Ўзбекистон | 13:05 / 01.06.2026
8503
2 дақиқада ўқилади

Президент маданият ва санъат соҳаси вакилларини тақдирлади

Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат жамият маънавиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, соҳанинг 167 нафар илғор вакилини юксак мукофотлар билан тақдирлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маросимда давлат раҳбари мамлакат қудрати нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки унинг маънавияти, маданияти, адабиёти ва санъати билан ҳам белгиланишини қайд этди.

Президентнинг таъкидлашича, адабиёти бой, мусиқаси юракларга яқин, театри ҳаётий ва санъати жозибадор бўлган халқнинг овози дунёда баланд эшитилади. Шу боис Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида инсон қалбини тарбиялайдиган кенг маънавий макон шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда ёзувчи ва шоирлар, хонанда ва созандалар, бастакорлар, театр, кино ва цирк санъати намояндалари, бахшилар, аскиячилар, ҳунармандлар, рассомлар, музей ва кутубхона ходимлари ҳамда устоз-мураббийларнинг мамлакат маданий ҳаётидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, халқимиз маънавий меросига улкан ҳисса қўшган, бугун орамизда бўлмаган маданият ва санъат арбобларининг хотираси ҳам ёдга олинди. Уларнинг 24 нафари давлат мукофотлари билан вафотидан сўнг тақдирлангани маълум қилинди.

Маросим якунида президент мукофот соҳибларига фахрий унвонлар, орден ва медалларни тантанали равишда топшириб, уларни бутун халқ номидан табриклади ҳамда келгуси ижодий фаолиятига муваффақият тилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид