Жаҳон | 19:40 / 26.09.2019
30411
12 дақиқада ўқилади

Сўнгги кунларнинг асосий можароси. Трампнинг Зеленский билан июлдаги суҳбати нимани англатади?

АҚШ президенти Дональд Трамп яна барчанинг диққат марказида. Унинг навбатдаги ҳаракати океанортидаги сиёсатчиларни ғазабга солди. Трамп ўзининг сайловдаги асосий рақиби бўлиши кутилаётган собиқ вице-президент Жо Байденни Украина орқали пойгадан чиқаришга уринмоқда. Ҳаммаси биргина телефон қўнғироғидан бошланди...

Ота ўғил

Трампнинг қўнғироғи унга кўп муаммо келтиргани сир эмас. Бу галги импичментга бошлаётган можаро ҳам телефон мулоқотидан бошланди. Трамп Украина президенти Владимир Зеленскийга қўнғироқ қилиб, аввалига уни партияси парламент сайловларида ғолиб бўлгани билан яна бир марта табриклади ва кейинроқ «муддаога ўтди». Трамп Украина президентидан АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байденнинг ўғли билан боғлиқ можарони ўрганишни сўраган. Гап шундаки, Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байден Украинадаги газ қазиб олувчи «Бурисма» компаниясининг директорлар кенгашига аъзо бўлган ва 5 йил ўтиб бу лавозимдан кетган. Трампнинг иддаосига кўра, миллионлаб доллар пул билан...

«Биз сиздан кўп нарса ўргандик...»

GETTY IMAGES

Трамп суҳбат жараёнида Зеленскийдан айнан мана шу ишни ўрганишни сўраган. Бу эса турган гапки бошқа мамлакат раҳбарига босим ўтказиш ҳисобланади, гарчи Зеленский бундай эмас деб айтаётган бўлса ҳам.

Келинг, Трамп ва Зеленскийнинг суҳбат стенеограммасини айнан келтирсак:

Трамп: Сизни ажойиб ғалаба билан қутлайман. АҚШда сизнинг ҳаракатларингизни кузатиб бордик, сиз аутсайдерлар қаторида бўла туриб ғалабага эришдингиз. Табригимни қабул қилинг, зўр ғалаба!

Зеленский: Сиз ҳақсиз, жаноб президент, биз катта ғалабага эришдик. Бир нарсани тан олишим керак, биз сиздан кўп нарса ўргандик. Сиз бизга ўрнак бўлдингиз. Биринчи марта менга президентлик сайловларида ғолиб бўлганимда қўнғироқ қилгандингиз, энди эса партиямизнинг парламент сайловларидаги ғалабаси билан қутлаб қўнғироқ қиляпсиз. Сиз менга тез-тез қўнғироқ қилишингиз учун сайловларда қатнашиб туришим керак экан.

Трамп (кулади): Яхши таклиф. Умид қиламан, халқингиз сиздан рози.

Зеленский: Мамлакатда ҳаммаси яхши бўлиши учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиляпмиз. Биз янги ҳукуматни шакллантиряпмиз. Энди ҳукуматда эски гвардия, одатий сиёсатчилар бўлмайди. Бу борада сиз бизнинг устозимизсиз.

Трамп: Бир нарсани билишингиз керак, биз Украина учун кўп нарса қиляпмиз. Европанинг бошқа мамлакатларига қараганда анча кўп. Масалан, Германия сизлар учун ҳеч нарса қилмаяпти. Улар фақат гапиришни билишади. Ангела Меркель ҳам Украина ҳақида гапиргани-гапирган, лекин сизлар учун ҳеч нарса қилмайди.

Зеленский: Ҳа, сиз ҳақсиз, 100 фоиз эмас, 1000 фоиз ҳақсиз. Мен Меркель билан, Макрон билан учрашиб, улар санкциялар борасида кўпроқ иш қилишлари мумкинлигини айтдим. Бир қарашда бизнинг асосий ҳамкоримиз Европа Иттифоқи бўлиши керак, аммо АҚШ билан алоқаларимиз яхшироқ ва биз учун муҳимроқ. АҚШ биз учун кўп нарса қиляпти. Биз ҳарбий соҳадаги ҳамкорликдан ҳам мамнунмиз. Ҳимояланиш учун АҚШдан «Жавелин» (битта ўқ отиши 80 минг АҚШ доллари турадиган танк ҳужумидан ҳимояловчи ракета комплекси) сотиб олишга ҳам тайёрмиз.

Трамп: Сиздан бир хизмат қилишингизни сўрайман. «Краудстрайк» (гап ҳакерлик ҳужуми ҳақида кетмоқда) билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритсангиз. Айтишларича, уларнинг сервери Украинада жойлашган. Сиздаги ўзига тинч одамлардан бири... Фикримча, бу ишларга аралашганлар сизнинг атрофингизда ҳам тўпланган. Ўзингиз кўрдингиз ҳаммаси сафсата бўлиб чиққанини. Уйдирмалар Роберт Мюллер деган жанобнинг арзимаган чиқиши билан якунланди. Бу борада қўлингиздан келганини қилишингизни сўрайман, бу жуда муҳим.

Зеленский: Бу биз учун ҳам жуда муҳим. Биз муносабатларимизда янги саҳифа очилишини хоҳлаймиз. Шу боис биз АҚШдаги элчимизни чақириб олдик. Унинг ўрнига тажрибали ва кучли элчини юборамиз. Янги элчимиз сизнинг ишончингизни қозониб, сиз билан шахсий муносабатлар ўрнатишини ҳам хоҳлардим. Буни ҳамкорлигимиз учун муҳим деб ўйлайман.

Сизга шуни маълум қилишим керакки, яқинда менинг одамларимдан бири жаноб Жулиани (Трампнинг адвокати) билан учрашди. Агар жаноб Жулиани Украинага келса, у билан гаплашиб олган бўлардик. Сиз ва менинг орамизда дўстларимиз турганига ишонишингизни сўрайман. Биз дўст эканимизни яна бир бор такрорламоқчиман. Суриштирув масаласига келсак, мен президент сифатида унинг очиқ ўтишини таъминлашга сўз бераман.

Трамп: Яхши. Эшитишимча, сизларда битта яхши прокурор бор эди ва уни нимагадир ишдан бўшатишди. Сизнинг ажойиб прокурорингиз ишдан кетишида баъзи ёмон одамлар аралашганини эшитдим. Жулиани ажойиб инсон, у Нью-Йоркнинг мэри бўлган. Ажойиб мэр. Мен ҳам у сиз билан гаплашиб олишини сўрайман. Ундан сизга ва бош прокурорингизга қўнғироқ қилишини сўрайман.

Шу ўринда АҚШдаги собиқ элчингиз, аёл киши жуда ёқимсиз одам бўлганини айтишим керак. Унинг атрофидагилар ҳам ёқимсиз одамлар эди. Яна бир нарса, кўпчилик Байденнинг ўғли ҳақида гапирмоқда. Байден ўғли билан боғлиқ жиноий иш билан шуғуллангани ҳақида кўпчилик билишни хоҳлайди. Сиз ва бош прокурор бу борада қиладиган ишлар жуда муҳим. Байден ҳамма ерда мен ишни ёпганман деб мақтаниб юрган экан. Бу ёмон, жуда ёмон.

Зеленский: Аввало прокурор ҳақида гапирсам. Бу ишдан хабарим бор. Бизнинг партия кўпчилик овоз олганидан кейин сизни ишонтириб айтишим мумкинки, янги прокурор менинг одамим бўлади. Бу текширув адолат тикланиши учун муҳим деб ҳисоблаймиз. Агар бу борада қўшимча маълумотлар бўлса, бизга улашишингизни хоҳлардик. Украинанинг АҚШдаги элчиси ўз ишини ёмон уддалаганини яхшиям ўзингиз айтдингиз. Адашмасам, унинг фамилияси Йованович эди. Унинг мен билан ҳам алоқаси яхши эмасди ва олдинги президентни қўллашини яширмасди. У мени президент сифатида қабул қила олмаганди десам ҳам бўлади.

Трамп: Ҳа, энди у баъзи синовларни босиб ўтишига тўғри келади. Жулиани албатта сизга қўнғироқ қилади. Сизнинг олдинги прокурорингизга нисбатан тўғри иш қилишмаган. Уни яхши, тартибли инсон деб эшитдим. Ўйлайманки, сиз муаммони ҳал қила оласиз. Украина ресурсларга бой давлат ва умид қиламан, сизнинг иқтисодингиз ўсишга эришади. Менинг кўп украин дўстларим бор.

Зеленский: Мен эса шу ўринда АҚШда украиналик дўстларим кам эканини айтмоқчиман. Вашингтонга таклиф қилганингиз учун раҳмат айтган ҳолда бу ишга жиддий қараётганимизни айтмоқчиман. Яна бир гап, Украинанинг энергетика борасида эҳтиёжмандлиги борлиги сабаб сиз билан ҳамкорликда энергия мустақиллигига эришишга умид қиламиз.

Трамп: Раҳмат. Қачон Оқ уйга келишни хоҳласангиз, телефон қилинг ва биз санасини ўйлаб кўрамиз. Учрашувимизни интизор бўлиб кутяпман.

Зеленский: Сизни Киевга таклиф қиламан. Бу ажойиб шаҳар. Шаҳарни хоҳласангиз, менинг самолётимда, хоҳласангиз сизнинг самолётингизда айланамиз. Сизнинг самолётингиз меникидан анча яхшироқ бўлса керак.

Трамп: Яна бир марта табриклайман, сиз фантастик иш олиб боряпсиз. Буни бутун дунё кузатиб турибди.

Зеленский: Раҳмат, жаноб президент, кўришгунча.

Бу стенограма шунчаки эълон қилингани йўқ. Трампнинг Зеленский билан суҳбати борасида гап сўзлар кўпайганидан сўнг Оқ уй суҳбат стенограммасини чиқаришга мажбур бўлди. Хўш, суҳбат давомида бир неча марта такрорланган «Байден иши»да аслида нималар бўлганди?

Ҳантер Байден
GETTY IMAGES

АҚШ собиқ вице-президенти Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байден 2014 йилда Украинанинг йирик газ қазиб олувчи корхонаси «Бурисма»нинг директорлар кенгашига киради. 5 йил давомида корхонада фаолият юритган кичик Байден «Бурисма»нинг халқаро алоқалар ўрнатишига ёрдам берган. Бу борада «Бурисма»нинг махсус пресс-релизида ҳам айтилган. Аммо Ҳантернинг ўзи New York Times нашрига берган интервьюсида бу маълумотни рад этган.

Ҳантер Украина корхонасида расман 50 минг АҚШ доллари миқдорида маош олган. Аммо унга тегишли бўлган АҚШдаги ҳисоб рақамларидан бирига 5 йил давомида 3,1 миллион доллар пул тушган. «Бурисма» эса бу пулларни қандайдир Питер Швейцарга берганини ёзган. Ҳантернинг «Бурисма»га ишга кириши АҚШда ўша вақтнинг ўзида ёмон кутиб олинган. Чунки унинг отаси мамлакатнинг вице-президенти сифатида Украинада коррупцияга қарши курашда ёрдам бериши ҳам керак бўлган.

Ҳатнернинг айтишича, у ҳеч қачон отаси билан Украинадаги фаолиятини муҳокама қилмаган. Трамп бежизга Зеленский билан суҳбат давомида кўп марта Украинанинг собиқ бош прокурори Виктор Шокиннинг истеъфоси ҳақида гапирмаган. Айнан Ҳантер Байденга қарши иш очишга урингани учун Шокин ишдан кетказилгани ҳақида гаплар юради. Прокурор Украина экология вазири Микола Злочевский давлат органи раҳбари бўлиб турган бир вақтда қандай қилиб унинг корхонаси халқаро лицензия олганини суриштира бошлайди. Бунга эса айнан кичик Байден ёрдам бергани айтилади. Трампнинг иддаосига кўра, Шокин айнан Байденнинг босими сабаб ишдан кетган. Унинг фикрича, собиқ вице-президент бу учун шантаж йўлидан фойдаланган.

Собиқ вице-президент Жо Байден бу борада фикр билдирар экан ўтган йил шундай деганди: «Мен яна олти соат шу ерда бўламан ва агар прокурор ишдан кетмаса, сиз пулни олмайсиз деб айтганман». Байденнинг айтишича, у Украина ҳукуматидан коррупцион тизим яратган прокурордан қутулишни, акс ҳолда АҚШ 1 миллиард доллар кредит учун Украинага кафил бўлмаслигини айтган. Шундан сўнг Байденнинг таъбири билан айтганда, «жин ургур прокурор» ишдан кетган.

АҚШ нашрларининг ёзишича, прокурор Шокин ишдан кетган вақтда «Бурисма» билан боғлиқ ишлар тўхтатиб бўлинган ва Байденнинг чиқиши газ қазиб олувчи бу компания фаолияти билан боғлиқ бўлмаган. 2019 йил август ойида ишдан кетган Украина собиқ бош прокурори Юрий Луценко ҳали бу лавозимда ишлаб турган вақтида Байден ва унинг ўғли Украина қонунларини бузмаганини айтганди: «Ҳантер Байден ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаган. Корхона директорлар кенгаши вакилига хоҳлаганича пул тўлаши мумкин»,– деганди ҳали бош прокурор лавозимида ишлаб турган вақтида Луценко.

«Бу мафияни эсга солади»

Адам Шифф
GETTY IMAGES

АҚШ Вакиллар палатасининг разведка бўйича қўмитаси раҳбари Адам Шиффнинг айтишича, Трампнинг Зеленский билан суҳбати мафияни эслатиб юборади: «Оқ уй бу стенограммани эълон қилганида ҳайратдан ёқа ушладим. Бу суҳбатнинг эълон қилиниши президентга ёрдам беради деб ўйлаганлар адашади. Бу мафиянинг классик кўринишини эсга солади».

Шу ўринда АҚШ президентлигига номзодини қўйиши кутилаётган Жо Байден Трампнинг у ва ўғли ҳақидаги гапларига муносабат билдирди:

Жо ва Ҳантер Байден
GETTY IMAGES

«Бу ваколатини суиистеъмол қилиш дейилади. АҚШдан ёрдам сўраётган мамлакат раҳбарига қўнғироқ қилиб, унга менинг устимдан текширув ўтказишни сўраш жуда хунук нарса».

Трамп ва Зеленскийнинг суҳбатида энг ажойиб таърифни АҚШ президентлиги пойгасида унга ютқазган Ҳиллари Клинтон берди.

«Президент сайловда бошқа мамлакатдан ёрдам сўради. Яна»,– деб ёзди собиқ давлат котиби твиттердаги саҳифасида.

Мавзуга оид