Ўзбекистон | 16:05 / 13.12.2020
16939
4 дақиқада ўқилади

«Робот ясаш мантиқий фикрлашни талаб қилади» — ёш робототехник билан суҳбат

Техника тараққий этгани сайин инсоният ўзи учун мураккаб вазифаларни технологиялар ёрдамида бажаришга одатланиб бормоқда. «Инсон омилисиз» атамаси ҳам луғатдаги оддий сўзга айланиб бўлди. Бунда албатта турли технологиялар ва роботлар муҳим ўрин тутади.

Ҳозир Ўзбекистонда ҳам роботлар ясаш ва уларни дастурлашни ўрганаётган болалар сони кўпайиб бормоқда. Шундай болалардан бир гуруҳи Олмазор туманидаги 233-мактабда фаолият юритувчи «Баркамол авлод» болалар марказида шуғулланишади.

Яна бир гуруҳи эса Юнусобод туманида, АКТга ихтисослаштирилган 9-мактабда, ўзи ҳам ҳали Бенков номидаги республика ихтисослаштирилган рассомчилик мактабида ўқиётган Ситора Исмоиловадан дарс олишади.

Болалар ясаган роботлардан бири рақсга туша олса, бири йўлларда тирбандлик юзага келганда «Тез тиббий ёрдам» кўрсатишни таклиф қилади. Яна бир лойиҳа эса почта жўнатмаларини юборилиши керак бўлган ҳудудларга қараб саралаб беради.

«Робототехникани ўргана бошлаганимга 3 ой бўлди. Мен биринчи ясаган робот бошқа роботлар билан кимўзарга мусобақалашадиган робот эди», – дейди ўқувчилардан бири Амир Исмоилов.

«Бу ерда ўзим хоҳлаган бирор нарсаларни ясай олишим ўзимга ёқади. Робототехникадан ташқари 3 йилдан бери дастурлашни ҳам ўрганяпман», – дейди бошқа бир ўқувчи Миродил Абдуназаров.

Уларга робототехника асосларини ўргатаётган Ситора Исмоилова робот ясаш учун болада қандай хусусиятлар бўлиши кераклиги ҳақида гапириб берди.

«Робототехника билан шуғулланиш учун биринчи навбатда мантиқ керак. Яъни ҳамма дастурий қурилмалар мантиқий топшириқ атрофида қурилади. Агар мантиқ бўлмаса, демак, робототехника ҳам йўқ. Бу шундай йўналишки, доим ўйлашга мажбур бўласиз.

Мантиқдан сўнг физика ҳам муҳим. Нима қандай ишлашини билиш учун принципларни билиш талаб этилади. Масалан, робот ниманидир тутиб тура олиши, олдинга ё орқага ағанаб кетмаслиги учун нима қилиш кераклигини билиш лозим.

Физикадан кейинги ўринда дастурлаш туради. Ҳаммамизга маълум бўлган информатикани эса чуқур билиш талаб этилади», – дейди Ситора Исмоилова.

Унинг айтишича, робототехникага оид асосий дарсларни онлайн тарзда олган ва соҳага қизиқиши ортган.

«Ҳаммаси қандай бошлангани ҳақида кичик ҳикоямни айтиб бермоқчиман. Бошида мен роботлар нималиги, қандай ишлаши ва нега кераклигини билмасдим. Ўшанда менга бир тўплам олиб келиб беришди. Унда: «Агар қизиқаётган бўлсанг, унда шуғуллан», деб ёзилган эди. Шундан сўнг мен бошлашга қарор қилдим.

Биз бошида акам билан шуғулландик. Ўшанда биз ким яхшироқ қила олишига мусобақалашардик. У кейинроқ ўз йўналишидан кетди, мен эса робототехникани яхшироқ ўрганишга қарор қилдим. Дастлаб, мен учун ҳаммаси хоббидек эди, лекин биринчи танловда совриндор бўлганимдан кейин мен бу мавзуни ва мураккаброқ воситалардан фойдаланишни чуқурроқ ўргана бошладим. Ҳозир эса билганларимни болаларга ўргатяпман», – дея ҳикоя қилади Ситора.

Робототехника билан шуғулланувчи болалардан бири Амирбек Мирзамуҳаммадовнинг айтишича, робот ясашдан олдин мавжуд муаммолар ўрганилади ва уларнинг қандай ҳал қилиниши бўйича ўз ечимлари акс этган робот лойиҳалар устида ишланади.

«Мақсадимиз – Ўзбекистондаги муаммоларни ҳал қилишга ва уларнинг ечимларини топишга ёрдамлашиш», – дейди Амирбек.

Kun.uz'нинг «Оптимист» рукни учун тайёрланган кўрсатувни юқоридаги видео орқали батафсил томоша қилишингиз мумкин. Рукндаги бошқа мақолалар билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Зилола Ғайбуллаева, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид