Жаҳон | 11:45 / 08.04.2020
68679
2 дақиқада ўқилади

Forbes дунёнинг энг бадавлат одамларининг янги рейтингини эълон қилди  

Forbes нашри дунёнинг энг бадавлат одамларининг янги рейтингини эълон қилди. Ўтган йилдаги каби рейтингга Amazon асосчиси Жефф Безос етакчилик қилмоқда.

Жефф Безос / Фото: Getty Images

Рейтинг 34-марта эълон қилинмоқда.

Безос бир йил ичида 18 млрд долларга “камбағаллашган” бўлса-да, рўйхатда 12 та рақамли бойликка эга ягона одам ҳисобланади. Февралдан бери унга қарашли Amazon компанияси акциялари АҚШ фонд биржаси билан бирга 20 фоизга қулаган. Ҳозирда унинг активлари 113 млрд долларга баҳоланмоқда. 

Рейтингнинг 2-ўрнини 2019 йилдаги каби Microsoft асосчиси Билл Гейтс 98 млрд долларлик бойлик билан эгалламоқда. 3-ўринни LVMH компаниялар гуруҳи эгаси Бернар Арно ва унинг оиласи эгалламоқда. Француз тадбиркорининг бойлиги ҳозирда 76 млрд долларга баҳоланмоқда. 

Етакчи ўнталикдан, шунингдек, америкалик сармоячи Уоррен Баффет (67,5 млрд доллар), Oracle дастурий таъминот компанияси асосчиси Ларри Эллисон (59 млрд доллар), Inditex компанияси эгаси Амансио Ортега (55,1 млрд доллар), Facebook асосчиси ва бош директори Марк Цукерберг (54,7 млрд доллар), Walmart компанияси акциядори Жим Уолтон (54,6 млрд доллар), Walmart’нинг яна бир акциядори Элис Уолтон (54,4 млрд доллар) ва Уолтонлар оиласининг яна бир вакили Роб Уолтон (54,1 млрд доллар) жой олган. 

Умуман олганда рўйхатга 2095 миллиардер киритилган. Бу эса 2019 йилга нисбатан 58 кишига ва жорий март ойига нисбатан 226 кишига камроқни ташкил қилади. 

Барча миллиардерларнинг умумий бойлиги 8 трлн долларни ташкил қилган. Бу 2019 йилга нисбатан 700 млрд доллар камроқни ташкил қилади. Рейтингга 178 нафар янги миллиардер киритилган.

Рейтингнинг етакчи йигирматалигидан жой олган миллиардерларнинг умумий бойлиги 1,14 трлн долларни ташкил қилади. Миллиардерлар сони бўйича АҚШ етакчилик қилмоқда (614 киши), 2-ўринни Хитой (389 киши) ва 3-ўринни Германия (107 киши) эгалламоқда.

Мавзуга оид