Ўзбекистон | 18:36 / 25.05.2024
23476
1 дақиқада ўқилади

ЙҲХХ: Ҳайдовчиларга 26-27 май кунлари Тошкентга келмаслик тавсия қилинади

Кенг миқёсдаги халқаро тадбирлар сабаб пойтахтнинг баъзи кўчаларида Икки кун давомида транспортлар ҳаракати чекланади. 

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида 26—27 май кунлари айрим кўчаларда транспортлар ҳаракатига вақтинча чекловлар киритилади. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, пойтахтда икки кун давомида кенг миқёсдаги халқаро тадбирлар ўтказилиши ҳамда айрим кўчаларда ободонлаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари давом этаётганлиги муносабати билан транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади.

“Зарурат бўлмаганда ҳайдовчиларга Тошкент шаҳрига ҳаракатланмасликни тавсия қиламиз”, — дейилади ЙҲХХ хабарида.

Шунингдек, маълум кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш бўйича зарурий чоралар кўрилган вақтда ҳайдовчилардан тартибга солувчиларнинг ишораларига, йўл белгилари ҳамда чизиқларнинг талабларига қатъий риоя этишлари сўралган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Россия президенти Владимир Путин 26–27 май кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этади.

Мавзуга оид