Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Урганчдаги катта стадионни ишга тушириш шартлари маълум бўлди
Профессионал футбол лигаси мутахассислари Урганч шаҳрининг «Хоразм» спорт мажмуасидаги ҳолат билан танишиб, муаммолар ва камчиликларни ҳал қилиш бўйича тавсиялар беришди. Стадионни август ойида ишга тушириш учун бир неча шарт ва талаб қўйилган.
Фото:Хоразм ФК матбуот хизмати
«Хоразм» спорт мажмуаси (собиқ «Олимпия» стадиони) 2015 йилдан бери футбол ўйинларини қабул қилмаяпти. «Хоразм» футбол клуби эса уй ўйинларини сунъий майдонда ўтказмоқда.
Ҳозирги вақтда стадионни ишга тушириш, вилоятнинг бош жамоаси иштирокидаги ўйинларни асосий аренага кўчириш масаласи кун тартибида турибди.
ПФЛ мутахассислари стадиондаги ҳолатни ўрганиб, бунга тўсқинлик қилувчи муаммо ва камчиликларни аниқлаб, амалга оширилиши шарт бўлган ишларни санаб ўтишган:
1. Ҳакамлар хонасида катта ойна, юмшоқ мебель, футбол майдони макети ҳамда музлатгич бўлиши;
2. Комиссар хонасида компьютер, принтер, телевизор бўлиши ҳамда интернет билан жиҳозланиши;
3. Жамоаларнинг кийим алмаштириш хонасида кондиционер, медицина кушеткаси, футбол майдони макети ҳамда ойна бўлиши;
4. Медицина хонаси биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур воситалар билан жиҳозланиши;
5. Футболчилар ҳамда ўйин расмийларининг техник зона орқали стадионга чиқиш ҳудуди хавфсизлик нуқтаи назаридан ёпиқ ҳолатда ҳимояланган бўлиши;
6. Техник зонадаги захира ўриндиқларини талаб этилган кўринишга келтириш;
7. Захира ҳаками ҳамда тиббиёт ходимларининг техник зонадаги фаолияти учун зарур анжомлар бўлиши;
8. Майдон периметри реклама панеллари билан безатилиши;
9. Мухлисларнинг стадионга кириш ва трибунага чиқиш жойлари хавфсизлик нуқтаи назаридан техник зонадан ажратилиши.
Шунингдек, майдон, майдонни суғориш ва ёритиш тизимларида айрим муаммолар аниқланган:
- Футбол майдонининг турли қисмларида камчиликлар бор. Агар тегишли чоралар кўрилмаса, майдон бир мавсумдан кейин зарарланиши мумкин.
- Майдон парвариши учун стадионга махсус техника зарур. Махсус техникасиз майдонни яхши ҳолатда ушлаб туриш имконсиз.
- Суғориш тизимидаги спринклерлар майдонни талаб этилган ҳажмда қамраб олмаяпти. Майдон яхши ҳолатда бўлиши учун автоматик суғориш тизимида баъзи ўзгаришларни амалга ошириш лозим.
- Прожекторлар майдонни 980 люкс ёруғлик нури билан ёритмоқда. Горизонтал ҳолатда бу кўрсаткич 1200 люксни ташкил қилади. Прожекторларда созлаш ишлари қайта амалга оширилиши керак.
Стадион бўйича хулосалар «Хоразм» футбол клубига тақдим этилган.
Футбол мавсумининг 2-даврасидан (август ойидан) бошлаб стадионда ўйинларни ўтказиш учун мана шу муаммо ва камчиликлар бартараф этилиши лозим.
Мавзуга оид
00:43 / 19.03.2026
Саудия Арабистонида замонавий технологиялар асосидаги улкан стадион қурилмоқда
17:47 / 24.02.2026
Урганч–Хива пулли автомобил йўли қурилиши бошланди
08:25 / 07.02.2026
Centrum Air'нинг Урганч—Тошкент рейсига 12 йўловчи “сиғмай” қолди
18:57 / 25.01.2026