Дениз Акин айни пайтда 23 ёшда, у Тошкентда туғилиб ўсган. 2018 йилда Лондонга Брунел университетининг бакалавриат босқичи биотиббиёт ва генетика йўналишида ўқиш учун кетади. Ва шу даврдан унинг илм-фан дунёсига саёҳати бошланади.

Ўрганишдан чарчамайдиган Дениз университетдаги ўқишидан ташқари турли нуфузли ташкилотларда амалиёт ўташга ҳам вақт топади. У Ўзбекистонда Молекуляр тиббиёт ва ҳужайра технологиялари лабораторияси, Нобел фармацевтика, Республика Саратон марказида бир муддат ишлаб, амалиёт қилади. Туркияда Мёген генетик касалликлар ва диагностика марказида, Буюк Британияда эса GSKʼда (GlaxoSmithKline - инглиз фармацевтика компанияси) генетик токсикология соҳасида иш олиб боради.

Дениз ҳозирги кунда Бирлашган Қироллик – Уэлсдаги Суонси университетида саратонни эрта аниқлаш бўйича тадқиқот олиб боряпти. Унга эришган ютуқлари сабаб магистратурани ўқимасдан туриб докторантурада ўқиш имконияти берилган. Тадқиқотларини ҳимоя қилса, ватандошимиз Европанинг ривожланган давлатида тиббиёт ва соғлиқни сақлаш фанлари доктори (PhD) илмий даражасини олади.

Дениз “Микрофон қизларда” лойиҳасида ўзининг қандай қилиб тиббиётга қизиқиб қолгани, саратондан қўрқиш керак эмаслиги ҳақидаги муҳим маълумотлари билан бўлишди.

“Эртак китоблар ўрнига тиббий журналлар ўқиб беришган”

Мен Тошкент шаҳрида туғилиб ўсганман. Отамнинг миллати турк, у 90 йилларнинг бошларида иш учун бу ерга кўчиб келган ва Ўзбекистонда онам билан танишиб қолиб, оила қуришган.

Болалигим бошқаларники билан деярли бир хил ўтган. Кунларимнинг кўп қисмини маҳалламиз атрофида югуриб, қуёш ботгунча дўстларим билан ўйнаб ўтказардим. Аммо кечқурун мен учун куннинг энг севимли қисми эди. Сабаби, ҳар оқшом онам менга болалар тиббий журналларини ўқиб берарди. Уларнинг ҳар бири тананинг турли қисмлари ҳақида маълумот берар, унинг қандай ишлашини ва нима вазифа бажаришини тушунтирарди. Ўша пайтлари онам билан ўтган кечки мутолаа вақти мен учун энг севимли давр эди.