Ўзбекистон | 14:37 / 07.04.2020
97510
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши кўтарилиш босқичида» — Отабеков

Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистон коронавирусдан зарарланишнинг пик даври кечаётганини маълум қилди.

«Ҳар қандай эпидемиянинг бошланиш, кўтарилиш, авж олиш, пасайиш, бартараф этилиш даврлари бўлади. Биз ҳозир касалликнинг кўтарилиш давридамиз. Чунки карантиндаги барча 100 минг одамни 14 кун давомида кузатиб бўлганимиз йўқ. Агар биз карантинга қатъий риоя этсак, ўйлаймизки, 2-3 ҳафта мобайнида касалликнинг камайишига эришамиз», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош инспектор сўнгги кунларда вирус билан касалланганлар сони кескин ўсиб бораётганига изоҳ берди.

«Касалланганлар сони карантинга олинганлар ҳисобига ортяпти. Аввал ҳам маълум қилинганидек, ҳозирда республика бўйича 61 715 нафар киши уйда, 23 316 нафар киши стационар шароитда карантинга олинган. Улар эпидемиологик вазият нотинч бўлган ҳудудлардан олиб келинганлар ва беморлар билан мулоқотда бўлган шахслар ҳисобланади.

Беморлар билан мулоқотда бўлганларнинг барчаси аниқланмагунча бундай ҳолат давом этади. Карантин ва изоляция чораларидан мақсад ҳам шу», деди Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда.

«Вирус юққанининг биринчи ўн кунлигида белгилар сезилмаслиги мумкин. Чунки унинг организмдаги миқдори кам бўлади. Вирус кўпая бошлагач, ўзини билинтира бошлайди. Бу 12-, 13-кунларга ҳам тўғри келиши мумкин. Шу боис, Ўзбекистонда ҳам бутун дунёда қўлланаётган режимда иш тутиляпти. Яъни изоляцияда сақлаш ва кузатиш, тест қилиш (ўз вақтида ташхис қўйиш), натижа мусбат чиққанда даволаш», дея қўшимча қилди у.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусдан зарарланишнинг илк ҳолати тасдиқланганди. Апрель ойи бошида кунлик ҳолатлар сони ўса бошлади, хусусан, 5-7 апрель кунлари 200дан ортиқ кишида вирус аниқланди.

Мавзуга оид