Ўзбекистон | 18:18 / 31.10.2024
19450
8 дақиқада ўқилади

Озодбек Назарбеков ва Ҳилола Умарова вазирликдан кетиб, депутат бўлгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Парламентга сайланган депутатлар рўйхати эълон қилинди. Унда вазирлар йўқ.

Фотоколлаж / Манба

Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова лавозимини тарк этиб, депутатликни танлаганликлари ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда АОКА матбуот хизмати маълум қилди.

«Давлат рўйхатидан ўтган ОАВда Олий Мажлис қонунчилик палатасига депутатликка ЎзЛиДеПдан номзоди қўйилган Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда «Миллий Тикланиш» партиясидан номзод, Маданият вазири Озодбек Назарбековларнинг лавозимларидан кетганликлари ва депутатликни танлаганлари тўғрисида ёритилган асоссиз хабар ижтимоий тармоқлардаги каналлар орқали тарқатилмоқда.

Мазкур хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини ҳамда мутасадди лавозимда бўлган депутатликка номзодлар ҳақида тегишли маълумотлар Марказий сайлов комиссияси ёки партияларнинг расмий саҳифаларида хабар берилишини маълум қиламиз», дейилади хабарда.

Шу куни Марказий сайлов комиссиясининг бир мандатли сайлов округи ҳамда ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатасига партиялар рўйхати асосида сайланган депутатларни рўйхатга олиш тўғрисида қарори қабул қилинди

Бир мандатли сайлов округларида сайланган депутатлар рўйхатида вазирлар йўқ. Бу эса партиялар рўйхатидаги вазирлар ва бошқа раҳбарлар мандатидан ихтиёрий воз кечишганини англатади.

Рўйхатга кўра, бешта партия раислари – ЎзЛиДеП партияси раиси Актам Ҳайитов, «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров, Экология партияси раиси Абдушукур Ҳамзаев, Халқ-демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов ҳамда «Адолат» СДП раиси Робахон Маҳмудова депутат этиб сайланган. Шунингдек, Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов (ХДП), унинг ўринбосари Акмал Саидов («Миллий тикланиш»), Наримон Умаров («Адолат»), Борий Алиханов (Экопартия) ҳам ягона сайлов округи бўйича депутат этиб сайланган. 

Айрим сенаторлар депутатликка ўтган, шунингдек, президент администрацияси ходимлари орасидан ҳам депутат бўлганлар бор. Хусусан, Ўзбекистон президентининг ижтимоий-сиёсий ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов ЎзЛиДеп рўйхати бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган.

Сайлов якунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашларига сайловларда жами 15 млн 27 минг 529 нафар сайловчи овоз берди. Бу сайловчилар умумий сонининг 74,72 фоизини ташкил этади.

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 31 октябр куни бўлиб ўтган мажлисида Сайлов кодексига мувофиқ, парламент қуйи палатасига сайлов якунлари кўриб чиқилди ва бир мандатли сайлов округларидан сайланган 75 нафар ҳамда ягона сайлов округидан партия рўйхати асосида сайланган 75 нафар, жами 150 нафар депутат рўйхатга олинди.

Ягона сайлов округи бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови натижалари бўйича:

  1. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – 26 та;
  2. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси – 14 та;
  3. Ўзбекистон Экологик партияси – 10 та;
  4. Ўзбекистон Халқ демократик партияси – 13 та;
  5. Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси – 12 та депутатлик ўрнига эга бўлди.

Бир мандатли сайлов округлари бўйича Қонунчилик палатасига сайланган 75 нафар депутатлар таркибининг партиявий мансублиги қуйидагича:

  1. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – 38 нафар;
  2. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси – 15 нафар;
  3. Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси – 9 нафар;
  4. Ўзбекистон Халқ демократик партияси – 7 нафар;
  5. Ўзбекистон Экологик партияси – 6 нафар депутат этиб сайланди. 

Депутатликка номзодларга ва партияларга берилган овозлар бўйича Қонунчилик палатасига сайланган жами 150 нафар депутатлар таркибининг партиявий мансублиги қуйидагича:

  1. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан – 64 та ўрин ёки 42,7 фоиз;
  2. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан – 29 та ўрин ёки 19,3 фоиз;
  3. Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан – 21 та ўрин ёки 14 фоиз; 
  4. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан – 20 та ўрин ёки 13,3 фоиз;
  5. Ўзбекистон Экологик партиясидан – 16 та ёки 10,7 фоиз ўрин эгаллади.

Мажлисда Қонунчилик палатасига сайлов натижаларига кўра, парламент қуйи палатаси таркиби қарийб 60 фоизга янгилангани қайд этилган.

Қонунчилик палатасига янгидан сайланган депутатларнинг сифат таркиби қуйидагича:

Сайланган депутатларнинг 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этиб, бу Ўзбекистон тарихида энг юқори кўрсаткич бўлди.

Депутатларнинг 2 нафари – 30 ёшгача, 38,6 фоизи – 30 ёшдан 45 ёшгача, 46,6 фоизи – 45 ёшдан 60 ёшгача, 13,3 фоизи – 60 ёшдан катталарни ташкил этади.

Мамлакатимизда яшаётган бошқа миллат вакиллари сайланган депутатларнинг 12,7 фоизини ташкил қилади. Шу жумладан, улардан 5 нафари рус, 3 нафардан қозоқ ва тожик, 2 нафари корейс, 1 нафардан туркман ва қирғиз миллатига мансуб.

Депутатларнинг барчаси олий маълумотли бўлиб, уларнинг 15 фоизи хорижий давлатларда таҳсил олган.

Уларнинг 30 фоизи – иқтисодчилар, 22 фоизи – ҳуқуқшунослар, 18,7 фоизи – педагоглар, 12 фоизи – муҳандислар, 9,3 фоизи – тиббиёт соҳаси вакиллари, 8 фоизини эса – маданият соҳаси вакиллари, тадбиркор ва фермерлар ташкил этади.

Депутатларнинг 35 фоизи илмий даражага эга.

Илк бор 3 нафар ногиронлиги бор шахслар депутат этиб сайланди.

Ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан ҳам маҳаллий Кенгашлар сайловларининг якунлари чиқарилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)лар Кенгашларига сайлов натижаларига кўра, маҳаллий Кенгашлар таркиби 59,2 фоизга янгиланди.

Янги сайланган депутатларнинг 32,6 фоизи хотин-қизларни ташкил қилди.

Депутатларнинг 4 фоизи – 30 ёшгача, 39,5 фоизи – 30 ёшдан 45 ёшгача, 40,8 фоизи – 45 ёшдан 60 ёшгача, 15,7 фоизи – 60 ёшдан катталарни ташкил этади.

Мамлакатимизда яшаётган бошқа миллат вакиллари сайланган номзодларнинг 11,2 фоизини ташкил қилади. Шу жумладан, улардан 175 нафари тожик, 111 нафари қозоқ, 33 нафари туркман, 29 нафари рус, 21 нафари қирғиз ва бошқа миллатга мансуб.

Депутатларнинг 93,3 фоизи олий маълумотли бўлиб, уларнинг 36,2 фоизи – педагоглар, 18,2 фоизи – иқтисодчилар, 13 фоизи –муҳандислар, 7,6 фоизи – шифокорлар, 5 фоизи – ҳуқуқшунослар, 20 фоизини – маданият соҳаси вакиллари, тадбиркор ва фермерлар ташкил этади.

Номзодларнинг 4,4 фоизи илмий даражага эга.

138 нафар ногиронлиги бор шахслар маҳаллий Кенгашлар депутати этиб сайланди.

Шунингдек, мажлисда Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг гувоҳномаси ва кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлашга оид масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Мавзуга оид