Иқтисодиёт | 14:34 / 03.04.2021
16135
3 дақиқада ўқилади

«8 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти 1 майга қадар қайта ҳисобот топширса жавобгарликка тортилмайди» — ДСҚ

 Қўшимча қиймат солиғини ноқонуний ҳисобга олиш фактлари тасдиқланган 8752та корхона 1 майга қадар қайта ҳисобот топширган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмайди.

Давлат солиқ қўмитаси 8752та корхонада ҚҚСни ноқонуний ҳисобга олиш фактлари тасдиқланганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, 2021 йил 2 апрелга қадар 574та «шубҳали» корхона контрагентлари томонидан 97 фоиз ҳолатда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачёт)га олиш факти тасдиқланган.

Шунингдек, қўмита жорий йилнинг 1 майига қадар, ушбу корхоналар томонидан асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бўйича ихтиёрий қайта ҳисобот топширган тақдирда мазкур корхоналар мансабдор шахслари маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмаслигини маълум қилди.

«Камерал солиқ текширувлари натижасида контрагентлар хатолари тасдиғини топган бўлса-да, тадбиркорлик субъектлари узлуксиз фаолият кўрсатишларига шароит яратиш мақсадида, камчиликларини тан олган 540та субъектга 65,5 млрд сўмлик бюджетга тўланиши лозим суммаларни жорий йил якунига қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашларига рухсат берилди», дейилади расмий хабарда.

Хабар қилинишича, жорий йилнинг 2 апрел ҳолатига республика бўйича жами 9 021та корхонада 1 337,5 млрд сўмлик асоссиз ҳисоб (зачёт)га олинган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаларига аниқлик киритиш бўйича камерал солиқ текширувлари якунланган.

Натижада:

  • 8 752та, яъни 97 фоиз корхонада (1 260,7 млрд сўм) «сохта» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланди;
  • шундан, 100 та, яъни 1,1 фоиз (23,5 млрд сўм) ташкилотда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачёт)га олиш факти қисман тасдиқланди;
  • 269та, яъни назорат тадбирлари ўтказилган 3 фоиз солиқ тўловчилар томонидан 53,3 млрд сўмлик ҚҚС суммасини тўғри ҳисоб (зачёт)га олганлик ҳолатлари бўйича асословчи ҳужжатлар тақдим этилди. Шу сабабли улардан ортиқча олинган маблағларни қайтариш бўйича тезкор жараёнлар бошланди.

 Март ойида ДСҚ 1,2 трлн сўмдан ортиқ ҚҚСни ноқонуний ҳисобга олиш фактлари тасдиқланганини маълум қилганди.

Aввалроқ «обналчи»лар иши юзасидан тадбиркорлар солиқ органини судга бергани ва 19 март куни биринчи суд мажлиси бўлиб ўтгани хабар қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, «обнал иши» 2021 йил феврал ойида бюджетга тўланмай келинган 1 триллион сўмга яқин маблағни ўрнига қўйиш мақсадида рўйхатга киритилган 396та солиқ тўловчи ва улар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорга талабнома юборилгач, бюджетга тўланмаган солиқ тадбиркорлар бўйнига илинган пайтдан бошланганди.

Мавзуга оид