Ўзбекистон | 16:55 / 22.01.2021
113337
4 дақиқада ўқилади

Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти қандай ташкил этилади?

Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтказиш тартиби қандай бўлади? Уйда ўтирган ҳолда тадбиркор бўлиш мумкинми? Якка тартибдаги тадбиркорлардан қандай солиқлар ундирилади? Шу каби саволларга Солиқ қўмитаси жавоб берди.

Фото: Fotolia / Antonio Gravante

Якка тартибдаги фаолият турини ташкил қилиш ва тадбиркорлардан олинадиган солиқ тўловлари ҳақида Давлат Солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Пўлат Давлатов маълумот берди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, якка тартибдаги тадбиркорлик (ЯТТ) фаолиятини ташкил қилиш учун Давлат хизматлари агентлиги марказларидан бирига бориш орқали ёки электрон шаклдаги интерактив хизматлар ёрдамида рўйхатдан ўтиш мумкин.

«Эндиликда тадбиркорлар давлат рўйхатидан ўтиши учун ортиқча ҳеч қандай ҳужжатлар талаб этилмайди. Тадбиркорлик фаолиятини ярим соат ёки узоғи билан бир соат муддатда рўйхатдан ўтказиб тадбиркорлик гувоҳномаси олиш мумкин», – деди Пўлат Давлатов.

Тадбиркорликни истаган шахс рўйхатдан ўтиш учун Давлат хизматлари марказига борадиган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баробари миқдорида давлат божи тўлаши, агар тадбиркор электрон шаклда мустақил рўйхатдан ўтмоқчи бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлаши белгиланган.

Якка тартибдаги тадбиркор(ЯТТ)лар қандай тартибда солиқ тўлайди?

I. Бир календар йили давомида ЯТТнинг олган даромади 100 миллион сўмгача бўлса, қатъий белгиланган тартибда солиқ тўлайди.

II. Бир календар йилида олган даромади 100 миллион сўмдан ошган, бироқ 1 миллиард сўмдан ошмайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар товар айланмасидан олинадиган даромад ҳисобидан солиқ тўлашга ўтказилади.

III. Бир календар йилида товарлар айланмасидан олинган даромади 1 миллиард сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар солиқларни юридик шахслар учун белгиланган тартибда тўлашга ўтказилади.

Маълумот учун, жойлашган жойи ва фаолият туридан келиб чиқиб, Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар учун алоҳида, вилоят марказидаги тадбиркорлар учун алоҳида ва чекка ҳудудлардаги тадбиркорлар учун алоҳида қатъий белгиланган солиқ ставкаси белгиланган.

ЯТТ лар учун қандай имтиёзлар берилган?

Мутахассиснинг хабар беришича, ЯТТлар фаолиятини бошлагандан кейин бир ой давомида солиқлардан озод этилади. Шунингдек, I, II гуруҳ ногиронлиги бўлган ЯТТлар белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи миқдорида солиқ тўлайди.

Агар ЯТТ 2 ёки ундан ортиқ фаолият тури билан шуғулланса (яъни бир пайтда ҳам чакана савдо, ҳам хизмат кўрсатиш) ҳар бири учун алоҳида алоҳида белгиланган қатъий ставкада солиқ тўлайди, аммо базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида умумий битта ижтимоий солиқ тўлаши белгиланган.

ЯТТ ўз фаолият туридан келиб чиқиб, 1 нафардан 3 нафаргача ишчи ёллаш имкониятига эгалиги, яъни чакана савдо билан шуғулланадиган тадбиркор 1 нафаргача, маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркор 3 нафаргача ишчи ёллаши мумкин.

Мутахассиснинг таъкидлашича, 2021 йилдан бошлаб киритилган ўзгаришларга асосан якка тартибдаги тадбиркордан солиқ агенти сифатида ёлланган ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (даромаднинг 12 фоизи миқдорида) ундирилади.

Маълумот учун, ҳозирда ЯТТ юзга яқин фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин. 2011 йил 6 январ кунидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорида якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари белгиланган.

Аввалроқ, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш мақсадида давлат органлари томонидан тадбиркорларни назорат қилишнинг аниқ 4 хил шакллари белгилаб берилиши,бундан ташқари тадбиркорлик фаолиятини назорат қилувчи органлар ва уларнинг назорат функциялари рўйхати шакллантирилиши маълум қилинганди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг охиригача ягона Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилиши ва кодексда тадбиркорликка оид лицензиялаш, рухсатнома бериш, ер ажратишга доир масалалар ҳам аниқ тартибда белгиланиши ҳақида маълумот берилганди.

Мавзуга оид