Онлайн назорат касса машиналари учун мантиқсиз харажатлар: тадбиркорлар дардини ким тинглайди?
Онлайн назорат касса машинаси учун ойлик абонент тўлови даромади бундайроқ ўрта бизнес эгаларининг «қорнини оғритаётган» муаммолардан бирига айланиб улгурди. Аммо уларнинг мурожаатларини тинглайдиган ташкилот ҳозирча топилмаяпти.
Давлат солиқ қўмитаси «Бу хизмат кўрсатувчи ва тадбиркор ўртасидаги шартномавий муносабат, биз унга аралаша олмаймиз», дейишдан нарига ўтмаяпти.
Бу тадбиркорларни норози қилаётган қандай балоки, ундан қутулиб бўлмаса?
Ҳозир ҳеч бир соҳани электрон қурилмаларсиз тасаввур этиш қийин. Рақамли технологиялар, барча соҳаларда ўз ўрнини эгаллаб бормоқда.
Хусусан, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига татбиқ этилаётган онлайн касса аппаратлари тадбиркорларнинг ҳам, харидорларнинг ҳам вақтини тежаб, уларга яхшигина кўмак ҳам беряпти.
Аммо кўплаб тадбиркорларнинг ўринли ва асосли эътирозларига сабаб бўлаётган «танганинг иккинчи томони» ҳам мавжуд.
Онлайн назорат касса машинасини ўрнатиш бериш моҳиятан бир хизматдир. Аммо бир марта кўрсатилган хизмат учун ҳар ой ҳақ тўлаш мантиққа тўғри келадими?
Ойига ўртача 100 минг сўм харажат — кунига минглаб марта терминал орқали савдоларни амалга оширадиган, йирик савдо айланмасига эга тадбиркорлар учун аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Аммо, ўзи жўжабирдай жон бўлган савдо нуқталари ҳам айнан шу миқдордаги суммани тўлаши ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.
Наҳотки мана шу жиҳатларини юқорида ўтирган амалдорлар билмаса... Ёки билиб туриб билмасликка оладиларми?!
Ижтимоий тармоқларда ҳам онлайн назорат касса машиналарига тадбиркорлар томонидан қилинаётган ортиқча тўловлар юзасидан эътирозлар сони кундан кунга кўпаймоқда.
«Онлайн касса аппаратининг нархи — 3 миллион сўм. Олиш мажбурий! Банкка олиб бориб, терминал системасига улатиш — 350 минг сўм. Камига, аппаратни ишлатганинг учун ҳар ой 100 минг сўм «абонент тўлови» ҳам тўлайсан. Сенга тўзим берсин, шўрлик тадбиркор. Сотиб олган шахсий буюмингни ишлатганинг учун ҳам пул тўласанг-а! Бу қандай инновация бўлди экан», деб аччиқ алам билан ёзади тадбиркорлардан бири.
Амалдаги тартибларга кўра, тадбиркор хизмат кўрсатиш ёки савдо нуқтасида фойдаланаётган онлайн касса машинаси учун техник хизмат кўрсатиш маркази томонидан белгиланган тўловни тўлаши шарт. Бунда тўлов миқдорлари ҳар бир марказ томонидан мустақил равишда белгиланади. Масаланинг энг нозик нуқтаси ҳам аслида шу ерда.
Биз кундалик ҳаётимизда эҳтиёжларимиздан келиб чиқиб мобил алоқа компаниялари ёки интернет провайдерларидан фойдаланганимиз учун пул тўлаймиз. Тўланган пулга мос равишда бизга турли хил пакетлар тақдим қилинади. Ёки электр энергияси ва бошқа коммунал хизматларга ҳам тўловлар ишлатган миқдоримизга қараб белгиланади.
Тадбиркор онлайн касса аппаратини ўзи яхшигина пулга сотиб олса, ишлатиш учун интернет билан ҳам ўзи таъминласа, яна нима учун ҳар ой техник хизмат кўрсатилган ёки кўрсатилмаганидан қатъи назар, «техник хизмат кўрсатиш» учун ортиқча чиқим қилиши керак?!
Бу амалиёт «емаган сомсага пул тўлаш»га ўхшамаяптими? Ҳар қандай қурилма ҳам вақт ўтиб эскириши ва техник таъминлашга муҳтож бўлиши табиий. Касса аппаратларининг доимий ишлашидан тадбиркорларнинг ўзи ҳам манфаатдор. Бироқ, ҳар ойда эмас, қурилмада муаммолар юзага келгандагина кўрсатилган хизматга қараб пул тўланиши керак эмасми?
Масалан, биз мобил телефон харид қилганимизда унинг учун бир марта тўловни амалга оширамиз. Унга техник хизмат кўрсатилиши учун эса ойига пул тўламаймиз. Техник муаммо пайдо бўлса, юзага келган носозликдан келиб чиқиб, уста билан келишган ҳолда хизматига яраша тўловни амалга оширамиз.
Боз устига, ускуналар учун ойлик тўловлар қаердан ва қандай шаклланаётгани ва қайси асосга кўра белгиланиши, уларга ой давомида қандай хизматлар кўрсатилиши борасидаги маълумотлар ҳам очиқланмаган.
Қуйида таҳририятга мурожаат қилган яна бир тадбиркорнинг фикрларини келтириб ўтамиз:
«Онлайн назорат касса машиналари Ўзбекистонда 3 млн сўм атрофида сотилмоқда. Харид қилган ускуна нархига қўшимча равишда, унга кўрсатилган хизмат учун ҳам 200 минг сўм тўладим. Бироқ яна ҳар ойда 75 минг сўмдан тўлов тўлашга мажбур бўляпман. Онлайн ишлаши учун интернет билан ўзим таъминласам. Нега яна 75 минг сўм тўлашим керак. Солиқчилар биз тўлаган бу пуллар давлат ҳисобига тушмаслигини айтди», – дейди у.
Kun.uz мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси билан боғланди. Қўмита бош инспектори Неъмат Раҳмоновнинг айтишича, онлайн назорат касса машиналари 15 турда бўлиб, уларнинг ҳар бирига хизмат кўрсатувчи марказлар мавжуд. Аммо давлат уларнинг ишига аралаша олмайди.
«Онлайн назорат касса машинасига давлат эмас, тадбиркорлик субъектлари хизмат кўрсатади. Бу бўйича икки томон ўртасида шартнома тузилади. Ўша ҳужжатда қанақа суммага келишилган бўлса, 70 минг сўмданми ёки текинга хизмат кўрсатиладими, тузилган шартномага амал қилинади. Бу ерда қўмитанинг икки тадбиркорлик субъекти ўртасидаги келишувга аралашишга ҳаққи йўқ. Шартнома шартлари бажарилмаса, суд тартибида томонлар эътирозлари кўриб чиқилиши мумкин», – деди у.
«Тўғри, ускуналарга тўланаётган пуллар каттароқ ва биз ҳам бунга эътироз билдиряпмиз. Лекин улар хусусий фирмалар бўлгани учун тадбиркорлар ишига аралаша олмаймиз. «Қаранглар, тадбиркорларга қийинчилик бўлмасин, тўловни сал камайтиринглар», деяпмиз. Лекин бу уларнинг ихтиёрида», — дейди қўмита масъули.
Аввалроқ, қўмита вакили Ҳаётжон Насруллоев онлайн касса машиналарини бир марта ўрнатгани учун бир неча ой хизмат ҳақи олиш қонунга зидлиги ҳақида айтиб ўтганди:
«Онлайн назорат касса машиналарини ўрнатиш, ишлатиб кўрсатиш, ускунадан фойдаланишни ўргатиш, маҳсулотларни аппаратга жойлаб ишга тушириб бериш ҳақиқатда хизмат ҳисобланади. Лекин бу иш ҳар ойда эмас, фақатгина бир марта бажарилади. Кейинги ойларда ҳам тадбиркорлик субъектларидан тўлов талаб қилиниши қонунчилик талабларига умуман мос келмайди.
Техник хизмат кўрсатиш марказларига ҳам мазкур талаблар айтилган. Ҳар бир тадбиркорлик субъекти биринчи навбатда ўзига мос келадиган ОНКМни танлайди. Қолаверса, бу ерда техник хизмат кўрсатиш марказлари ёки ОНКМни ишлаб чиқарувчилар ҳам ўзининг сотаётган маҳсулоти ва кўрсатаётган хизматларнинг бозордаги қиймати қанчалик юқорилигидан келиб чиққан ҳолда мижозлари сонининг эртага камайиши ёки йўқолишидан ҳам хавотирда бўлади. Шунинг учун нарх сиёсатини тўғри кўриб чиқиш керак.
Кейинги босқичда тадбиркорлик субъектлари ўзига кўпроқ мижоз бўлишини истаса, ўзининг тарифлари ва нархларини имкон қадар арзон қилган ҳолда тадбиркорлик субъектларига кенг, қулай ва сифатли хизматлар яратиб бергани мақсадга мувофиқ», – деган Ҳаётжон Насруллоев.
Солиқ қўмитаси расмийларига кўра, онлайн назорат касса машиналари(ОНКМ) жорий қилинишига асосий сабаб аввал фойдаланилган назорат касса машиналари чекларида фақатгина умумий сумма бўлган холос. Яъни истеъмолчи нима товар сотиб олгани, унинг таркиби нималардан иборат экани кўрсатилмаган. Ҳозирги ОНКМнинг асосий талабларидан бири — берилган чекда маҳсулот таркиби, миқдори ва қанча қийматда сотилгани аниқ кўрсатиб ўтилади. Мабодо истеъмолчида қанақадир эътирозлар пайдо бўладиган бўлса, у чек билан бирга келган ҳолда ўзининг ҳуқуқларини талаб қилиш имконияти мавжуд.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси эса ушбу масалага қуйидагича изоҳ берган:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сон қарорининг 2-бандига мувофиқ, амалдаги қонунчилик талабларида онлайн назорат касса машиналари, виртуал касса ва фискал модулга техник хизмат кўрсатиш марказларининг хизматлари учун қўлланиладиган нархлари давлат томонидан тартибга солиниши назарда тутилмаган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон қарорига кўра, техник хизмат кўрсатиш маркази тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома асосида амалга ошириши кўрсатиб ўтилган.
Энди вазиятга яна бошқа томондан қараб кўрамиз.
«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига асосан, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўз товарларини (ишларини, хизматларини) бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишга ҳақли.
Техник хизмат кўрсатиш марказларининг хизматлари учун қўлланиладиган нархлари давлат томонидан тартибга солинмас экан, у ҳолда нима учун тадбиркорларнинг ушбу марказлар билан шартнома тузиши мажбурий қилиб қўйилган? Нима учун техник хизмат кўрсатилса-кўрсатилмаса унга ойлик пул тўланиши керак? Нима сабабдан иккинчи томоннинг манфаатлари ҳисобга олинмаган?
Охирги йилларда давлат раҳбари томонидан тадбиркорларга енгилликлар яратиш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммолар тизимли ҳал қилинди, мантиқсиз чекловлар олиб ташланди, солиқлар миқдори ҳам камайтирилди.
Бу норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинган, дея ўзини оқлашга ва масъулиятдан қочишга уринадиган амалдорларга бир воқеани эслатишни лозим топдик.
Ёдингизда бўлса хусусий бандлик агентликлари фаолияти қонунийлаштирилиб, ХБАларнинг иш қидирувчилар билан шартнома тузишда эркин эканлиги белгилаб қўйилган эди. Бунинг оқибатлари нималарга олиб келгани, минглаб фуқароларнинг миллиардлаб пуллари кўкка совурилганига ҳали кўп бўлгани йўқ.
Ана шунда давлат ўзи йўл қўйган хатони тузатди: энди ХБАлар ўз мижозлари билан исталган суммага шартнома қила олмайди, маълум чекловлар ва муайян талаблар бор. Шу билан бу соҳадаги беқарорлик ҳам барҳам топди, десак адашмаган бўламиз.
Демак, ҳамма нарсанинг имкони бор, тадбиркорларга қўшимча юк бўлаётган бу мантиқсиз ва айни пайтда назоратсиз тизимни ислоҳ қилиш зарур.
Тадбиркорлар ОНКМлар учун ҳар ойлик мажбурий абонент тўлови бекор бўлишини кутиб яшашмоқда.
Достон Аҳроров
Мавзуга оид
18:32 / 04.11.2024
Тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади
11:43 / 31.10.2024
Онлайн НКТ чекларини таҳрирлаш имконияти вақтинчалик чекланади - Солиқ қўмитаси
11:00 / 30.10.2024
Ўрта тадбиркорлик субъектлари 9 ойда қанча солиқ тўлагани айтилди
18:19 / 21.09.2024