Ўзбекистон | 16:45 / 26.07.2018
37926
5 дақиқада ўқилади

Эртага Марснинг «буюк рўпара туриш» кунида Ойнинг тўлиқ тутилиши кузатилади

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институтидан  хабар қилишларича, шу йилнинг 27 июли жумадан 28 июли шанбага  ўтар кечаси қизиқарли осмон ҳодисаси – Ойнинг тўлиқ тутилиши содир бўлади. Бу тутилиш Ўзбекистоннинг ҳудудининг хамма жойларида бошдан охиригача кузатилади.

Ой тутилишининг кўриниши харитаси (Википедия)

Ушбу ҳодисанинг рўй беришига сабаб — уч осмон жисми: Қуёш, Ер ва Ойнинг бир тўғри чизиқда жойлашиши ва Ер соясининг Ой сиртига тушишидир.

Тутилиш 27 июль куни бутун Ўзбекистон ҳудуди бир вақтда соат 23 дан 24 дақиқа ўтганда бошланади. Бунда Ер сояси Ой дискини секин-аста тўса бошлайди. Бир соатдан кейин, яъни 28 июль соат 00 дан 29 дақиқа ўтгач Ой сирти соя билан батамом қопланади, тутилишнинг тўла фазаси бошланади.

Бизга маълумки, Қуёш тутилганида Қуёш қисман ёки тўлиқ  кўринмай қолади. Ой тутилишида эса Ой бутун тутилиш давомида кўриниб туради. Фақат Ой соя ичида  ҳаракатлана бошлаганда у қизғиш-жигарранг тусда кўринади.

Тўла тутилиш фазасининг давомийлиги 1 соат 43 дақиқани ташкил қилади, яъни Ой 104 дақиқа давомида сояда бўлади. У соат 2 дан 13 дақиқа ўтганда соядан чиқа бошлайди, соат 3 дан 19 дақиқа ўтганда эса бутунлай соядан холи бўлади. Тутилишнинг умумий давомийлиги эса салкам 4 соат.

Тутилишни оддий кўз билан ҳам кузатиш мумкин. Агар бордию, сизда дурбин ёки кузатиш трубаси бўлса, Ой юзини яхшироқ кўришингиз ва ушбу астрономик ҳодисадан кўпроқ завқ олишингиз мумкин.

Охирги марта Ойнинг тўла тутилиши мамлакатимизда шу йилнинг 31 январь куни кузатилган эди. Бу сафар Ой Ер соясининг марказидан ўтиши билан ажралиб туради ва шунинг учун тутилиш давомийлиги нисбатан узоқ — 103 дақиқани ташкил этади. Охирги марта бунга ўхшаш тутилиш 2011 йилнинг 15 июнида содир бўлган эди. Унда тутилиш давомийлиги 1 соат 40 дақиқани ташкил қилган эди, яъни бу сафаргидан 3 дақиқага кам.

27 июль санасида яна бир ажойиб астрономик ҳодиса — Марснинг буюк рўпара туриши рўй беради.

Ойнинг ёнгинасида, 6 градус жануброқда сиз ёруғ қизғиш «юлдуз»ни кўрашингиз мумкин, бу Марс сайёрасидир. У кун сайин Ерга яқинлашиб келмоқда, 27 июлда Марс энг қисқа масофа — 57,5 млн километргача яқинлашади.

«Рўпара туриш» деб Марс «Ер–Қуёш» чизиғининг давомида Ер орбитасига энг яқин турган ҳолатига айтилади. Ер ва Марснинг яқинлашиши ҳар 2 йилда содир бўлади ва бу ҳолатда Марс бутун тун давомида кўриниб туради.

Агар рўпара туриш ёзнинг охирида рўй берса, бунда Марс ўзининг Қуёшга энг яқин нуқтаси — перигейдан ўтаётган бўлади ва Ер билан ўртадаги масофа 56–60 млн км ни ташкил этади. Бундай қарама-қарши туриш «буюк рўпара туриш», деб аталади. Бу ҳодиса 15 ёки 17 йилда бир марта такрорланади. Бундай ҳодиса охирги марта 2003 йилнинг 27 августида содир бўлган эди, у ҳақиқатдан ҳам Марснинг «жуда буюк» рўпара туриши эди, чунки унгача масофа 56 млн километрдан камроқ қийматни ташкил этган эди.    

Ҳатто мана шундай яқин масофадан ҳам осмонда Марсни юлдуздан фарқлаш анча қийин. 50 марта катталаштира олувчи телескоп ёрдамида унинг фақат дискини кўриш мумкин. Бироқ Марс сиртидаги канал ва тоғларни кўриш учун катталаштириши 500 ва ундан юқори бўлган телескоп зарур. Бундан ташқари кузатувни шаҳардан ташқари, атмосфераси чанг ва булутлардан холи бўлган, турбулентлик кам бўлган жойда ўтказиш лозим.

Ўзбекистондаги шундай жойлардан бири — бу Майданак тоғидир, у ерда Астрономия институтининг обсерваторияси фаолият олиб боради. Албатта, обсерватория Ой тутилиши ва Марснинг рўпара туришини кузатувлар режасига киритган ва тез кунларда институт сайти www.astrin.uz орқали бу ажойиб ҳодисаларнинг давомида олинган фотосуратлар билан таништирамиз.

Юсуф ТИЛЛАЕВ,

Фанлар академияси Улуғбек номидаги Астрономия институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, физик-математика фанлари номзоди

Мавзуга оид