Жамият | 09:43 / 11.06.2020
13693
6 дақиқада ўқилади

Юридик университет магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби ўзгариши мумкин

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом;

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом;

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига айрим тоифадаги абитуриентларни кириш тест синовларисиз қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидагилар инобатга олинади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Тошкент давлат юридик университети (ТДЮУ) магистратурасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали қабул қилинади;

масофавий, сиртқи ва кечки таълим шакллари бўйича ўқишга базавий олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда қабул қилинади;

базавий олий юридик маълумотга ҳамда давлат ҳокимияти ва марказий бошқарув органларида юридик йўналиш бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган раҳбар ходимларни ТДЮУ магистратурасига ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурлари бўйича ўқиши учун қабул қилиш тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсиясига кўра, кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида қабул параметрларидан ташқари амалга оширилади;

“Юриспруденция” таълим йўналиши бўйича бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчиларни ТДЮУ магистратурасига тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини юклаган ҳолда қабул қилиш тартиби жорий этилади;

базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида уч йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар ТДЮУ магистратурасига кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича адлия органлари ва муассасаларида, биринчи навбатда, юридик техникумларда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда ўқишга қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари билан тақдирланган абитуриентлар ТДЮУ магистратурасига давлат гранти асосида умумий ўқишга қабул қилиш параметрлари доирасидан ташқари танланган магистратура мутахассислиги бакалавриатнинг таълим йўналишига мос келган тақдирда, тест синовларисиз ўқишга қабул қилинадилар.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университети магистратурасига ўқишга кириш учун абитуриентлар Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Давлат тест марказининг веб-сайти орқали рўйхатдан ўтиш тартиби жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ўн беш кун муддатда ТДЮУ магистратурасига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларининг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилишини таъминлайди.

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан Тошкент шаҳридаги катта сиғимли биноларда ўтказилади.

Тест синовлари ҳар йили август ойининг 5-25 саналари оралиғида, қоида тариқасида, кунига икки сменада ўтказилади. Тест синовларини ўтказишнинг аниқ санаси ва жойи Давлат тест маркази томонидан ТДЮУ билан келишилган ҳолда белгиланади.

Абитуриентлар қабул комиссияси томонидан белгиланган мутахассислик ва чет тили (инглиз, немис, француз) фанлари бўйича тест синовини топширади.

Тест топшириқлари китоби 75 та саволни ўз ичига олади. Бунда абитуриентларнинг тегишли фанлар бўйича билимларини аниқлаш юзасидан тест топшириқлари мутахассислик фанларидан 50 тани, чет тили бўйича 25 тани ташкил этади.

Абитуриентга тест топшириқларини бажариш учун жавоблар варақасини тўлдириш билан биргаликда қуйидаги вақт меъёрлари белгиланади:

50 та саволга – 1 соат 40 дақиқа;

75 та саволга – 2 соат 30 дақиқа.

Тест синовлари бўйича абитуриент олиши мумкин бўлган максимал балл 207,5 баллни ташкил этади ва у тест синовлари ўтказиладиган фан бўйича қуйидагича тақсимланади:

мутахассислик фанлари бўйича – 155 балл (ҳар бир тўғри жавоб учун 3,1 балл);

чет тили – 52,5 балл (ҳар бир тўғри жавоб учун 2,1 балл).

Чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи В2 (бунда writing модулидан камида 18 балл) ва ундан юқори даражадаги давлат намунасидаги малака сертификатига ёки халқаро сертификатлардан IELTS (International English Language Testing System) бўйича 6.0 балл (бунда writing модулидан камида 6.0 балл) ва ундан юқори, TOEFL IBT (Test of English as a Foreign Language) бўйича 78 балл (бунда writing модулидан камида 21 балл) ва ундан юқори ёки TestDaF (Test Deutsch als Fremdsprache für ausländische Studienbewerber) бўйича ТDN4 ва ундан юқори, Тest de Connaissance du Français (TCF) бўйича 450 балл ва ундан юқори, Diplôme d'Etudes en Langue Française (DELF) B2 ва ундан юқори даражасига эга абитуриентлар чет тили фани бўйича тест синовини топширишдан озод қилинадилар ва уларга шу фан доирасида абитуриент олиши мумкин бўлган максимал балл қўшилади.

Абитуриентларнинг тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида, танлов асосида талабаликка тавсия этилгани ёки этилмаганлиги тўғрисидаги маълумот тест синовлари тўлиқ якунланиб, Давлат комиссияси қарори қабул қилингандан сўнг эълон қилинади.

Мавзуга оид