Ўзбекистон | 17:26 / 11.02.2021
6401
3 дақиқада ўқилади

«Асосий омил – сайловчиларнинг хоҳиш-иродаси, қолганлари иккиламчи». Ўзбекистонда сайловлар октябрга кўчирилганига изоҳ берилди

Бугун, 11 февраль куни «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳиятига доир матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Марказий сайлов комиссияси котибият раҳбари Худоёр Маматов нима учун президент, парламент ва маҳаллий кенгашларнинг сайлов санаси октябр ойига кўчирилганига изоҳ берди.

«Бу борада халқаро тажрибалар ҳам ўрганилди. Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган қонуннинг концепция вариантида сайловларни март ойига кўчириш ҳақидаги таклиф ҳам бор эди. Фуқаролар билан ўтказилган семинар тадбирларимизда ҳам, оммавий ахборот воситалари орқали олган таклифларимизда ҳам март, май, август ва сентябр ойлари бор эди. Лекин фуқаролардан келган таклифларда сайловларни октябр ойида ўтказиш бўйича энг кўп - 70 фоиздан ортиқ таклифлар юборилгани учун шу ойга ўзгартирилди.

Об-ҳаво билан боғлиқ масала кичкина бир омил бўлиши мумкин. Асосий омил - Ўзбекистон сайловчиларининг хоҳиш-иродаси, қолганлари иккиламчи», – дея Худоёр Маматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Худоёр Маматов

Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 29 январ куни қабул қилинган ҳамда 5 феврал куни Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида маъқулланган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 8 феврал куни «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Қонун билан киритилаётган ўзгартишларга кўра, президентликка, парламентга, маҳаллий кенгашларга сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиладиган бўлди. Бунгача сайловлар декабр ойида ўтказилар эди.

  • Маълумот учун, президент сайловини Ўзбекистон фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширади. Ушбу лавозимга 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси сайланиши мумкин. Ўзбекистон президенти беш йил муддатга сайланади.

Мавзуга оид