кўкрак саратони эҳтимолини оширади.

Умуман олганда, баъзи ҳолатларнинг бутунлай олдини олиш мумкин (масалан, HPV эмлаш орқали бачадон бўйи саратонининг кўп қисмини бартараф этиш имконияти мавжуд), бошқаларда эса хавфни камайтириш ва самарали назорат қилса бўлади. Шунинг учун профилактик чоралар, вакцина, мунтазам скрининг ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш бу касалликларга қарши энг кучли қуроллар саналади”, – дейди гинеколог.

Ўзбекистонда ҳам аёлларда бу касалликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида назорат тизими йўлга қўйиляпти.

Бугунги кунда эса бу касалликларни даволаш бўйича Австралия, АҚШ, Германия, Япония, Жанубий Корея етакчилик қилади.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид