Ўзбекистон | 14:24 / 02.06.2026
1596
2 дақиқада ўқилади

Уч йилда кимё соҳасида 42 та йирик лойиҳа амалга оширилади

Ўзбекистонда кимё саноатини ривожлантириш доирасида келгуси уч йилда умумий қиймати 2,8 миллиард доллар бўлган 42 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган кимё саноатини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда қайд этилганидек, дунёда минерал ўғитларга бўлган талаб ҳар йили ўртача 5 фоизга ошиб бормоқда ва 2030 йилга келиб бозор ҳажми 260 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Айниқса, замонавий агротехнологиялар жорий этилиши сувда эрувчан ўғитларга бўлган эҳтиёжни кескин оширмоқда.

Инвесторлар билан олиб борилган музокаралар натижасида Қашқадарё вилоятида йиллик қуввати 230 минг тонна бўлган 114 миллион долларлик, Сирдарё вилоятида эса 400 миллион долларлик йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган.

Шунингдек, мамлакатдаги мавжуд минерал хомашё захираларидан самарали фойдаланиш орқали қўшилган қийматни бир неча баробар ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, серпентинит хомашёсини қайта ишлаш бўйича камида 200 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда маиший кимё маҳсулотлари соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мутасаддиларга камида 100 та янги бренд маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Белгиланган лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 2030 йилга бориб азотли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2,8 миллион тоннадан 4 миллион тоннага, фосфорли ўғитларни 400 минг тоннадан 900 минг тоннага ва сувда эрувчан ўғитларни 100 минг тоннадан 400 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид