Ўзбекистон | 07:22 / 28.08.2024
2865
2 дақиқада ўқилади

ОТБ Ўзбекистон билан янги ҳамкорлик стратегиясини бошлади

ОТБнинг Ўзбекистон бўйича янги стратегияси мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлашни назарда тутади. 

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон учун 2024−2028 йилларга мўлжалланган, мамлакатда яшил ва инклюзив иқтисодиётга ўтиш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ҳамкорлик стратегиясини бошлади.

Янги беш йиллик стратегия доирасида ОТБ Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтишида ёрдам бериш, хусусий сектор ривожланиши ва рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлаш ва инсон капиталига сармояларни рағбатлантириш бўйича яқин ҳамкорлик қилади.

ОТБнинг Ўзбекистон учун янги ҳамкорлик стратегияси мамлакатнинг 2030 йилгача бўлган яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича стратегик мақсадларига эришишда қўллаб-қувватлайди. ОТБ Ўзбекистоннинг кўп йиллик ишончли ҳамкори сифатида ташқи глобал ва минтақавий зарбаларга қарамай мамлакатга барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва кам таъминланганликни камайтиришга ёрдам беришга содиқ қолади.

Янги стратегия ОТБнинг энергетика, давлат секторини бошқариш, молия, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурсларни бошқариш ҳамда шаҳарларни ривожлантириш каби қатор тармоқлардаги фаолиятини ўз ичига олади. Бундан ташқари, банк таълим ва ижтимоий ҳимояни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.

ОТБ, шунингдек, тўғридан тўғри суверен бўлмаган молиялаштириш ва давлат-хусусий шериклик орқали хусусий секторни қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.

Мавзуга оид