Ўзбекистон | 07:30 / 01.10.2020
5253
6 дақиқада ўқилади

Ҳукумат ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича қарор қабул қилади

Ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш ҳамда меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Белгиланишича, 2020 йил 15 сентябрдан бошлаб:

а) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи «Ишга марҳамат» мономаркази масъулияти чекланган жамияти Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономаркази давлат муассасаси этиб қайта ташкил этилади;

б) Президентнинг “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 11 августдаги ПҚ-4804-сон қарорининг 1-иловасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «Ишга марҳамат» мономарказлари давлат муассасалари шаклида ташкил этилади. Бунда:

Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономаркази бош муассаса сифатида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этиладиган «Ишга марҳамат» мономарказларига ўқув-методик жиҳатдан раҳбарлик қилади, улар томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, жумладан, касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига, хорижий тилларга ўқитиш, ички ва ташқи меҳнат бозорида бандликка кўмаклашиш, касбий малакани баҳолаш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради;

«Ишга марҳамат» мономарказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек улар учун касб-ҳунар, хорижий тиллар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш бўйича ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш мақсадида Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономаркази таркибида 10 штат бирлигидан иборат бўлган «Ишга марҳамат» мономарказлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўқув-методик таъминлаш бошқармаси ташкил этилади.

Президентнинг “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 11 августдаги ПҚ-4804-сон қарорининг 1-иловасига мувофиқ икки ҳафта муддатда қуйидаги таълим муассасалари бино-иншоотлари ва туташ майдонлари билан оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказиб берилади:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Нукус шаҳар 1-сон касб-ҳунар мактаби (бир қисми) ва Ангор политехника касб-ҳунар коллежи;

Транспорт вазирлигининг Андижон транспорт коллежи (бир қисми);

Қурилиш вазирлигининг Наманган қурилиш коллежи.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланади:

а) жамоат ишларида, шунингдек бандликни таъминлаш бўйича субсидия ажратилишида шаффофликни таъминлаш, суиистеъмолликларни олдини олиш мақсадида жамоат ишларида иштирок этаётган ва субсидия олаётган фуқароларнинг биометрик авторизация ва GPS-треккинг тизимларини жорий этиш; 

б) меҳнат органларига мурожаат этаётган, айниқса, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар, қайтиб келаётган меҳнат мигрантларини меҳнат бозорига мослаштириш (реинтеграция қилиш), жумладан улар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш асосида ижтимоий, психологик ва бошқа синаб кўриш усулларидан фойдаланган ҳолда ҳар бир шахснинг соғлигини, касбий қизиқишини, қобилиятини, шахсий хусусиятларини ўрганиб, касб-ҳунарга мойиллигини аниқлаш, иш берувчи билан суҳбатга тайёрлаш, меҳнат жамоасида ишлаш кўникмаларига ўргатиш, меҳнат фаоллигини оширишга рағбатлантириш мақсадида аутсорсинг шартларида психолог мутахассисларни жалб этиш;

психолог мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлашни Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириш.

в) 2021 йил 1 апрелгача аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларини ишга жойлаштиришга йўлланма берилаётган ишсизларнинг электрон анкетаси ва шахсий резюмесини шакллантириш мақсадида зарур мосламалар (рақамли фотокамера ва планшет) билан таъминлаш;

г) мазкур банднинг “а” ва “в” кичик бандларида назарда тутилган жиҳоз ва мосламаларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларни Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириш.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2021 йил 1 январгача меҳнат органлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини мониторинг қилиш мақсадида вазирлик марказий аппарати ҳузурида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолиятини видеокузатув камералари ва “abkm.mehnat.uz” тизими орқали доимий назорат қилиш имконини берувчи Ситуацион тезкор марказни ташкил этади. Бунда:

а) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги “Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш маркази” масъулияти чекланган жамияти Ситуацион тезкор марказ фаолиятини ташкил этиш ва юритиш учун масъул этиб белгиланади;

б) Ситуацион тезкор марказни ташкил этиш ва керакли ускуналарни харид қилиш Жаҳон банкининг “Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида жалб этилаётган кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

в) Ситуацион тезкор марказнинг асосий мақсад ва вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

жисмоний ва юридик шахсларга бандлик соҳасидаги хизматлар кўрсатишда шаффоф тизимни яратиш;

аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолияти самарадорлигини мониторинг қилиш;

соҳада юзага келиши мумкин бўлган коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, жамлаш ва таҳлил қилиш;

аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан кўрсатилган хизматларни фуқаролар томонидан баҳолаш имкониятини яратиш.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид