Жамият | 18:10 / 30.09.2018
78545
4 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда оммавий заҳарланишда 74 киши жабрланган. Расмий маълумотлар берилди

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида жойлашган “Ширин ният барака” МЧЖга қарашли “Бахтли оила” тўйхонасида бўлиб ўтган тўйда иштирок этганлар орасида қайд этилган “овқатдан заҳарланишга гумон” ҳолати юзасидан янги маълумотлар тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг KUN.UZ’га хабар беришича, вилоят Юқумли касалликлар шифохонасида махсус штаб ташкил этилди, айни пайтда Республика санитария-эпидемиология назорати марказининг малакали мутахассислари ушбу штабга жалб этилиб, амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар белгилаб олинди, беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида барча зарур дори-дармонлар захираси яратилган.

27 сентябрь куни бўлиб ўтган тўйда иштирок этганлар рўйхати шакллантирилмоқда, патронаж ҳамширалари ёрдамида уйма-уй кўрик ўтказиш ташкил этилди.

Юқоридаги ташхис билан ётқизилган беморлар жами сони 74 нафар (шундан 4 нафари 18 ёшгача бўлганлар, 10 нафар эркак ва 60 нафар хотин-қизлар), шифохонага ётқизилганлар сони 72 нафар, уйига жавоб берилганлар 2 нафарни ташкил этади.

Ётқизилган 72 нафар беморнинг аҳволи ўртача енгил ҳолатда.

Шифокор ва патронаж ҳамширалар томонидан Қарши шаҳридан 180 нафар тўйда иштирок этганларнинг аҳволи ўрганилди, 12 нафар кишининг ҳолати фаол аниқланиб, кузатув учун шифохонага олиб келинди. Туман Тиббиёт бирлашмалари юқумли касалликлар бўлимларига тўйга алоқадор ҳолатида беморлар мурожаат этишмаган.

Тадбир бўлиб ўтган “Ширин ният барака” МЧЖга қарашли “Бахтли оила” тўйхонасида 30 сентябрь куни ўтказилган ўрганишларда қуйидагилар аниқланди:

Тўйхона ошхонасида маҳсулотларга ишлов бериш цехлари (хоналари) ташкил этилмаган. Озиқ-овқат маҳсулотларини, шу жумладан, тез бузиладиган  гўшт ва гўшт маҳсулотларини, сут ва сут маҳсулотларини, қандолат маҳсулотларини сақлаш учун совитгичлар етарли эмас. Мавжуд 1 та совитгич камерада хом ва тайёр маҳсулотлар уларни сақлаш қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда сақланмоқда. Ошхона асбоб-ускуналари (столлар, тахтакачлар, пичоқлар, челаклар, кастрюлкалар ва бошқалар) маркировка қилинмаган. Идиш-товоқларни ювиш учун шароит яратилмаган, кетма-кетлик қоидасига риоя қилинмаган. Тўйхона ходимлари тиббий кўрикдан ўтмаган, санитария минимум ўқув курсларида ўқимаган. Текшириш вақтида 21 нафар ошхона ишчи-ходимидан биологик намуналар ҳамда ташқи муҳит объектларидан 158 та намуна олиниб, лабораторияга топширилди.

Тўй маросимига 3 хил салат тайёрлаган Қарши шаҳар, Боғобод мавзеси, 1/26 коттежда яшовчи фуқаро М.Х.Шукуров хонадонида санитария назорати ўтказилганда, салат тайёрлаш учун умуман шароит яратилмаганлиги аниқланди. Жумладан, салат тайёрлаш 1 та хонада амалга оширилган, хом маҳсулотларни ювиш учун 1 та ваннадан фойдаланилган, фуқаро М.Х.Шукуров тиббий кўрикдан ўтмаган ва ушбу фаолият учун тегишли рухсатнома олмаган. Санитария-эпидемияга қарши талабларни бузганлиги учун фуқаро М.Х.Шукуровга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, энг кам иш хақининг 5 баробари миқдорида жарима солинди.

Тўйда қатнашган фуқароларнинг уйларига бориб, патронаж ўтказиш учун оилавий поликлиникалардан 108 нафар ва шаҳар ДСЭНМдан 40 нафар мутахассис жалб этилди. Натижада, тўйда қатнашганлар орасида касаллик белгилари бўлган фуқаролардан 42 нафари фаол аниқланиб, шифохонага ётқизилди. Уйма-уй юриб, касалларни фаол аниқлаш, беморларни даволаш ва овқатдан заҳарланиш холатлари профилактикаси юзасидан тадбирлар давом этмоқда.

Мавзуга оид